Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 33 / Олий мажлис қонунчилик палатасида

Кимлар кичик кохона ҳисобланади?

  • · Компанияни кичик бизнес субъектлари жумласига киритиш учун ходимларнинг ўртача йиллик сонини қандай ҳисоблашимиз керак бўлади?
  • · Йил мобайнида ходимлар сони ўзгариб туради. Баъзи ойларда улар сони 200 кишига етади, баъзан эса 10 кишини ташкил этади.
  • · Корхонамиз йил ўртасида ягона солиқ тўловини тўлашга ўта оладими?

 

Компаниямиз жорий йилнинг июлида ташкил этилган. Асосий фаолият ту-
ри – ишлаб чи
қариш. Компанияни кичик бизнес субъектлари жумласига киритиш учун ходимларнинг ўртача йиллик сонини қандай ҳисоблашимиз керак бўлади: ходимлар сонини 6 ойга бўламизми ёки 12 га?

 

– Компания кичик бизнес субъектлари тоифасига киришини билиш учун унинг ходимлари ўртача йиллик сонини аниқлаш лозим, у ўз навбатида компания рўйхатдан ўтказилган ойдан бошлаб жорий йил охиригача, яъни 6 ой (июль–декабрь) учун ходимларнинг ўртача ойлик сонини қўшиш йўли билан аниқланади, кейин ходимларнинг ўртача йиллик сонини олиш учун у 12 ойга бўлинади.

Юридик шахсни кичик бизнес тоифасига киритиш Вазирлар Маҳкамасининг «Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясини тасдиқлаш тўғрисида» қарорига (11.10.2003 йилдаги 439-сон) асосланиб амалга оширилади.

                    * * *

Корхона 2012 йил якунлари бўйича чакана савдога ихтисослашган корхона ҳисобланган ва бир неча савдо шохобчасига эга бўлган. Корхонада 115 киши ҳисобга олинган. 2013 йилда омборхоналарни ижарага бериш ва воситачилик хизматлари кўрсатиш сингари янги фаолият турлари йўлга қўйилди. Биринчи ва иккинчи чорак якунлари бўйича корхонанинг асосий фаолият тури бўлиб воситачилик хизматлари ҳисобланади. Корхонамиз йил охиригача ягона солиқ тўлови тўлашга, 2014 йил 1 январдан эса умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишга ҳақлими?

 

– Солиқ кодекси (СК)нинг 350-моддасига кўра ходимларнинг сонидан қатъи назар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари ягона солиқ тўловини тўлайдилар.

Солиқ солиш мақсадида савдо ва умумий овқатланиш корхоналари жумласига тегишинча, савдо фаолияти, умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият ўтган ҳисобот йили якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлган юридик шахслар киради.

СКнинг 352-моддасида назарда тутилишича, ўтган йил якунлари бўйича асосий (соҳа) фаолият тури савдо фаолияти ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият бўлган юридик шахслар ушбу ҳисобот йили бошидан бошлаб ягона солиқ тўловини тўлаши керак.

Бинобарин, корхонангизда 2013 йилда ЯСТ тўлаш ҳуқуқи сақланади, чунки 2012 йил якунлари бўйича савдо фаолияти асосий фаолият тури бўлган.

Бунда, 25.12.2012 йилдаги ЎРҚ-343-сон Қонун билан СКнинг 352-моддасига киритилган ўзгартиришларга кўра, агар ягона солиқ тўлови тўловчиларда жорий солиқ даврининг кетма-кет келувчи 2 чораги давомида савдо фаолияти ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият асосий фаолият тури бўлмаса, улар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишга ҳақлилар.

Жорий йилнинг кетма-кет келувчи 2 чорагида корхонангизнинг асосий фаолият тури савдо фаолияти ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият ҳисобланмаслигини инобатга олиб, сиз солиқ органларига умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиш тўғрисида ёзма хабарнома тақдим этишга ҳақлисиз.

Агар корхонангиз ДСИга умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиш тўғрисида ёзма хабарнома тақдим этмаган, балки 2013 йил охиригача ягона солиқ тўловини тўлаган, бироқ савдо фаолияти ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият йил якунлари бўйича устун тур ҳисобланмайдиган ва ходимларнинг сони микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ходимлар сони мезонига мувофиқ бўлмаган тақдирда сиз 2013 йил учун умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар асосида ЯСТ бўйича қайта ҳисоб-китобни тақдим этишингиз керак. Умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиш тартиби СКнинг 351-моддасида назарда тутилган.

Агар корхонангизда йил якунлари бўйича асосий фаолият тури бўлиб савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият ҳисобланмаса, бироқ ходимлар сони бўйича у мик­рофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига мувофиқ келса (ходимларнинг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатлари билан белгиланган чегарадан ошмаса), у ҳолда сиз йил якунлари бўйича (1 февралга қадар) солиқ органларини солиқ солиш тизимини танлаш тўғрисида ёзма равишда хабардор қилишингиз керак. Мазкур ҳолда ўтган йил бўйича бюджет билан қайта ҳисоб-китоб амалга оширилмайди.

                 * * *

Компаниямиз ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланади, бироқ йил мобайнида ходимлар сони ўзгариб туради. Баъзи ойларда улар сони 200 кишига етади, баъзан эса 10 кишини ташкил этади. Бунинг устига компаниямиз кўп йўналишли фаолиятга эга. Қонун ҳужжатлари билан ходимлар сони 100 кишигача бўлиши назарда тутилган фаолият турлари мавжуд, бошқа турлар учун 25 киши белгиланган.

Ходимларнинг ўртача сонини қандай ҳисоблаймиз ва агар, биз савдо фаолияти ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолиятни амалга оширмасак, кичик корхоналар тоифасига кириш-кирмаслигимизни қандай қилиб белгилаймиз?

Бухгалтер.

 

– Солиқ кодекси (СК)нинг 350-моддасига кўра микрофирмалар ва кичик корхоналар жумласига ходимларининг сони бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган мезонга мос келадиган юридик шахслар киради. Бунда:

ходимларнинг сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади;

ходимларнинг ўртача йиллик сонини аниқлашда ўриндошлик, пудрат шартномалари ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинган ходимларнинг, шунингдек унитар (шуъба) корхоналарда, ваколатхоналар ва филиалларда ишлаётганларнинг сони ҳам ҳисобга олинади;

юридик шахсларни микрофирмалар ва кичик корхоналар тоифасига киритишда юридик шахснинг асосий фаолият (ихтисослиги) турига тўғри келадиган ходимлар сонининг мезони қабул қилинади.

Ходимларнинг ўртача йиллик сонини белгилаш учун ходимларнинг йил мобайнидаги ўртача ойлик сонини ҳисобга олиш лозим. Ходимларнинг ўртача ойлик сони ходимларнинг ҳар кунги сони суммасидан келиб чиқиб белгиланади, бунда ўриндошлик, пудрат шарт­номалари ва фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича ишга қабул қилинганлар, шунингдек унитар (шуъба) корхоналар, ваколатхоналар ва филиалларда ишловчилар улар жумласига киритилади, ушбу сумма ойнинг календарь кунларига бўлинади. Дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунлардаги ходимлар сони бундан олдинги иш кунидаги ходимларнинг рўйхат сонига тенг деб қабул қилинади.

Сўнгра барча ойлар учун ўртача ойлик сонини қўшиш ва уни 12 га (йилдаги ойлар сонига) бўлиш йўли билан ходимларнинг ўртача йиллик сони белгиланади.

Кейин корхонанинг асосий фао­лият тури белгиланади. Юридик шахс­нинг асосий фаолият тури – ҳисобот даври якунлари бўйича умумий реа­лизация қилиш ҳажмидаги тушум улуши устунлик қиладиган фаолиятидир (СКнинг 22-моддаси).

Асосий фаолият тури ҳам, ходимларнинг ўртача йиллик сони каби, ҳисобот даврининг эмас, балки йилнинг якунлари бўйича белгиланади.

 

МИСОЛ. Корхонада йил учун ходимларнинг ўртача ойлик сони суммаси – 804 киши (120 + 100 +25 + 35 + 70 + 10 + 200 + 60 + 50 +
25 + 44 + 65). Тегишинча, ходимларнинг ўртача йиллик сони 67 киши (804 / 12) ташкил
қилади.

Йил якунлари бўйича асосий фао­лият тури бўлиб қувурлар ишлаб чиқариш ҳисобланади. Корхонани ушбу фаолият тури бўйича кичик бизнес субъектларига киритиш учун ходимларнинг ўртача йиллик сони 100 киши деб белгиланган.

Шу тариқа, мазкур корхона кичик корхоналар тоифасига киради ва олдинги йил учун ягона солиқ тўловини тўлашга ҳақлидир.

Агар ушбу корхонанинг асосий фаолият тури бўлиб йил якунлари бўйича, масалан, воситачилик хизматлари кўрсатиш ҳисобланса, улар учун ходимларнинг ўртача йиллик сони 25 киши қилиб белгиланган, ходимларнинг ўртача йиллик сони 67 киши бўлган мазкур корхона кичик корхоналар тоифасига кирмайди ва олдинги йил учун ЯСТ тўлаш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Ушбу ҳолда корхона СКнинг 351-моддасида назарда тутилган тартибда умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар асосида ягона солиқ тўлови бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиши керак.

                    * * *

Корхонамиз (ягона солиқ тўлови тўловчиси)нинг асосий фаолият тури бўлиб газли сув тайёрлаш ҳисобланади. Ёз мавсумида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун қўшимча ишчилар талаб қилинади. Шу даврда ҳам ходимлар сони кичик корхоналар учун белгиланган мезондан ошади. Бироқ умуман йил учун ходимларнинг умумий ўртача йиллик сони 88 кишини (газли сув тайёрлаш учун – 100 киши) ташкил қилади.

Ўртача йиллик сон нормада бўлганда корхонамиз ходимлари сони қонун ҳужжатлари билан белгиланган чегарадан ошадиган  мавсумий давр учун ЯСТ тўлашга ҳақлими?

 

– Йил якунлари бўйича ходимларнинг ўртача йиллик сони қонун ҳужжатлари билан кичик корхоналар учун белгиланган чегарадан ошмаганлигини эътиборга олиб, корхонангиз ягона солиқ тўловини қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда, йил ўртасида ходимлар сони ошган бўлишидан қатъи назар, тўлашга ҳақлидир.

Бироқ агар ходимлар сонининг йўл қўйиладиган чегараси йил якунлари бўйича оширилган бўлса, корхона олдинги ҳисобот йили учун СКнинг 351-моддасида назарда тутилган тартибда умумбелгиланган солиқларга оид ҳисоб-китоблар асосида ЯСТ бўйича ҳисоб-китоб қилиши керак.

                   * * *

Корхонамиз ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланади. Асосий фаолият тури – тикув буюмлари ишлаб чиқариш. Ходимларнинг ўртача йиллик сони 90 кишини ташкил қилади, бу эса қонун ҳужжатлари билан енгил саноатнинг кичик корхоналари учун белгиланган мезонга (100 киши) мувофиқ келади.

Жорий йилнинг май ойидан бошлаб тикув буюмларини ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида уйда ишлайдиган 25 кишини (касаначи) ишга жойлаштиришга қарор қилинди. Ҳисоб-китоб чоғида касаначиларнинг ўртача йиллик сони ҳисобга олинадими? Касаначилар ҳисобига ходимлар сони кўпайганда биз ЯСТ тўлашда қолишга ҳақлимизми?

 

– Уйда ишлайдиган шахслар (касаначи) ходимлар таркибига киритилади ва ходимларнинг ўртача йиллик сонини ҳисоблашда иштирок этадилар.

Президентнинг «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига (15.05.2009 йилдаги ПҚ-1112-сон) мувофиқ, кичик корхона ўз уйларида ишлаётган (касаначилик билан шуғулланаётган) фуқаролар билан, қонун ҳужжатларида белгиланган ходимлар сонининг чекланган нормативидан кўпи билан 30 фоиз ошган миқдорда меҳнат шарт­номалари тузганда, кичик корхоналар учун назарда тутилган кафолатлар, имтиёзлар ва преференциялар мазкур корхона учун сақланиб қолади.

Мазкур меъёрни қўллаш учун корхона бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб бериши керак:

унинг ходимлари ўртача йиллик сони, касаначиларни ҳисобга олмаганда, қонун ҳужжатлари билан белгиланган кичик корхона мезонига мувофиқ келиши керак;

касаначилар сони қонун ҳужжатлари билан белгиланган ходимлар сонининг юқори меъёрининг 30%идан ошмаслиги керак.

Шу тариқа, агар йил якунлари бўйича қонун ҳужжатлари билан белгиланган ходимлар сонининг чегараси касаначилар ҳисобига ошиши 30%дан кўпни ташкил этмаса (сизнинг ҳолатингизда – 30 киши), мазкур корхона ягона солиқ тўловини тўлашга ҳақли.

Агар йил якунлари бўйича ходимлар сони энг юқори меъёрдан ошса, бироқ ошиш ҳам касаначилар ҳисобига, ҳам уйда ишламайдиган шахслар ҳисобига амалга оширилса, корхона ЯСТ тўлаш ҳуқуқини йўқотади ва олдинги ҳисобот йили учун бюджет билан умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китобни СКнинг 351-моддасида назарда тутилган тартибда амалга ошириши шарт.

Шу муносабат билан корхонада фаолият юритаётган ходимлар ва уйда ишлайдиган шахслар алоҳида-алоҳида ҳисобланиши лозим.

 

1-МИСОЛ. Ходимларнинг ўртача йиллик сони – 126 киши, шундан 38 нафари касаначи. Кичик корхоналар тоифасига киритиш учун ишлаб чиқариш соҳасида ходимларнинг энг юқори сони 100 киши деб белгиланган.

Мазкур корхона кичик корхоналар тоифасига киради, чунки ошган чегара 30%дан камни ташкил қилади (яъни ошиш 26 кишини ташкил этади, бу эса 30 кишидан оз), шунингдек касаначиларни ҳисобга олмаганда ходимлар сони 88 кишини (126 – 38) ташкил этади, яъни ходимлар сонининг қонун ҳужжатлари билан белгиланган мезонидан (100 киши) ошиши касаначилар ҳисобига юзага келган.

 

2-МИСОЛ. Ходимларнинг ўртача йиллик сони 126 кишини ташкил қилади, бунга 18 нафар касаначилар ҳам киради. Ишлаб чиқариш соҳасида кичик корхоналар тоифасига киритиш учун ходимларнинг энг юқори сони 100 киши деб белгиланган.

Мазкур корхона кичик корхоналар тоифасига мувофиқ келмайди, чунки энг юқори меъёр 30%дан кўпга бўлмаса-да оширилган, бироқ касаначиларни ҳисобга олмаганда ходимларнинг сони 108 кишини
(126 –18) ташкил этади, бу эса
қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг юқори сондан 8 кишига кўпдир.

 

3-МИСОЛ. Ходимларнинг ўртача йиллик сони 132 кишини ташкил қилади, шундан 35 нафари касаначи. Ишлаб чиқариш соҳасида кичик корхоналар тоифасига киритиш учун ходимларнинг энг юқори сони 100 киши деб белгиланган.

Мазкур корхона ҳам кичик корхоналар тоифасига мувофиқ келмайди, чунки ходимлар сони касаначиларни ҳисобга олмаганда 97 кишини (132 – 35) ташкил этишига қарамай, касаначилар сони 30%дан ошади.

                   * * *

Қурилиш корхонамиз ходимлар сонига кўра жорий йил бошида йирик корхоналар тоифасига кирган, тегишинча, умумбелгиланган солиқларни тўлаган. Шу йилнинг февралидан бошлаб ходимлар сони қисқара бошлади ва май ойида 25 кишини ташкил қилди, натижада эса қонун ҳужжатлари билан белгиланган мезонга мувофиқ бизни кичик корхоналар жумласига киритиш мумкин бўлди (қурилиш соҳасида энг юқори меъёр 50 кишидан ошмайди). Мазкур миқдор йил охиригача сақланади. Яъни 2013 йил учун ходимларнинг ўртача йиллик сони ҳисоб-китобида корхонамиз микрофирмалар ва кичик корхоналар учун белгиланган миқдорга мувофиқ бўлади.

Агар ҳисобот йили якунлари бўйича корхонамиз микрофирмалар ва кичик корхоналар мезонларига мувофиқ бўлса, корхонамиз йил ўртасида ягона солиқ тўловини тўлашга ўта оладими?

 

– СКнинг 351-моддасига мувофиқ микрофирма ва кичик корхоналар, бундан оилавий корхоналар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари, шунингдек лотереяларни ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга ошириш доирасида юридик шахслар мустасно, ягона солиқ тўловини тўлашни назарда тутадиган солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини ёки умумбелгиланган солиқлар тўлашни танлашга ҳақли.

Фаолият кўрсатаётган микрофирма ва кичик корхоналар ЯСТни тўлашга ўтиш учун кейинги ҳисобот даври бошланишига камида 1 ой қолганда, янги ташкил этилган микрофирма ва кичик корхоналар эса, давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан 15 кундан кечиктирмасдан солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органини ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиши тўғрисида Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган шаклда ёзма равишда хабардор этади.

СКнинг 350-моддасига кўра мик­рофирмалар ва кичик корхоналарга, хусусан, ходимлар сони бўйича қонун ҳужжатлари билан белгиланган мезонга мувофиқ келадиган юридик шахслар киради. Бунда ходимлар сони ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиқиб белгиланиши назарда тутилган.

Шу тариқа, мазкур корхона жорий ҳисобот йили мобайнида ке­йинги ҳисобот даври бошланишига кўпи билан 1 ой қолганда, ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига тасдиқланган шаклда тақдим этиладиган ёзма хабарнома асосида ягона солиқ тўловини тўлашга ўта олади.

Агар йил якунлари бўйича мазкур корхона қонун ҳужжатлари билан кичик корхона учун белгиланган мезонга мувофиқ келмаса, у кейинги ҳисобот йилидан бошлаб, йиллик молиявий ҳисобот топшириш муддатидан кечиктирмай, солиқ органларига тақдим этиладиган ёзма хабарнома асосида умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтиши керак.

Бунда олдинги ҳисобот йилида ЯСТ тўлаш ҳуқуқини йўқотган ягона солиқ тўлови тўловчилари ягона солиқ тўловини умумбелгиланган солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар асосида қайта ҳисоб-китоб қиладилар.

 

МИСОЛ. Қурилиш ташкилотида жорий йил бошида 110 киши ҳисобда бўлган. Мазкур ташкилот ходимлар сони бўйича йирик корхоналар тоифасига кирганлиги боис, тегишинча, у умумбелгиланган солиқлар тўловчиси ҳисобланган. Мартдан бошлаб ходимларнинг ўртача ойлик сони 85 кишигача қисқарди, апрелда ходимлар 50 киши, майда 30 киши, июнда 25 киши бўлиб қолди, йил охирига қадар у шу даражада сақланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 11.10.2003 йилдаги 439-сон қарори билан тасдиқланган кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига кирадиган корхоналар ва ташкилотлар классификациясига кўра қурилишда ходимларнинг сони 50 кишидан ошмаслиги керак.

Шу тариқа, мазкур ташкилотда жорий ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сони 47 кишини ташкил қилади [(110 + 110 + 85 + 50 + 30 + 25 х 7 ой) / 12], тегишинча, жорий йилда у кичик корхоналар тоифасига киради, бу эса унга ушбу йил мобайнида ягона солиқ тўловини тўлашга ўтиш ҳуқуқини беради.

Дилшод СУЛТОНОВ,

экспертимиз.

Прочитано: 12966 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика