12 августда «Пойтахт» бизнес марказида Ўзбекистон Бюджет кодексининг тақдимоти ва муҳокамаси бўлиб ўтди. Унинг лойиҳаси устида манфаатдор идоралар мутахассислари ва мустақил экспертлардан иборат идоралараро ишчи гуруҳ ишлади.
Учрашувнинг асосий мақсади ҳамкор халқаро ташкилотларига Бюджет кодекси лойиҳасини тақдим этиш, унинг асосий қоидалари ва янгиликларини халқаро меъёрлар ва стандартларга мувофиқлиги борасида муҳокама қилиш бўлди.
Кейинги 10 йил мобайнида республика ҳукумати донор ҳамжамият билан яқиндан ҳамкорликда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини муваффақиятли амалга оширишни таъминлаш мақсадида давлат молиясини бошқариш тизимини ислоҳ қилишни ўтказиб келяпти.
– Бюджет кодекси барча манфаатдор тарафларни бюджет тизими ва бюджет жараёни тўғрисидаги кенг қамровли ҳамда ишончли ахборот билан таъминлаши керак, – деб қайд этди ўзининг нутқида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари Баҳром Юсупов. – Бу ахборот Давлат бюджетини ишлаб чиқиш ва ижро этиш билан шуғулланаётган ҳукумат учунгина эмас, балки Олий Мажлис, маҳаллий ҳокимият органлари, бюджет ташкилотлари ва барча фуқаролар учун ҳам муҳимдир. Чунончи, минтақаларда Бюджет кодекси ресурсларни қайта тақсимлаш ва уларнинг даромад салоҳиятини мустаҳкамлашнинг барқарор ҳамда самарали механизмини таъминлаши керак. Бюджет ташкилотлари учун бу – бюджетларни тузиш ва ижро этиш ҳамда улар олдига қўйилган вазифаларни бажаришнинг аниқ ва равшан қоидалари, фуқаролар учун Бюджет кодексининг қабул қилиниши шу боис ҳам муҳимки, бугунги кунда Давлат бюджетининг қарийб 60%и ижтимоий соҳага йўналтириляпти. Булар таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимояга доир харажатлардир. Тегишинча, агар қонунчилик Давлат бюджетининг ижроси ва унинг ижросини назорат қилишнинг аниқ таомилларини таъминласа, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларидан кенг фойдаланишни таъминлаш, аҳолининг ночор гуруҳларини қўллаб-қувватлаш ва давлатнинг бошқа ижтимоий мажбуриятларини самарали бажариш мумкин.
Шуни таъкидлаш лозимки, мазкур ҳужжат БМТнинг Тараққиёт дастури кўмагида, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор идоралар, шунингдек ҳамкор халқаро ташкилотлар, шу жумладан Халқаро валюта фонди (ХВФ) ва Халқаро техник тараққиёт агентлиги (АДЕТЕФ) (Франция) билан яқиндан ҳамкорликда ишлаб чиқилган.
Давлат сиёсатининг асосий дастакларидан бири – Давлат бюджетини тартибга солиб турадиган Бюджет кодексини ишлаб чиқишнинг аҳамияти ниҳоятда катта, – деди ўз нутқида БМТнинг доимий мувофиқлаштирувчиси ва БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Стефан Приснер. – Мазкур жараённинг 3 та муҳим жиҳатини ажратиб кўрсатишни хоҳлардик:
биринчиси – Ўзбекистон Ҳукуматининг қатъий тарзда давлат молиясини бошқариш соҳасида ислоҳотлар ўтказиш, шу жумладан режалаштиришнинг янги усулларини жорий этиш, шунингдек бюджет жараёнининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатининг намойиши;
иккинчиси – Ҳукумат давлат секторида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг халқаро стандартларини жорий этишни режалаштиряпти;
учинчиси – ишлаб чиқилган ҳужжат Ўзбекистон Ҳукуматининг донор ҳамжамияти, шу жумладан БМТТД ва ХВФ билан муваффақиятли ҳамкорлигининг яққол мисолидир.
Шуни таъкидлаш лозимки, Бюджет кодекси бюджет тизимини барпо этишнинг янги қоидалари, шу жумладан бюджет жараёнининг натижадорлиги, самарадорлиги ва очиқ-ошкорлиги қоидаларини жорий этади. Бюджет маблағларини режалаштириш ва улардан фойдаланишнинг самарадорлигини ошириш мақсадида Бюджет кодекси томонидан натижага йўналтирилган унинг моделларидан бири сифатида дастурий бюджетлаштириш элементлари жорий этиляпти. Вазирликлар/бюджетдан маблағ олувчилар бюджетни режалаштираётганда бюджет буюртманомаси билан бир қаторда Ривожланишнинг стратегик режаси (3 йилга), харажат мажбуриятлари реестри ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишлари назарда тутилган. Ушбу янгиликлар бюджет харажатларини вазирликлар/бюджетдан маблағ олувчиларнинг фаолияти натижалари билан боғлашни таъминлайди. Бюджетни ўртача муддатга режалаштириш принципларини жорий этиш учун асос яратилади, бу эса бир йилдан зиёд даврга бюджет тузиш меъёрида назарда тутилган.
Янги бюджет классификациясининг тасдиқланиши Бюджет кодексининг муҳим меъёри ҳисобланади, у халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган ва 2012 йилдан амалга киритилган. Бюджет кодексининг қоидалари шунингдек Молия вазирлигига давлат секторида ижтимоий сектор учун халқаро молиявий ҳисобот стандартлари билан мувофиқлаштирилган бухгалтерия ҳисоби стандартларини жорий этиш ваколатларини беради.
Ва ниҳоят шуни таъкидлаш лозимки, улар Олий Мажлис томонидан қабул қилингандан кейин, Давлат бюджети, давлат мақсадли ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ОАВда чоп этиш талаби назарда тутилган.
Барча санаб ўтилган ўзгартиришлар ва янгиликлар илғор халқаро тажрибани ўрганиш асосида таклиф этилган ва бюджет жараёни ҳамда умуман бюджет тизимининг самарадорлиги ҳамда очиқ-ошкорлигини янада оширишга йўналтирилган.
Бюджет кодексининг муҳокамаси ҳамкор халқаро ташкилотларининг янги ҳужжат тўғрисидаги фикрларини билиш, шунингдек уни яхшилаш бўйича тавсиялар ва таклифларни ишлаб чиқиш имконини беради. Келгусида Бюджет кодексининг бюджет жараёни барча иштирокчилари ишини осонлаштириши ва амалдаги Солиқ кодекси билан жамликда ягона бирхиллаштирилган, халқаро стандартларга мувофиқ келадиган давлат молиясининг қонунчилик базасини шакллантириш имконини бериши кутиляпти.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодёт вазирлиги вакиллари, шунингдек Ўзбекистонда аккредитацияланган бир қатор халқаро ва донор ташкилотлари, шу жумладан БМТТД, ХВФ, Жаҳон банки, ОТБ, Ислом тараққиёт банки, Европа Иттифоқи делегацияси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги, ЮСАИД, ГИЦ, Швейцария Ҳамкорлик бюроси, АДЕТЕФ (Франция) ва ТИКА (Туркия) раҳбарлари ва вакиллари иштирок этдилар.
Бюджет кодекси қонун ҳужжати бўлиб, у мамлакат бюджет тизимининг асосларини, унинг тузилиши, принциплари, ҳуқуқий муносабатлари, бюджет жараёни асослари ва бюджетлараро муносабатларни белгилайди. У мазкур соҳадаги мамлакатнинг асосий қонунларини, шу жумладан «Бюджет тизими тўғрисида» ва «Давлат бюджетининг ғазначилик ижроси тўғрисида»ги қонунларни консолидациялайди, турли қонуности ҳужжатларида назарда тутилган меъёр ва қоидаларни тизимлаштиради ҳамда мувофиқлаштиради, бюджет қонунчилигида фойдаланиладиган аниқ тушунчалар ва таърифларни беради, янги усуллар ва дастакларни бюджет жараёнига жорий этиш, шунингдек халқаро стандартлар ва меъёрларни мослаштириш учун асос яратади.
www.publicfinance.uz хабари.