Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 30 / Соғлиғингизга эътиборли бўлинг

Компьютерда ишлашнинг ўз қоидаси бор

Даврга қараб касаллик ва иллатлар ўзгариб бормоқда, янги-янги турлари пайдо бўлмоқда. Ҳозирги асримизга хос бир йўла уч касаллик бевосита компьютер билан боғлиқ экан. Булар «матн домидаги бўйин», «смартфон бармоқ» ва «қуруқшоқ кўз» касалликлари бўлиб, бошқа барча касалликлар каби уларга ҳам рўйхуш бермаслик, имкон қадар уларнинг домига тушмаслик керак.
Хорижий матбуотда тегишинча «text neck», «smartрhone finger», «dry eye» дея бонг урилаётган ана шу касалликларнинг номларига қараб фикр юритиладиган бўлса, қандайдир босқинчи-қароқчилар даҳанаки «жанглари»даги гап-сўзларга ўхшаб кетади. Аслида эса булар мук тушиб компьютерда ишлаш ёки уззу-кун
компьютер ўйнаш билан боғлиқ касалликлар бўлиб, иши компьютер билан боғлиқ бани башарга бутун жабҳа бўйлаб «тиш қайрамоқда».



Электрон дастёрлар ҳаётимизга кириб келганига унча кўп бўлгани йўқ. Аммо ҳозирнинг ўзидаёқ барча ривожланган мамлакатларда идора ва бошқарув ходимларининг 80 фоизидан ортиғида ана шу касалликлар аломатлари сезилмоқда. 2011 йили Британия физиотерапия уюшмаси олимлари одам гавдаси компьютер ҳамда мобил қурилмалар билан ҳаддан зиёд яқин мулоқотда бўлишга мўлжалланмаган, шу боис юқорида номи айтиб ўтилган касалликларни касб касалликлари сирасига киритиш керак деган баёнот билан чиқдилар.
Бу мавзуга бироз муфассалроқ тўхтаб ўтайлик. Ғолиблик нашидасини суриш остонасида турган, қилмиши қамрови билан асримиз одамларини нолавор авлодга айлантираёзган бу касалликка бўш келмаслик учун нимадир қилиш керак, ахир?! Бўйиндаги анчадан бери безовта қилаётган оғриқлар, бош оғриғи, жиззакилик, уйқусизлик компьютерда кўп ишлайдиганларнинг умумий дардига айланганича бор. Бошни мониторга томон эгганча узоқ вақт бир ҳолатда ўтириш бўйин умуртқалари бир-бирига ҳаддан зиёд яқинлашишига, қон томирлари ва асаблар қисилишига олиб келади, шу аснода қон оқими мароми бузилади ва асаб тизими зўриқади.
Рақамлар воситасида сўз юритадиган бўлсак, одамнинг боши ўрта ҳисобда 4,5 кг (бунга мия ҳам киради). Бўйнимиз учун ана шу миқдордаги юк нормал ҳисобланади. Бошни олдинга қараб 3 см эгиб ўтирсак, бўйинга тушаётган оғирлиқ икки баравар кўпайиб, бошнинг вазни 9 кг га боради. Энди компьютер олдида қай таҳлид ўтиришингизни эсланг, ёнгинангиздаги ҳамкасабангиз ўтиришига бир назар ташланг...
«Матн домидаги бўйин» касаллигини орттириб олганларга ортопед шифокор ёрдам беради. Бу иллат ҳали ўз сўзини ўтказиб улгурмаганлар эса мутахассисларнинг қуйидаги, анчагина жўн тавсияларини эслаб қолиши ва бажариши даркор.
1. Ишда ҳар соатда 5-10 минут танаффус қилинг, аммо бу дақиқаларни битта сигарета чекиш ёки бир финжон қаҳва ичиш учун сарфламаслик керак.
2. Кўзингизни экрандан олинг, орқа умуртқани тик тутиб, елкаларни кўтариб иложи борича орқароққа тортинг, сўнгра елкаларни туширинг. Бунда бошнинг ҳолати гавда билан бир текисликда бўлмоғи керак. Машқни бир неча марта такрорланг.
3. Қаламни тишлаган кўйи ҳавода
1 дан 10 гача бўлган рақамларни ёзган бўлинг, сўнгра уларни тескарисига, яъни 10 дан 1 гача ёзиб чиқинг. Бунда алифбо ҳарфларини ёзса ҳам бўлади. Машқ ноқулай, ғайриодатий туюлиши мумкин, лекин шундай қилиш шарт.

Бош бармоқдаги асабни қақшатиб, тинка-мадорни қуритадиган даражадаги қаттиқ оғриқлар смартфоннинг мўъжаз клавиатурасида мунтазам равишда SMS-хабар терадиганларга таҳдид солувчи касаллик аломатларидир. Шуни эътиборда тутингки, шифокорлар «смартфон бармоқ» касаллигини даволаш қийин деб огоҳлантирмоқдалар. Вақт борида овозли хабарлар жўнатишга ўтинг.

«Қуруқшоқ кўз» касаллигининг белгиларини ҳамма билса керак. Кўзнинг қичишиши, қизариши, чарчоқ, қовоқлардаги шамоллаш аломатлари аввалига одамларда нохуш ҳиссиётлар туғдиради. Бора-бора у кўз мушаклари толиқишига ва кўриш ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
Гап шундаки, рисоладаги ҳолатда одам бир дақиқада 20-25 марта кўз очиб-юмиши лозим. Қовоқдаги безчалар ана шу аснода бўшаниб олади. Ёш безчалари ишлаб чиқадиган суюқлик кўзни қуруқшаб қолишдан асрайди, кўз соққаси тенг равишда намланиб туришини таъминлайди. Бироқ ишга берилиб, бутун вужуди билан компьютер экранига тикилганда одам кўзини керагидан 12 марта камроқ очиб-юмар экан. Бунинг устига кондиционерлар ёки иситиш тизимлари ҳавони қуритиб юборадиган хоналарда муттасил бўлиш ҳам кўзга жуда-жуда зарардир.
Офтальмолог шифокорлар кўз учун кунига бир неча марта гимнастика машқлари қилишни тавсия этадилар. Бундай машқларни бажаришдан аввал кўзойнакни олиб қўйиш, ўзини бўш тутиб эркин ўтириш, чуқур ва бир текис нафас олиш керак.
1. «Мўлжални кўряпман» машқи. Кўзингизни олисдаги, дераза ортидаги бирон нарсага қаратинг, сўнгра яқинроқда жойлашган нарсага (аммо компьютерга эмас) оҳиста қаранг. Машқни 3-4 марта такрорланг.
2. «20-20-20» машқи. Ҳар 20 минутда 20 секунд мобайнида 20 марта кўзни очиб-юминг.
3. «Мўъжизакор кафтлар» машқи. Кафтларни бир-бирига қизигунча ишқанг. Тирсакларни стол устига қўйиб, қўлларни чалкашма қилган ҳолда кафтлар билан кўзни ёпинг. Бунда кафтлар кўзни босмаслиги лозим.
Дорихоналарда кўз ёши вазифасини бажарадиган томчи дорилар кўп. Уларни кунига олти мартагача кўзга томизиш мумкин. Ҳаммаси ҳам ёмон таъсирга эга эмас, шундай бўлса-да, шифокор билан албатта маслаҳатлашган маъқул.

Ёши улуғроқ газетхонларимиз бир пайтлар «Литературная газета»да «Агар мен директор бўлсам» деган рукн остида эълон қилинган мақолаларни эслашса керак.
Ана шу услубга тақлид қилиб, сўз юритилаётган долзарб мавзуда бироз бўлса-да, хаёл суриш мумкин. Инсон соғлиғидан ҳам муҳим ва жиддий нарса бўлмаса керак. Шундай қилиб, агар мен директор бўлсам (соғлом ходимларга эга бўлиш молиявий жиҳатдан фойдали эканлигини биладиган омилкор директор деяверинг), идорамдаги ходимларнинг 80 фоизи соғлиғи ҳолати хатарга дуч келаётганлигини билсам, шундай қилган бўлар эдим:
1. Ёрдамчи хизмат ходимларига иккита топшириқ, хусусан: биринчидан, ҳамма хоналарни ҳаво намлагичлар билан таъминлаш, иккинчидан, чарчоқдан халос бўлиш учун ҳар соатда 5 дақиқага ёритгичларни ўчириб, паст овозда ёқимли мусиқа таратадиган қандайдир қурилмани кашф қилиш топшириғини берган бўлардим.
2. Барча ходимларга бўйин ва кўз учун мўлжалланган гимнастика машқлари тавсифи матнини тарқатган бўлардим.
3. Ана шу гимнастика машқларини ўз ихтиёри билан (бировнинг турткиси ёки эслатишисиз) мунтазам равишда бажараётган ходимларга ўз кузатувларим асосида «Раҳбарият талабларини намунали ижро этганлиги учун» озроқ бўлса-да, мукофот берган бўлар эдим.
4. Психология дарслигидаги одамда барқарор фойдали одатни ҳосил қилиш учун 40 кун керак (зарарли одатлар учун анчагина кам) деган қоидани ёдда тутган бўлар эдим.
Ўзимизни яхши ҳис этиш учун бир ярим ой мобайнида жадал саъй-ҳаракат қилиб, ўз устимизда ишлаш керак экан, албатта, шундай қилайлик – ҳаётда энг асосийси соғлиқ эканлигини унутмайлик.

Юлия ИНДИКТОР.
Манба: shkolazhizni.ru

Прочитано: 3220 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика