Масъулияти чекланган жамиятнинг Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси тўғрисида маълумот берсангиз. Жамиятда ишловчилар номзодини таъсисчиларнинг кам пай улуши бор таъсисчи томонидан Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси таркибига номзод қилиб киритиш мумкинми?
Корхона бухгалтери.
– Сиз айтган масала «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун (6.12.2001 йилдаги 310-II-сон) билан тартибга солинади. Қонуннинг 38-моддасида жамият кузатув кенгашининг ваколатлари келтириб ўтилган. Жумладан жамият кузатув кенгашининг ваколатлари ушбу Қонунга мувофиқ жамиятнинг устави билан белгиланади.
Бундан ташқари, уставда жамиятнинг тафтиш комиссиясини тузиш (тафтишчисини сайлаш) назарда тутилиши мумкин (Қонуннинг 45-моддаси). 15 нафардан ортиқ иштирокчиси бўлган жамиятларда жамиятнинг тафтиш комиссиясини тузиш (тафтишчисини сайлаш) шарт. Жамиятнинг иштирокчиси бўлмаган шахс ҳам унинг тафтиш комиссияси аъзоси (тафтишчиси) бўлиши мумкин.
Кам пай улушга эга бўлган таъсисчи томонидан Кузатув кенгаши ва тафтиш комиссияси таркибига номзодни таклиф қилиш ҳам мумкин (Қонуннинг 33-моддаси).
Жамиятнинг исталган иштирокчиси жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг кун тартибига қўшимча масалаларни киритиш тўғрисида уни ўтказишдан камида 15 кун олдин таклифлар киритишга ҳақлидир. Қўшимча масалалар, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг ваколатлари жумласига кирмайдиган масалаларни истисно этганда, жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг кун тартибига киритилади.
Жамият иштирокчиларининг умумий йиғилишига тайёргарлик кўриш чоғида жамият иштирокчиларига тақдим этилиши лозим бўлган ахборот ва материаллар жумласига жамиятнинг кузатув кенгашига ва жамиятнинг тафтиш комиссиясига (тафтишчилигига) номзод (номзодлар) тўғрисидаги маълумотлар киритилиши ҳам ушбу моддада назарда тутилган.
Жавобларни экспертимиз Умидбек САФАРОВ тайёрлади.