Детектив фильмлар ва шу йўналишдаги китобларда бу гапни кўп эшитгансиз. Зотан ҳаётда ҳам экспертиза бағоят чигал ҳодисалар ечим топишига ёрдам беради. Бу хусусда илгари ҳам газетхонларга бир неча бор ҳаётий ҳикояларни айтиб берган эдим. Мана ҳозир ҳам анча йиллар олдин бўлган бир воқеа ёдга тушди...
Ёз чилласининг ўрталарида кечаси шаҳар милиция бўлимига қўнғироқ бўлди. Навбатчи телефон трубкасини олгач, аёл кишининг ҳис-ҳаяжонга тўла, аммо бўғиқроқ овози эшитилди: «Привокзальная кўчаси, 9-уй. Тезроқ келинглар. Гиёҳвандлик, қотиллик... қўрқиб кетяпман». Навбатчи ундан ўзини таништиришни, исми-шарифини айтишни сўради. Ҳалиги аёл «Марина... Ана улар келиб қолишди, ўлдим энди...» дейишга улгурди. Телефон трубкасида қисқа-қисқа гудоклар эшитилди.
Навбатчининг бу қўнғироқни кимнингдир аҳмоқона ҳазили деб ҳисоблаш керакми ёки хабарга ишониб айтилган манзилга ходим юбориш керакми дея бироз боши қотди. Аёл кишининг сўзларини, овозидаги ҳис-ҳаяжонни бирма-бир эслагач, текшириб кўриш учун одам жўнатди.
Милициянинг УАЗ машинасида икки навбатчи милиционер айтилган манзил бўйича йўл олди. Мўлжалдаги кўчага яқинлашганларида уларни иккита ўт ўчириш машинаси қувиб ўтди. Милиционерлардан бири: «Наҳотки улар ҳам биз бораётган жойга йўл олишган бўлса?» – деб қўйди ўзича.
У ҳақ бўлиб чиқди. Привокзальная кўчасидаги бир қаватли 9-уй милиционерлар етиб боришганида аланга ичида қолган эди. Ўт ўчирувчилар узун шлангларни тортиб, оловни ўчириш ҳаракатига тушишган, аммо деворлари ёғочдан тикланган эски уй жазирама ёз ойининг тунида гугуртдек ёнарди. Чор атроф қўшни уйларда яшайдиган, чала-чулпа кийинган одамлар билан тўла. Улар ўт ўчирувчиларнинг ҳаракатларини ташвиш билан кузатишар, аланга турар жойларига ўтиб кетишидан хавотирда эдилар.
Ўт ўчирувчилар ёнғинни жиловлай билдилар. Биттагина уй – тўққизинчи уй ёниб кул бўлди. Милиция ходимлари рация орқали туман бўлимига содир бўлган воқеа ҳақида хабар қилиб, навбатчи гуруҳ етиб келгунча ёнғин бўлган уйда кимлар яшаганлигини, қўни-қўшнилардан кимлар ёнғин бошланганлигини кўрганлигини аниқлашга тушдилар. Ёнғин туфайли тўдалашиб олган одамлар орасида уч хонали 9-уй соҳибларидан ҳеч ким йўқ эди. Унда кекса бир кампир яшар, хоналаридан бирига ижарачи қўяр экан. Қўни-қўшнилар кейинги пайтларда уникида бири лўлига ўхшаш қорасоч, иккинчиси оч сариқдан келган икки йигит яшаб турганлигини айтишди. Уларнинг нима билан шуғулланишини ҳеч ким билмасди. Лекин йигитларнинг ҳузурига бот-бот эркаклар ҳам, қизлар ҳам келиб туришар экан. Қўни-қўшниларга ортиқча нотинчлик туғдиришмас, шовқин-сурон солишмас, ҳатто мусиқа овозини ҳам баландлатишмас эди. Ёнғин қачон бошланганлигини ҳеч ким кўрмабди, ўша кеча кимлар уйда бўлганлигини ҳам ҳеч ким билмасди.
Орадан маълум вақт ўтгач, навбатчи гуруҳ етиб келди. Терговчи ва тезкор ходим милиционерларнинг ахборотини тинглаб, қўни-қўшниларни расмий равишда сўроққа тутдилар. Содир бўлган воқеа ҳақида ҳужжат тайёрлаб, гувоҳларнинг маълумотларини қайд этдилар. Кўздан кечириш баённомасини ҳозирча тузишнинг иложи бўлмади – ёнғин охиригача ўчиб улгурмаган эди. Шу сабабли ҳам милиция терговчиси ва ёнғин муҳофазаси инспектори кундуз куни келиб чор атрофни синчковлик билан кўздан кечирдилар.
Ёнғин бўлган жойни кўздан кечириш жуда машаққатли, қолаверса, ифлос иш. Ҳамма ёқда куйган нарсалар, оёқ қўйишингиз билан пол тахта уваланиб тушади, чор атрофни қурум, кул босган. Шундай бўлса-да, ёнғин бошланган жойни ва сабабини аниқлаш зарур. Шу сабабли уйнинг қолдиқларини кўздан кечириб анча-мунча тер тўкишга тўғри келди. Ёнғин ўчоғини аниқлашгунга қадар хоналардан бирида икки одамнинг ёнган жасади топилди. Бу кутилмаган ҳол эди. Негаки, ёнғин эҳтиётсизлик оқибати, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижаси бўлиши мумкин. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, ёнғин-техника экспертизаси натижалари асосида терговни тезгина тугаллаш мумкин бўларди.
Куйган жасадлар қотилликни яшириш мақсадида қасддан ўт қўйилган деган тусмолни текшириб кўришга ундади. Аммо бундан олдин ҳалок бўлганларнинг шахсини ва уларнинг ўлими сабабини аниқлаш зарур эди. Балки бу одамлар ухлаб ётганида тутундан бўғилиб аланга ичида қолиб кетгандир. Буни эса суд-тиббиёт экспертизаси исботлаб бериши лозим.
Кўздан кечириш асносида ўт ўчириш идорасидан келган инспектор ёнғин бўлган жойда унинг учта ўчоғини топди. Бу эса атайин ўт қўйилганлигидан нишонадир. Шу сабабли ёнғин-техника ва суд-кимё экспертизаси тайинланди. Ёнғин-техника экспертизаси ёнғин сабаби тўғрисида расмий хулоса бериши керак. Иккинчи экспертиза ихтиёрига эса буюмларнинг ёнмай қолган қисми юборилди: уларда ёнувчан моддалар қолдиғи бор-йўқлигини аниқлаш керак эди. Суд-кимё экспертизаси шундай моддалар борлигини тасдиқлади, анави экспертиза эса атай ўт қўйилган деган қатъий хулоса чиқарди.
Бу пайтга келиб суд-тиббиёт экспертизаси жасадлар аёлларники эканлигини, уларнинг ўлимига ўқотар қуроллар билан ярадор қилинганлиги сабаб бўлганлигини аниқлади. Ёнғин авжига чиққан пайтда улар ўлик ҳолатда эди. Тиббиёт эксперти улардан бирининг ёшини 20-30, иккинчисиникини 55-65 да деб белгилади.
Шундан кейин терговчи ва тезкор ходимларнинг қўшқотиллик ҳолати юзасидан ниҳоятда сермашаққат иши бошланди. Оқибат-натижада ёши улуғроқ аёл уй бекаси эканлиги, ёшроғи эса бошқа шаҳардан бувисиникига меҳмон бўлиб келган невара эканлиги аниқланди. Уларни ТТ тўппончасидан отиб ўлдиришган. Суд-тиббиёт экспертлари тўппонча ўқларини топишга муваффақ бўлдилар.
Гумон қилинаётганларнинг (икки ижарачининг) шахсини узоқ вақтгача аниқлашнинг иложи бўлмади. Орадан икки ойча ўтгач, шаҳарнинг чеккароғидан «Жигули» машинаси топилди, ичида қорачадан келган ва оқ сариқ иккита эркакнинг отиб кетилган жасади ётарди.
Оқ сариқдан келган йигитнинг чўнтагида ТТ тўппончаси бор экан. Кейинчалик суд-баллистик экспертиза аёлларнинг жасадидан топилган ўқлар айни шу тўппончадан отилганлигини аниқлаб берди. Эркакларнинг шахси аниқлангач (иккаласи ҳам илгари гиёҳвандлик моддаларини тарқатганлик учун судланган бўлиб, жазони ўташ жойидан қайтгач, жиноий қилмишларини давом эттираверганлар), терговчи жиноятчилар ўлганлиги муносабати билан ёнғин тўғрисидаги ишни тугатди.
Ольга МАРШАНСКАЯ,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Республика суд экспертизаси марказининг давлат суд эксперти.