ЧЕТ ТИЛИНИ ¤ЈИТИШГА ЛИЦЕНЗИЯЛАРНИ ҲОКИМЛИКЛАР ҲУЗУРИДАГИ КОМИССИЯЛАР БЕРАДИ
Вазирлар Маҳкамасининг 14.06.2013 йилдаги 169-сон қарори билан («СБХ»нинг 2.07.2013 йилдаги 26 (986)-сонида чоп этилди) чет тилларни ўрганиш имконини янада кенгайтиришни таъминлаш мақсадида нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўқитиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш тартиби ўзгартирилди.
Қарор билан нодавлат таълим муассасаларининг (НТМ) чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги, нодавлат таълим муассасаларининг чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш бўйича ҳудудий комиссия тўғрисидаги низомлар, шунингдек унинг намунавий таркиби тасдиқланди.
НТМнинг фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ эндиликда лицензия талабгори чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этишга лицензияларни олиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ҳудудий комиссияларга мурожаат қилишлари керак бўлади.
Шуни эслатиб ўтамизки, илгари НТМга барча ўқитиш турларига лицензияларни Вазирлар Маҳкамасининг комиссияси ишчи органи функциясини бажарувчи Давлат тест марказининг Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш, педагог кадрларни ва таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш бошқармаси берар эди.
Чет тилларни ўрганиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига намунавий (оддий) лицензия 5 йил муддатга берилади, унинг муддати тугагандан кейин белгиланган тартибда узайтирилиши мумкин.
Бундай лицензияни олиш учун муайян ҳужжатлар пакетини йиғиш ва бир қатор шартларни бажариш зарур.
Аввало лицензия талабгори унга мулкий (олди-сотди шартномаси, гувоҳнома ёки бино, иншоот аукционда харид қилинганлиги тўғрисида бошқа ҳужжат) ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ, масалан, ижара ҳуқуқи билан тегишли бўлган бинолар (хоналар)га эга бўлиши зарур.
1 АВГУСТДАН СУВДАН МАХСУС ФОЙДАЛАНИШ УЧУН РУХСАТНОМА ОЛИШ ЗАРУР
Сув ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 14.06.2013 йилдаги 171-сон қарори билан Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низом сувдан махсус фойдаланувчи, яъни сувнинг ҳолатига ва сув объектларига таъсир кўрсатувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўллаган ёки (алоҳида ҳолларда) уларни қўлламаган ҳолда сувни истеъмол қилувчи жисмоний ва юридик шахсларга татбиқ этилади. Махсус иншоотлар ва қурилмаларга насос агрегатлари ва ёрдамчи иншоотлар, суғориш қудуқлари ва вертикал дренаж қудуқлари, ичимлик ва техник мақсадларга мўлжалланган қудуқлар ёхуд сувни тозалаш ва тайёрлаш станциялари ва бошқалар киради.
Қабул қилинган ҳужжатга кўра 2013 йил
1 августдан кўрсатилган шахслар сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатномалар олишлари керак. Мазкур рухсатнома бериладиган сувдан фойдаланувчилар тоифалари орасида саноат, коммунал, транспорт ва бошқа ноқишлоқ хўжалиги мақсадлари учун сув объектларидан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахслар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган бошқа сув истеъмолчилари бор.
Шуни таъкидлаш лозимки, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиладиган сув истеъмолчилари сувдан махсус фойдаланиш ёки сув истеъмоли учун рухсатнома олиш учун аризани сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилишга рухсатнома лойиҳасини рухсатнома бериш органига келишувсиз тақдим этадилар.
Рухсатнома сувдан фойдаланувчи ёки сув истеъмолчисининг ёзма аризаси олинган кундан бошлаб 20 иш куни мобайнида расмийлаштирилади. Ишлаётган, лойиҳалаштирилаётган ёки реконструкция қилинаётган объектларда амалга ошириш мўлжалланаётган сувдан махсус фойдаланиш ёки махсус сув истеъмолининг барча турларига битта рухсатнома расмийлаштирилади.
Ер усти сувларидан ва ер ости сувларининг тасдиқланган эксплуатация захираларидан фойдаланилганда рухсатнома 5 йил муддатга;
ер ости сувларининг тасдиқланмаган эксплуатация захираларидан фойдаланилганда рухсатнома 3 йил муддатга берилади.
ДАВСТАТҚЎМ ФЕРМЕРЛАР УЧУН ЯНГИ ҲИСОБОТНИ ТАСДИҚЛАДИ
Давлат статистика қўмитасининг қарори (АВ томонидан 18.06.2013 йилда 2403-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан 2013 йил учун давлат статистика ҳисоботи шакллари Фермер хўжаликлари фаолияти тўғрисида ҳисобот шакли билан тўлдирилди.
Фермер хўжалигининг иқтисодий ҳолати тўғрисида ҳисобот фермер хўжалиги жойлашган жойдаги статистика бўлимига йилда бир марта (1 декабрь ҳолатига кўра) 10 декабрдан кечиктирмай топширилади.
Ҳисобот 5 бўлимдан иборат:
«Фермер хўжалигидаги ишловчилар сони»;
«Фермер хўжалигидаги умумий иқтисодий вазият»;
«Молиявий ҳолат»;
«Хўжаликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар»;
«Қўшимча фаолият турларидан тушган тушумнинг барча фаолиятидан тушган тушумга нисбатан улуши, фоизда».
СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИДА НАЗОРАТ ХАРИДИ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?
Давлат солиқ қўмитасининг буйруғи (АВ томонидан 28.06.2013 йилда 2475-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўтказиладиган солиқ текширувларида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (шу соннинг ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда).
Низомда белгиланишича, назорат хариди чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китобларга, шу жумладан нақд чет эл валютасидаги ҳисоб-китобларга доир ҳуқуқбузарликларни солиқ текширувлари давомида аниқлаш учун ўтказилади.
Ўтказилган назорат хариди натижаси бўйича Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда Назорат харидини ўтказиш баённомаси уч нусхада расмийлаштирилади.
Давлат солиқ хизмати органи ходими томонидан назорат харидини ўтказишда ва унинг натижаларини расмийлаштиришда текширув натижасидан манфаатдор бўлмаган вояга етган жисмоний шахслар холислар сифатида жалб этилади.
Назорат харидини ўтказиш баённомаси Солиқ кодексида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда тузилган солиқ текшируви натижалари бўйича тузилган далолатномага илова қилинади.
Низом расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни эксперт-юристларимиз
Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ тайёрладилар.