МЧЖ шаклидаги корхонамиз бир жисмоний шахс томонидан таъсис этилган. Асосий фаолият тури – улгуржи савдо. 2012 йил III чоракка қадар ходимлар сони бўйича биз кичик корхоналар тоифасига кирардик. Лекин 2012 йил якунлари бўйича ўрнатилган чегарадан ошиб кетдик ва кичик корхоналар тоифасидан чиқдик.
Ушбу ҳолда корхонамиз таъсисчига дивиденд тўлаш пайтида солиқ имтиёзига эга бўладими?
Абдузоир Шукуржонов, МЧЖ таъсисчиси.
Паркент тумани.
– Дарҳақиқат, Президентнинг 29.12.2008 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида» ПҚ-1024-сон қарорига кўра, қуйидагилар солиқ солишдан озод этилган:
жисмоний шахсларнинг микрофирма ва кичик корхоналарни таъсис этишдан олинадиган дивиденд тарзидаги даромадлари;
юридик шахсларнинг капиталлаштиришга, инвестицияларга, аввал олинган кредитлар учун ҳисоб-китоб қилишга йўналтирилган маблағлари 5 йил муддатга.
Демак, агар корхона микрофирма ёки кичик корхоналар сирасига кирса, ПҚ-1024-сон қарорнинг 5-банди билан белгиланган муассис жисмоний шахсларга бериладиган дивидендларга солиқ солишдан озод қилиш тарзидаги имтиёз қўлланади.
Агар ходимларнинг сони йил якунлари бўйича ВМнинг «Кичик тадбиркорлик (бизнес) субъектларига тегишли бўлган корхоналар ва ташкилотлар классификациясини тасдиқлаш тўғрисида» қарорида (11.10.2003 йилдаги 439-сон) белгиланганидан ошиб кетса, корхона кичик корхона мақомини йўқотади ҳамда тегишинча, хўжалик субъектларининг мазкур тоифаси учун қонун ҳужжатлари билан белгиланган имтиёзлар ва преференциялардан фойдалана олмайди. Хусусан, таъсисчи жисмоний шахсларнинг дивидендларига солиқ солишда ҳам шундай. Агар корхона кичик корхоналар сирасига кирмаса, имтиёз қўлланмайди, тегишинча, дивидендларга умумий тартибда тўлов манбаида 10%лик ставка бўйича солиқ солиниши керак.
Аммо шуни қайд этиш лозимки, Солиқ кодекси 179-моддасининг 19-бандига асосан фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларининг давлат корхоналари мол-мулкини сотиб олиш, хусусийлаштирилаётган корхоналар акцияларини олиш учун йўналтириладиган суммалари, шунингдек дивидендлар тарзида олинган ва дивиденд тўлаган юридик шахснинг устав фондига (устав капиталига) йўналтирилган жисмоний шахсларнинг даромадларига солиқ солинмайди. Жумладан, ушбу назарда тутилган имтиёз қўлланилганидан сўнг бир йил ичида муассислар (иштирокчилар) таркибидан чиқилганда, мазкур мол-мулк сотилганда ёхуд тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланганда илгари солиқ солишдан озод қилинган даромадларга умумий асосларда солиқ солиниши керак.
Демак, агар таъсисчига тўланадиган дивидендлар корхонангизнинг устав капиталини кўпайтиришга йўналтирилса, солиқ ушланмайди, чунки ушбу ҳолда тегишли имтиёз қўлланилади.