Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 20 / Манда савол бор!

АГАР ТРАНСПОРТ ЎЗИНГИЗНИКИ БЎЛСА...

Корхонамиз алюминий ва пластик профиллардан қурилиш конструкцияларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган, шунингдек пудрат шартномалари бўйича қурилиш ишларини бажаради. Корхона ижара шартномалари бўйича олинган, шунингдек сотиб олинган ва балансда қайд этилган ҳамда қурилиш майдончаларига конструкциялар ва материаллар етказиб бериш учун фойдаланиладиган автотранспорт воситаларига эга. Кўпинча йўл ҳаракати хавфсизлиги органларининг ходимлари автомашиналарни тўхтатадилар ва юк ташишга лицензия кўрсатишни талаб қилиб, юк ташиш учун лицензия олиш лозимлигини уқтирадилар. Ўз талабларини асослаш учун улар иш ҳақ эвазига бажарилаётганлигини, ҳақ ичига материалларни ташиш харажатлари киришини кўрсатадилар.

Тушунтириб берсангиз, корхона ўзига тегишли юкларни ишларни бажариш жойига ўз машиналарида ташиш учун лицензия олиши талаб қилинадими?

 

– Жавобимиз тўлиқ бўлиши учун ким ташувчи ҳисобланиши ва юкларни ташиш шартномаси нима эканлигини аниқлаб олиш зарур. «Автомобиль транспорти тўғрисида»ги Қонуннинг1 (бундан кейин – Қонун) 2-моддасига кўра:

ташувчи – мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида автотранспорт воситасига эга бўлган, тижорат асосида йўловчилар, багаж, юклар ташиш хизматини кўрсатадиган ҳамда бунга махсус рухсатномаси (лицензияси) бўлган юридик ёки жисмоний шахс;

мижоз (йўловчи, юк олувчи, юк жўнатувчи) – тузилган ташиш шарт­номасига мувофиқ ташувчининг хизматларидан фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс.

Қонуннинг 13-моддасида айтилишича, автомобилда ташишлар ташувчилар томонидан махсус рухсатнома (лицензия) асосида амалга оширилади; уларни бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Йўловчилар, багаж ва юклар ташиш шартлари ва томонларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи ташиш шартномаси асосида ташилади (Қонуннинг 15-моддаси, Фуқаролик кодексининг 709-моддаси).

Юк ташиш шартномаси бўйича юк ташувчи юк жўнатувчи томонидан ўзига ишониб топширилган юкни белгиланган манзилга етказиб бериш ва уни олишга ваколат берилган шахсга (олувчига) топшириш, юк жўнатувчи эса юкни ташиб берганлик учун белгиланган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодексининг 711-моддаси). Бундай шартнома тузилганлиги тегишли транспорт устави ёки кодексида назарда тутилган ҳужжат (транспорт юкхати, коносамент ёки юкка доир бошқа ҳужжат)ни тузиш ва уни юк жўнатувчига топшириш йўли билан тасдиқланади (Фуқаролик кодексининг 711-моддаси).

Тегишинча, ташишга махсус рухсатномаси (лицензияси) бўлган юридик ёки жисмоний шахс ташувчи ҳисобланади, юк ташишнинг ўзи эса бошқа шахслар билан тузилган юк ташиш шартномалари бўйича амалга оширилади.

Энди Автомобиль транспортида йўловчиларни ҳамда юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомни2 кўриб чиқамиз. Унга кўра тижорат асосида амалга ошириладиган юкларни ташиш фаолияти лицензияланиши керак.

Ушбу меъёрларнинг ҳаммаси юкларни энг талабгир ва жуда қулай бўлган автомобиль транспортида ташишни тартибга солади. Қонун ижодкори тижорат асосида амалга ошириладиган юкларни ташиш фаолияти лицензияланиши кераклигини назарда тутади. Мазкур ҳолда «тижорат асосида» деганда ташиш харажатлари ва ташишдан фойдани ўз ичига оладиган алоҳида ҳақ эвазига ташиш тушунилади.

Бироқ қонун ҳужжатларида «тижорат асосида» ҳамда «тижорат фаолияти»га аниқ тушунча берилмаганлиги тадбиркорлик субъектларининг ушбу меъёрларни қўллашини қийинлаштиради ва уларнинг айрим шахслар томонидан ўз хоҳишича талқин қилинишига олиб келади.

Қонун ҳужжатлари «тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик)» тушунчасини тартибга солади. У –  тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширадиган, таваккал қилиб ва ўзининг мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга йўналтирилган ташаббускор фаолият («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг3 3-моддаси). Бироқ ушбу тушунча мазкур ҳолда «тижорат асосида» сўзларининг моҳиятини очиб бермайди.

Натижада юқорида тилга олинган ташиш фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом меъёрлари турлича талқин қилинади. Чунончи, баъзи тадбиркорлик субъектларининг корхонага мулк ҳуқуқида тегишли бўлган транспорт воситаларидан фойдаланишга лицензия талаб қилинадими-йўқми деган савол бўйича қилган мурожаатларига Дарё ва автомобиль транспорти агентлиги шундай жавоб берди: «Агар қурилаётган объектлар сметасига қурилиш материаллари, техника ва бошқа ёрдамчи ускуналарни олиб келишга доир транспорт харажатлари киритилган бўлса, ушбу ҳолда лицензия олиш шарт. Юқорида кўрсатилган қонун ҳужжатлари фақат ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган автотранспорт воситаларига татбиқ этилмайди. Шу муносабат билан уларга лицензия олиш талаб қилинмайди.

Шунингдек у, агар автомашинадан фойдаланганлик  учун учинчи шахслар ҳақ тўламаса, талаб этилмайди».

Бироқ давлат автоинспекция органлари лицензия бўлишини талаб қиладилар ва лицензиянинг йўқлиги учун маъмурий жавобгарлик чораларини (жарима, жарима майдончасига юбориш ва бошқа жазолар) қўллайдилар. Бунда автомобилнинг юридик шахсга тегишлилиги ва ўзига тегишли юкни ташиётганлиги эътиборга олинмайди. Солиқ органларининг вакиллари ҳам худди шундай фикр юритиб, қонун ҳужжатларининг меъёрларини хўжалик юритувчи субъектларнинг манфаатларига зид тарзда талқин қилмоқдалар.

Қонун ҳужжатларининг таҳлили кўрсатишича, уларда назарда тутилган меъёрлар тижорат асосида амалга ошириладиган юк ташиш фаолиятини лицензиялаш масаласи бўйича Агентлик ва бошқа органларнинг қарама-қарши нуқтаи назарларини асослаш учун етарли эмас. Ҳатто, агар биз уларда мавжуд бўлмаган «тижорат асосида» тушунчасига эмас, балки уларда назарда тутилган, ташиш шартномаси бўйича амалга ошириладиган «ташиш» тушунчасига таянсак ҳам аҳвол ўзгармайди. Бунинг устига, улар билан... Агентлик ҳам, солиқ органларининг ҳам фикрларини тасдиқлаш мумкин.

Чунончи, қурилаётган (таъмирланаётган) объект сметасида машина ва механизмлардан фойдаланиш харажатлари, шу жумладан ЁММ, ҳайдовчилар меҳнатига ҳақ тўлаш, таъмирлаш, амортизация бўйича ва бошқа харажатлар кўрсатилади. Бироқ у рентабеллик (фойда) суммаси олинишини назарда тутмайди. Бунинг маъноси шуки, машинадан фойдаланиш даромад манбаи деб эмас, балки фақат қурилиш жараёнининг бир қисми деб ҳисобланади.

Айни вақтда барча товарлар қийматида хом ашёни ташиш, истеъмолчиларга етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари назарда тутилади, уларни корхоналар қисман ўз машиналарида амалга оширадилар. Транспорт харажатлари товар таннархига ёки реализация қилиш харажатларига киритилади ва харидордан олинадиган тушум ҳисобига қопланади. Бу ҳолда транспортдан фойда олиш мақсадида фойдаланилади, шу боис ҳам транспортга эга бўлган исталган корхона лицензия олиши керак.

Яна бир сабабни келтирамиз. Пуд­рат шартномаларининг мақсади ишларни бажариш ҳисобланади (автоташиш хизматлари кўрсатиш эмас), етказиб бериш шартномасиники эса – товарларни реализация қилиш (бироқ уларни бир жойдан бошқа жойга ташиш эмас). Айни шу сабабли мазкур ўзаро муносабатларда ташиш шартноманинг мақсади эмас, балки жараённинг бир қисми саналади.

Бундай зиддиятли жиҳатларни тадбиркор ҳал этиши қийин. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун 11-моддасининг моҳиятидан келиб чиқилганда, улар тадбиркорлик субъектларининг фойдасига талқин қилиниши керак. Амалиётда, афсуски, доим ҳам шундай бўлавермайди.

Шу тариқа, назорат қилувчи ва текширувчи органларнинг қурилиш материаллари ва товарлар буюртмачининг объектига ўз автотранспорт воситаларида етказиб берилганда лицензия олишнинг зарурлиги тўғрисидаги талаби ғайриқонуний ва асоссиз талабдир. Зиддиятларга йўл қўймаслик учун юклар ва машинанинг корхонангизга тегишлилигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар – техпаспорт, ижара шартномаси, йўл варақаси, товарни олиб ўтиш юкхатига эга бўлиш лозим.

Айни вақтда турли талқинларга йўл қўймаслик учун ташиш соҳасини тартибга соладиган қонун ҳужжатларидаги бир қатор тушунчаларни аниқлаштириш мақсадга мувофиқ бўларди.

«Тижорат асосида ташиш ташувчи билан буюртмачи ўртасида тузилган ташиш шартномасига мувофиқ юкни бир жойдан бошқа жойга алоҳида ҳақ эвазига ташишни англатади.

Юридик ёки жисмоний шахслар билан тузилган, буюртмачининг юкини бир жойдан бошқа жойга ташишни назарда тутадиган юк ташиш шартномалари бўйича амалга ошириладиган, автомобиль транспортида юк ташиш фаолияти лицензияланиши керак. Юкларни пудрат шартномаси доирасида омбордан қурилиш участкасига ёки етказиб бериш (воситачилик, топшириқ ва бошқа) шартномалари бўйича ишлаб чиқарувчи (реализация қилувчи)нинг омборидан харидор омборига етказиб бериш тижорат асосида амалга ошириладиган юк ташиш сифатида қаралмайди».

Бундай ўзгартиришларнинг киритилиши хўжалик юритувчи субъектларга юкларни ўз транспортида ташиш имконини бериб, давлат органларининг улар фаолиятига аралашиш ҳолларини камайтирган бўлар эди.

 

129.08.1998 йилдаги 674-I-сон.

2ВМнинг 14.07.2006 йилдаги 138-сон қарори билан тасдиқланган.

325.05.2000 йилдаги 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда.

Азизбек ҚУРБОНОВ,

«Business Legal Advisers»

АФнинг бошқарувчи шериги.

 

Прочитано: 7503 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика