Ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлган МЧЖ шаклидаги кичик корхонамиз ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни экспорт қилади. Биз ихтиёрий равишда ҚҚС тўловчиси ҳисобланамиз. Ўзимиз ишлаб чиқарган маҳсулотни экспорт қилишда таннархдан паст нархда реализация қилишимиз тўғрисида тегишли шартнома мавжуд.
Бизнинг ҳолатда реализация қилиш нархи билан таннарх ўртасидаги фарққа солиқ солинадими? Агар солинса, у ягона солиқ тўлови тўғрисидаги ҳисоботда қандай акс эттирилади?
Шоҳжаҳон Мирсалимов, корхона раҳбари.
Тошкент вилояти.
– Солиқ кодексининг 355-моддасига кўра, ялпи тушум ягона солиқ тўловининг солиқ солиш объекти ҳисобланади. Солиқ солиш мақсадида ялпи тушум таркибига товарларни (ишларни, хизматларни) ҚҚСни чегирган ҳолда (ҚҚС тўлашга ўтган солиқ тўловчилар учун) реализация қилишдан тушган тушум киритилади.
Жумладан, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум деганда товарларни таннархидан ёки олиш баҳосидан паст баҳоларда реализация қилувчи, шунингдек товарларни текинга берувчи юридик шахслар учун – товарлар таннархи ёки уларни олиш баҳоси тушунилади. Бунда баҳолари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солиниши назарда тутилган товарлар учун реализация қилишдан олинадиган тушум белгиланган баҳолардан (тарифлардан) келиб чиққан ҳолда аниқланади. Ушбу норма экология, соғломлаштириш ҳамда хайрия жамғармаларига, маданият, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт, таълим муассасаларига текинга бериладиган товарларга татбиқ этилмайди.
Демак, сизнинг ҳолатингизда товарлар таннархидан паст баҳоларда реализация қилинганда ягона солиқ тўлови солинадиган тушумга реализация қилинган маҳсулотнинг таннархи киритилади. Мазкур тартиб-қоидалар маҳсулотни экспортга реализация қилишга ҳам татбиқ этилади.
Маҳсулотни таннархидан паст нархда реализация қилишдан кўрилган зарарлар Ягона солиқ тўлови бўйича солиқ ҳисоботи шаклларининг* 025-сатрида акс эттирилади.
*МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида» қарорига 13-илова.