Катта бўлмаган хусусий корхонамиз хамир ва қандолатчилик маҳсулотлари тайёрлайди. Яқинда биз уларни Қозоғистондаги кўргазмада намойиш қилдик, уларга маҳсулотларимиз ёқди.
Биз қандолатчилик маҳсулотларини аввал Қозоғистон, кейин эса МДҲнинг бошқа мамлакатларига ҳам экспорт қилиб кўрмоқчимиз. Бироқ товаримиз талабгир бўлиши учун асбоб-ускуналарни янгилашимиз лозим. Экспортдан олинган маблағга уларни Хитойдан сотиб олмоқчимиз. Бошловчи экспортчиларда валюта тушумининг 50%ини сотиш бўйича бирор-бир имтиёзлар борми?
А.Тазетдинова.
– Агар ишлаб чиқаришингиз микрофирма ёки кичик корхона ҳисобланса, унга Президентнинг «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонининг (24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон) амал қилиши татбиқ этилади. Шу жумладан ўзи ишлаб чиқарган товар (иш, хизмат)ларни экспорт қилишдан тушадиган валюта тушумининг 50%ини мажбурий сотишдан озод этиш. Эркин алмаштириладиган валютага экспорт қилишда имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш мақсадида ўзи ишлаб чиқарган товарларни (ишларни, хизматларни) аниқлаш қоидаларига1 (бундан кейин – Қоидалар) кўра ўзи ишлаб чиқарган товар деганда корхона ўзи томонидан ишлаб чиқариш технологик жараёнини ҳисобга олган ҳолда, ўзига тегишли бўлган ёки жалб этилган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиб ишлаб чиқарилган ёки қайта ишланган маҳсулот (жумладан ярим тайёр маҳсулот) тушунилади.
Сизнинг маҳсулотингиз ўзи ишлаб чиқарган маҳсулот ҳисобланишини тасдиқлаш учун солиқ органларига ва бошқа ваколатли органларга тегишли намунадаги ариза-маълумотнома (Қоидаларга илова) тақдим этилади.
Бундан ташқари, Президентнинг юқорида тилга олинган Фармонига кўра хўжалик субъектлари ўрнатилган технологик ускуналарга Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича республика ҳудудига олиб келинадиган эҳтиёт ва бутловчи қисмлар учун 2016 йилнинг 1 январигача божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод этилган. Мазкур имтиёз, агар сиз сотиб олишни режалаштираётган асбоб-ускуна Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига2 киритилган бўлса, сизнинг корхонангизга ҳам берилиши мумкин.
Экспортчилар ён дафтарига.
Президентнинг «Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантиришни кучайтириш ва рақобатбардош маҳсулотларни экспортга етказиб беришни кенгайтириш борасида қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарорига (26.03.2012 йилдаги ПҚ-1731-сон) биноан 2012 йил 1 апрелдан бошлаб янги қурилиш, мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш ва технологик янгилашга валюта кредитлари бўйича асосий қарзни қайтаришга жорий тўловлар бўйича йўналтириладиган валюта тушуми қисмини ваколатли банкларга мажбурий сотишдан асосий қарз батамом тўлаб бўлинадиган муддатга қадар озод қилинган.