Мен Олимпия захиралари спорт мактабида шифокор бўлиб ишлайман. Спорт мактаблари тўғрисидаги 211-сон Низомга кўра иш ҳақига қўшимча ҳақ оламан.
2012 йил июнида декрет таътилига чиқдим. Ташкилотимизда бухгалтер алмашганлиги боис менга декрет пулини октябрда тўлашди, бунда ҳисоб-китоб учун фақат маош олинди. Мен унга барча қўшимча ҳақларни қўшган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилишларини сўраганимда, июлдаги иш ҳақига қараб эмас, балки маошлар камайтирилган августдаги иш ҳақи бўйича ҳисоб-китоб қилишди. Менга ҳисоб-китобни фақат июлдаги иш ҳақим бўйича қилишларини талаб қила оламанми?
Бундан ташқари, мен декрет таътилида бўлган июль ойида II чорак учун мукофот ёзишди. Шу боис менинг ҳомиладорлик нафақам ҳисоб-китобига унинг суммасини қўшишни рад этишди, чунки мен декрет таътилида эдим. Бироқ мукофот мен ишлаган II чорак учун ҳисобланган-ку. Саволимга жавоб берсангиз, менга декрет пули ҳисоб-китобига мукофот пулини қўшмаганликлари тўғрими?
А.Тошматова.
– Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай шаклида ишлайдиган ходимлар учун ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини (декрет пули)ни ҳисоблаб чиқариш учун ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олинадиган доимий қўшимча ҳақлар ва устамалар ва барча мукофотларнинг 1/12 қисми ҳисобга олинган ҳолда суғурта бадаллари тўланиши шарти билан, ойлик маош олинади (Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомнинг 5-параграфи, МАИМҚВнинг АВ томонидан 8.05.2002 йилда 1136-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган).
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бошланган куни деб меҳнатга қобилиятсизлик варағида кўрсатилган сана ҳисобланади. Шу сабабли, агар ҳомиладорлик ва туғиш таътилингиз июлда бошланса, нафақа ҳисоб-китоби учун бухгалтер сизга августда эмас, балки июлда белгиланган маошни (қўшимча ҳақлар ва устамаларни ҳисобга олган ҳолда) олиши керак.
Чораклик мукофот сизга ҳомиладорлик ва туғиш таътили бошлангандан кейин ҳисобланган, шу боис нафақа ҳисоб-китобига у киритилмайди.