Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 16 / Бизнинг маслаҳатлар

СТИРни тақдим этмаслик ва солиқ ставкаси

2012 йил август ойида корхонамизга асосий ходим сифатида бир кишини ишга қабул қилган эдик. Ўтган йил бошидан буён у ҳеч қаерда ишламаганлиги сабабли, табиийки, илгари ишланган жойдан олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилмаган эди. Бугунги кунгача биз ундан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини умумбелгиланган тартибдаги шкала бўйича ушлаб келдик. Бироқ, аудиторлик текширувида бизга агар СТИР бўлмаса, солиқни энг юқори ставкада ушлаш керак деб айтишди. Бу ходим ишга кирганда бизга СТИР тақдим этмаган. Шу муносабат билан савол туғилиб қолди.

Биз солиқни энг юқори ставкада ушлашимиз кераклиги қайси ҳужжатда кўрсатилган, мазкур қоида қайси даврдан бошлаб қўлланилади? Ходим ҳозиргача СТИР тақдим этмади, 2013 йилда ҳам солиқни ҳисоблашда энг юқори ставка қўлланиладими?

Салимбой Турсуналиев,

корхона бухгалтери.

Самарқанд шаҳри.

 

– Солиқ кодексининг (СК) 186-моддасига биноан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш белгиланган солиқ солинадиган база ҳамда ставкалардан келиб чиққан ҳолда даромад ҳисобланишига қараб, йил бошидан ортиб борувчи якун бўйича ҳар ойда жисмоний шахснинг асосий иш жойи бўйича солиқ агенти томонидан амалга оширилади.

Дарҳақиқат, йил мобайнида асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи ўзгарган тақдирда, жисмоний шахс жорий йилда ўзига тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммалари тўғрисидаги маълумотномани янги асосий иш (хизмат, ўқиш) жойидаги бухгалтерияга дастлабки иш ҳақи ҳисоблангунига қадар тақдим этиши шарт. Илгариги иш (хизмат, ўқиш) жойидан маълумотнома тақдим этилмаган ёки солиқ тўловчининг идентификация рақами тақдим этилмаган тақдирда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи белгиланган энг юқори ставка бўйича ушлаб қолинади. Маълумотнома ёки идентификация рақами кейинчалик тақдим этилган тақдирда, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси илгариги асосий иш (хизмат, ўқиш) жойида олинган даромадлар инобатга олинган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилинади.

Янги асосий иш (хизмат, ўқиш) жойида жисмоний шахс­лардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш календарь йил бошидан буён илгариги ва янги иш (хизмат, ўқиш) жойларидан олинган жами даромаддан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Биринчи маротаба ишга жойлашаётган ва йил мобайнида ишга қабул қилинаётган ходим СТИР тақдим этмаганда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини энг юқори ставкада ушлаш талаби 2008 йил 1 январдан жорий этилган. Шунга эътибор берингки, солиқ ушлашнинг бундай тартиби ходим ишга қабул қилинган солиқ даври (йил)дагина қўлланади, яъни сизнинг ҳолатингизда 2012 йилда.

Шу тариқа, 2012 йилда ходимингиз СТИР тақдим этмаган, бироқ солиқ белгиланган шкала бўйича ушланганлиги боис, сиз уни 2012 йил учун энг юқори ставкада қайта ҳисоб-китоб қилишингиз ва бюджетга пеняни ҳисобга олган ҳолда қўшимча ҳисобланган суммани тўлашингиз лозим. Бироқ бунда ушланмаларнинг умумий суммаси бўйича чекловга – Меҳнат кодексининг 164-моддаси билан белгиланганидек, ходим иш ҳақининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорга риоя қилиш лозим. Пеня корхонанинг ўз маблағлари ҳисобидан тўланади.

Шуни ҳам билингки, 2013 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ ставкасини қўллаш мақсадида энг кам иш ҳақи миқдори йил бошидан ортиб борувчи якун бўйича (йил бошидан тегишли даврнинг ҳар бир ойи учун энг кам иш ҳақларининг суммаси) ҳисобга олинади. Бунда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини, шунингдек энг кам иш ҳақининг каррали миқдорларида назарда тутилган имтиёзларни ҳисоблаб чиқариш учун энг кам иш ҳақи миқдорининг жорий йилнинг 1 январидаги ҳолати инобатга олинади.

Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎлаганов тайёрлади.

Прочитано: 2523 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика