Корхонамиз 2012 йилда Кармана туман «Варқ» массивида намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган уйлардан бирини сотиб олиш ҳақида «Қишлоқ қурилиш инвест» ихтисослаштирилган инжиниринг компанияси билан шартнома тузиб, жамият таъсисчиларининг умумий йиғилиши баёнига асосан менга ёш мутахассис сифатида ойлик маошимдан босқичма-босқич ушлаб қолиш шарти билан 52 741 500 сўмлик дастлабки бадал ҳамда 62 139 800 сўмлик якуний тўловни ОАТБ «Қишлоқ қурилиш банк»ка ўтказиб берди. Ипотека кредитини босқичма-босқич иш ҳақим ҳисобидан қоплаб борилганда ушбу маблағлардан даромад солиғи, ЯИТ ҳамда суғурта бадаллари тўланадими?
Б.Толибов, «Бинокор транс инвест» МЧЖ иқтисодчиси.
– Хатингизда сиз ёш оила аъзоси тоифасига мансуб ё мансуб эмаслигингиз ҳақида ёзмагансиз. Шунинг учун қуйида икки ҳолат юзасидан тушунтириш беришни лозим топдик.
Биринчи ҳолат. Дастлабки бадал ва кредит тўловлари корхона томонидан қоплаб берилган тақдирда Солиқ кодексининг (СК) 171-моддаси иккинчи қисми 14-бандига биноан ёш оила аъзолари уй-жой олиш учун юридик шахсдан, яъни иш берувчидан олган маблағлари жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди ва ундан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ундирилмайди. Ушбу имтиёз Президентнинг «Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармонининг (18.05.2007 йилдаги ПФ-3878-сон) 4-бандида ҳам келтириб ўтилган.
Бундан ташқари, Фармоннинг 5-банди билан хўжалик субъектларига даромад солиғи ёки ягона солиқ тўловини ҳисоблашда солиқ солинадиган базани ёш оилалар тоифасига кирувчи ходимларга ипотека кредитлари бадаллари тўлашга ва (ёки) мулк сифатида уй-жой сотиб олишга текин берилган маблағлар суммасига тенг ҳажмда, аммо солиқ солинадиган базанинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда, камайтириш ҳуқуқи берилган.
Демак, ушбу тўлов жисмоний шахснинг даромади ҳисобланмаганлиги боис ундан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ЯИТ ҳамда суғурта бадаллари ундирилмайди.
Иккинчи ҳолат. Дастлабки бадал ва кредит тўловлари корхона томонидан қопланиб, кейинчалик ходимнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган тақдирда СКнинг 179-моддаси 30-бандига биноан «Қишлоқ қурилиш банк» АТБнинг кредитлари ҳисобига қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жой қурувчи шахслар томонидан олинган ипотека кредитлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган пул маблағларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайди. Хатингизда сўз фақат олинган ипотека кредити тўғрисида борган, демак бунда уни олиш учун тўланиши лозим бўлган бошланғич бадал назарда тутилмаган.
Тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик тижорат банки томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 25.05.2009 йилдаги 148-сон қарори билан тасдиқланган) бошланғич бадал – қарз олувчининг қурилаётган уй-жой смета қийматининг камида 25 фоизи миқдоридаги қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар)нинг ёки юридик шахс – қарз олувчи иш берувчисининг банкда қарз олувчи номига миллий ёки хорижий валютада очилган омонат қўйилма ҳисобрақамига киритилган пул маблағлари эканлиги белгиланган.
Бундан ташқари, қарз олувчи ипотека кредити бўйича бошланғич бадални тўлаш учун ўз маблағларига эга бўлиши керак (148-сон Низомнинг 11-банди). Бунда бошланғич бадал суммасининг бир қисми ёки унинг жами суммаси қарз олувчининг иш берувчиси ҳисобланадиган юридик шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қарз олувчининг номига банкда очилган омонат қўйилма ҳисобрақамига ўтказилиши мумкин.
Банк томонидан ҳам намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қуриш учун бериладиган ипотека кредитлари таркибида бадал суммаси ҳисобга олинмаган.
Бу ерда шунга эътибор бериш керакки, СКнинг 179-моддаси 30-бандига асосан ёш оила аъзолари томонидан якка тартибда уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун ёки кўп квартирали уйдаги квартирани реконструкция қилиш ва сотиб олиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтирилган суммалар ҳам солиқ солишдан озод қилинган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, сиз ёш оила аъзолари туркумига кирсангиз, уй сотиб олишга тўланган бошланғич бадал ва кредит суммалари ҳам белгиланган тартибда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади. Лекин бунда ушбу тўловлар иш ҳақи тарзидаги даромадларингиздан қоплаётганлиги сабабли улардан ЯИТ ва суғурта бадаллари ҳисобланади.
Агар юқорида кўрсатилган мол-мулк олинган (мол-мулкка бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган) санадан эътиборан 5 йил ичида сотилса, унда бу даромадларга белгиланган тартибда солиқ солинади.
Жавобни экспертимиз Умидбек САФАРОВ
тайёрлади.