Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 12 / Молия бозори

Қонун талаби қатъий, бироқ унга риоя этиш шарт

Ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва қайта жиҳозлаш доирасида ҳамда бизнесни ривожлантириш мақсадида корхонамиз хорижий контрагент билан турли хизматлар кўрсатишга узоқ муддатли, шу жумладан қарз олишга бир йилдан кўп муддатга шартномалар тузишни мўлжаллаяпти. Бундан ташқари, компаниянинг ишбилармонлик амалиётига лизинг операцияларидан фойдаланган ҳолда ускуна харид қилишни киритиш масаласи кўриб чиқиляпти. Бошқа фирмадаги ҳамкасбимнинг айтишича, уларда хориждан маблағ жалб этиш бўйича қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этишмаганлиги туфайли жиддий муаммоларга дуч келишган. Мазкур операцияларни рўйхатдан ўтказиш бўйича алоҳида шартлар мавжудми? Уларнинг қайсилари қўшимча таомилларни тақозо этади?

Аудиторлар компанияси директори.

 

ҲАҚИҚАТАН ҳам, хориждан маб            лағлар жалб этиш билан боғлиқ операциялар «Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1996 йилдаги 263-I-сон) 9-моддасига мувофиқ қўшимча рўйхатдан ўтказилиши керак. Шунингдек, капитал ҳаракати билан боғлиқ битимлар ҳам рўйхатдан ўтказилиши керак (7.05.1993 йилдаги 841-XII-сон «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг1 10-моддаси). Валюта операциясини рўйхатдан ўтказиш учун жавобгарлик шартнома иштирокчиси – резидент зиммасига юкланади, тижорат банклари эса уларга белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган валюта операциялари бўйича хизматлар кўрсатишга ҳақли эмаслар. Ваколатли банк резидент юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларидан маблағларни норезидентларга фақат валюта операцияси Марказий банкда рўйхатдан ўтказилгандан кейингина ўтказа олади.

Юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан хориждан маблағ жалб этиш деганда резидент томонидан бирор-бир активларни муқобил адекват қоплаш, шу жумладан улар учун тўловларни тақдим этиш мажбурияти билан жалб этилиши тушунилади. Хориждан маблағ жалб этишнинг ҳуқуқий асоси бўлиб «Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида», «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги, Капитал ҳаракати билан боғлиқ алоҳида валюта операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом2 (бундан кейин – Низом) ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳисобланади.

Шунга алоҳида эътибор берамизки, валюта операциялари улар ҳақиқатда амалга оширилгунга қадар Марказий банк томонидан рўйхатдан ўтказилади, ҳужжатлар эса тақдим этилган санадан бошлаб 20 кун мобайнида кўриб чиқилади. Рўйхатдан ўтказиш фақат шартномада кўрсатилган валюта операциясини амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Шартнома шартларининг лоақал биттаси – шартнома суммаси, иштирокчилари, предмети, резидент жойлашган жой ўзгарса, уни такроран рўйхатдан ўтказиш керак.

Валюта операциясини рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган ва Марказий банкка резидент юридик шахслар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатларнинг умумий рўйхати Низомнинг 9-бандида келтирилган. Амалиётда улар хизмат кўрсатувчи ваколатли банк ор-қали берилади. Низомда Марказий банк валюта операцияларини рўйхатдан ўтказишни рад этиши эҳтимоли юқори бўлган вазиятлар рўйхати ҳам назарда тутилган (Низомнинг 13-банди).

Рўйхатдан ўтказиш хориждан маблағлар жалб этиш чоғида баъзи бир хусусиятларга эга.

Бундай ҳолдаги валюта операциялари – қарзлар шаклида кредитлар олиш, товарлар ва хизматлар импорти, норезидентларнинг маблағларини ҳисобварақлар ва омонатларга (депозитлар) жалб этиш, лизинг операцияларини назарда тутувчи операциялар – хориждан маблағ жалб этиш муддати 360 кундан ошса, рўйхатдан ўтказилиши керак. Операциялар капитал ҳаракати билан боғлиқ бошқа ҳолларда бундай муддат назарда тутилмаган, яъни улар амалга оширилиш давомийлигидан қатъи назар рўйхатдан ўтказилиши керак.

 

ХУСУСАН, қуйидагилар Марказий банкда мажбурий рўйхатдан ўтказилиши керак:

1) хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар билан чет эл офислари ўртасида тузиладиган, хорижий контрагентлар томонидан бир қатор хизматларни назарда тутадиган (бош-қарув ходимларини тақдим этиш, интеллектуал мулк масалаларини тартибга солиш, масалаларнинг кенг доираси бўйича – МҲХС бўйича молиявий ҳисоботни тайёрлашдан тортиб, сертификатлаштириш ва ташқи бозорни ўрганишга қадар – маслаҳатлар бериш, шунингдек бошқа бир қатор худди шундай масалалар бўйича) турли узоқ муддатли шартномалар. Улар бўйича тўловлар одатда роялти тусида бўлади. Шуни ҳисобга олиш лозимки, агар шартномаларнинг муддати 360 кундан ошса, номидан қатъи назар (масалан, «Бошқарув хизматларини кўрсатиш тўғрисида келишув», «Бош лицензия келишуви» ва ҳоказо), шартномалар рўйхатдан ўтказилиши керак;

2) 360 кундан кўп муддатга хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида хизматлар кўрсатиш ёки мураккаб технологик ускунани етказиб бериш, монтаж қилиш ва созлаш тўғрисида узоқ муддатли шартномалар. Низомнинг 17, 31 ва 53-бандлари талабларидан келиб чиқиб, банклар мазкур операциялар бўйича рўйхатдан ўтказмасдан хизмат кўрсатиш ва тўловларни ўтказишга ҳақли эмаслар, яъни валюта маблағларини ўтказиш қонунга хилоф бўлади ва битимлар ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин;

3) Низомнинг IV бўлимида норезидентларга 360 кундан кўп бўлган муддатга қарзлар, товарлар ёки хизматлар экспортини молиялаштириш, лизинг шаклида кредитлар тақдим этиш операцияларини рўйхатдан ўтказиш назарда тутилган, ҳолбуки «Хориждан маблағ жалб қилиш тўғрисида»ги Қонун хориждан маблағлар жалб этишга айни қарзларни жалб этиш, хизматлар ва товарлар импортини амалга оширишни киритади. Низомни ишлаб чиқувчилар бундай операцияларни капитал ҳаракати билан боғлиқ инвестиция фаолиятига киритганликлари эҳтимолдан холи эмас. Акс ҳолда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг3 (14.12.2000 йилдаги 160-II-сон) меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни талқин қилиш жараёнида ўзгартиришлар ёки қўшимчалар қилишга ҳамда идоравий ҳужжатларнинг қонунга зид келишига йўл қўймайдиган 7, 12, 16 ва 43-моддалари бузилади;

4) Кўчмас мулкни сотиб олиш билан боғлиқ ва хорижий валютани резидентларнинг банк ҳисобварақларидан норезидентларга хорижда бинолар, иншоотлар ва бошқа хил кўчмас мулкни сотиб олиш учун ўтказишларни назарда тутадиган операциялар бўйича шартномалар, шунингдек резидент томонидан хорижда кўчмас мулкни сотиш бўйича битимлар. Бунда «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунга кўра, норезидент томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кўчмас мулкни харид қилиш ва сотиш тартибини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди, бироқ ҳозиргача бу тартиб қабул қилинмаган. Шу сабабли мазкур операциялар умумий тартибда кадастр органларида рўйхатдан ўтказилган ҳолда амалга оширилади, бунда Марказий банк ёки бошқа ваколатли органда қўшимча рўйхатдан ўтказилмайди, бу эса, моҳиятга кўра, иқтисодиётнинг мазкур сегменти учун инвестициялар жозибадорлигини ижобий тарзда оширади.

Резидентлар ўзларига хорижда тегишли бўлган бинолар, иншоотлар ва бошқа хил кўчмас мулкни сотганда бунда олинган валюта тушумини Ўзбекистон ваколатли банкларидаги ўз банк ҳисобварақларига қайд этишлари шарт;

5) резидентлар томонидан пул маблағларини хорижга қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шаклларда инвестицияларни амалга ошириш мақсадида ўтказишни назарда тутадиган инвестиция шартномалари;

6) инвестиция фаолиятига доир бошқа операциялар бўйича шартномалар, чунки «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси ва Низомнинг 2-бандида ЎзР Марказий банкининг ваколатлар доирасига умуман ҳудуд, инвестиция фаолияти субъектлари (резидент ва норезидентлар), инвестиция шаклларини кўрсатмасдан инвестиция фаолиятини амалга ошириш чоғида валюта операцияларини рўйхатдан ўтказиш тартибининг таърифи киритилган.

Қуйидагилар бундай шартномаларга мисол бўла олади:

комплекс тадбиркорлик лицензияси (франшизинг) шартномаси, уни бир вақтнинг ўзида хориждан маблағлар жалб этишга (уларнинг амал қилиш муддати одатда 360 кундан кўп бўлади, норезидентга даврий валюта тўловлари (роялти) амалга оширилади) ҳам, инвестиция фаолиятига (интеллектуал мулкка ҳуқуқларни бериш амалга оширилади) ҳам киритиш мумкин;

концессия тўғрисидаги шартнома;

акциялар (улушлар) олди-сотди шартномаси;

шакллари «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (24.12.1998 йилдаги 719-I-сон) 4-моддаси ва «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг (30.04.1998 йилдаги 609-I-сон) 3, 5-моддаларида келтирилган, инвестиция фаолияти доирасида тузиладиган бошқа шартномалар.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, ушбу масалаларни ҳар бир аниқ ҳолда хориждан маблағлар жалб этиш ва инвестиция фаолиятини амалга ошириш чоғида кўриб чиқиш ҳамда профессионал аудиторлар ёки юристлар билан маслаҳатлашиш ёхуд хатарларни камайтириш мақсадида ваколатли ташкилотларга расмий сўровлар билан мурожаат қилиш тавсия этилади.

 

РЕЗИДЕНТ юридик шахслар барча операцияларни рўйхатдан ўтказилган шартномаларнинг шартларига мувофиқ амалга оширишлари, улардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажаришлари, ҳар чоракда ваколатли банкка уларнинг ижроси тўғрисида ахборот тақдим этишлари, юқорида белгиланган ҳолларда шартномаларни қайта рўйхатдан ўтказишлари, уларнинг муддатлари узайтирилган, тўловлар муддати кечиктирилган, шунингдек шартнома мажбуриятлари тўлиқ бажарилган ҳолларда бундан ваколатли банкни хабардор қилишлари шарт.

Аудиторлик амалиётида ваколатли банк ҳам, резидент корхона ҳам бундай талаблар билан таниш бўлмаган ва бундай операцияларни, шу жумладан битимлар бўйича валюта маблағлари ўтказилишини, асоссиз равишда ва қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ўтказишлари мумкин бўлган ҳоллар кўп учрайди. Бирор-бир ҳуқуқбузарликлар муҳокама қилинган ва хатарлар баҳоланганда компанияларнинг мулкдорлари, раҳбарлар ва бош бухгалтерлар эҳтимолий салбий оқибатлар ёки жазо чоралари билан қизиқадилар. Мазкур ҳолларда салбий таъсир компания учун жуда кўламли ва салмоқли, ҳатто ҳалокатли бўлиши мумкин.

Биринчидан, ҳолбуки хориждан маблағ жалб этиш ва капитал ҳаракати билан боғлиқ битимлар мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиши керак экан, ушбу талабга риоя этмаслик, Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 112-моддасига кўра унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади ва бундай битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бунда ФКнинг 114-моддасига мувофиқ тарафларнинг ҳар бири бошқасига битим бўйича олган ҳамма нарсани қайтариб бериши, олинган нарсани аслича (шу жумладан олинган нарса мол-мулкдан фойдаланиш, бажарилган иш ёки кўрсатилган хизмат билан ифодаланганда) қайтариб бериш мумкин бўлмаганида эса, унинг қийматини пул билан тўлаши шарт.

Бундан ташқари, битимни ҳақиқий эмас деб топиш оқибатида хорижий валютадаги пул маблағларини Ўзбекистондан ташқарига асоссиз ўтказиш хўжалик юритувчи субъект мансабдор шахсларининг ҳаракатларини Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш деб (Жиноят кодексининг 175-моддаси), қилинган харажатлар суммасини эса муддати кечиктирилган валюта дебиторлик қарзи ва етказилган зарар деб квалификациялаш хатарини юзага келтиради.

Иккинчидан, лизинг операцияларини, янги технологик ускуналарни олиб киришни амалга оширадиган корхоналарга, хорижий инвесторлар иштирокидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширадиган, шунингдек маҳаллийлаштириш дастурига кирадиган компанияларга берилган турли солиқ ва божхона имтиёзлари бобида хатарлар пайдо бўлади ва улар низоланиши мумкин. Бунга мисол қилиб қуйидагиларни келтириш мумкин:

Президентнинг 27.01.2009 йилдаги ПҚ-1048-сон ва 29.07.2011 йилдаги ПҚ-1590-сон қарорлари билан Маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш дастурига киритилган корхоналарга берилган божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар низоланиши мумкинлиги, агар олиб кириладиган технологик ускуна, шунингдек республикада ишлаб чиқарилмайдиган, маҳаллийлаштириладиган маҳсулот ишлаб чиқарилаётганда фойдаланиладиган компонентлар бўйича шартномалар 360 кундан кўп муддатга тузилган бўлса, чунки операция хориждан маблағлар жалб этишга киритилади;

Солиқ кодексининг 211-моддаси ва «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1997 йилдаги 470-I-сон) 33-моддаси билан берилган, технологик ускуна олиб кираётганда ҚҚС ва импорт божхона божлари бўйича имтиёзларни тан олмаслик хатарлари, агар модернизациялаш, реконструкция қилиш, техник қайта жиҳозлаш, янги қурилиш доирасидаги шартномалар 360 кундан кўпга амал қилса;

инвестор билан давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шартнома бўйича инвестиция мажбуриятлари сифатида олиб кириладиган мол-мулк импортида СК 211-моддасининг 8-бандига кўра қўлланган ҚҚС бўйича имтиёзни низолашиш эҳтимоли мавжуд, чунки бир қатор ҳолларда инвестиция мажбуриятларини узоқ вақт мобайнида ижро этиш назарда тутилади;

Президентнинг «Нефть ва газ конларини разведка қилиш ҳамда уларни қазиб чиқаришга бевосита хорижий сармояларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони (28.04.2000 йилдаги ПФ-2598-сон) 4-банди нефть ва газ конларини қидириш ва разведка қилиш ишларини амалга оширувчи хорижий компаниялар, шунингдек улар томонидан жалб этиладиган хорижий пудрат ва ёрдамчи пудрат ташкилотлари разведка қилиш ва бошқа тегишли ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган машина-ускуналарни, моддий-техника ресурслари ва хизматларни импорт қилиш чоғида божхона тўловларини тўлашдан озод қилинишини назарда тутади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ ушбу соҳадаги лойиҳалар ва шартномаларнинг узоқ муддатли хусусияти ?5 йил ва ундан кўпга), шунингдек концессия шартномаларини тузиш мумкинлиги белгиланган. Мазкур тармоқда шартномаларнинг энг фаол шакли бўлиб шунингдек узоқ муддатли асосда тузиладиган маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги келишувлар ҳисобланади. Бинобарин, бу ҳолларда ҳам валюта операцияларини қўшимча рўйхатдан ўтказиш зарурати юзага келиши мумкин;

Президентнинг «Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Фармони (11.04.2005 йилдаги ПФ-3594-сон) 2-бандига кўра юридик шахсларнинг фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича имтиёзларни қўллашнинг мажбурий шарти бўлиб хорижий инвестицияларни эркин алмаштириладиган валюта ёки янги замонавий технологик ускуна тарзида қўйиш ҳисобланади. Бироқ агар инвестициялаш Марказий банкда рўйхатдан ўтказиш йўли билан тартибга солинадиган валюта операциялари аломатлари мавжуд бўлган валюта операциялари асосида амалга оширилса, кўрсатилган имтиёзлар бекор қилиниши мумкин.

 

БАЁН этилганлардан келиб чиқиб, бир қатор тавсияларни келтириш мумкин:

1.  Кўриб чиқилган, давлат рўйхатидан ўтказиш мақсадида идентификациялашни талаб қиладиган валюта операциялари қонун ҳужжатларининг қатъий талаблари ва бизнес учун эҳтимоли жуда юқори бўлган оқибатлари туфайли юқори даражада компетенция ва алоҳида мониторингни  тақозо этади. Шу сабабли раҳбарлар, бош бухгалтерлар, юристлар, ички ва ташқи аудиторлар давлат рўйхатидан ўтказилиши зарур бўлган вазиятларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Мазкур масалалар бўйича ўз маслаҳатчиларингизнинг хабардорлигига шубҳа туғилганида қарорнинг ҳақиқатан юқори сифати ва бизнес учун тавсияларнинг самарадорлигини таъминлайдиган профессионал аудиторлик ёки адвокатлик компанияларига мурожаат қилиш имкониятини изланг.

2. Амалиётнинг далолат беришича, баъзи тижорат банклари мазкур валюта операцияларини (шартномаларни) тартибга солиш бўйича қонун ҳужжатларининг талабларини профессионал даражада кўриб чиқиш ва қўллашнинг етарлича тажрибасига эга бўлмасликлари мумкин. Мустақил мониторингдан кейин банкингиз вакиллари билан аниқ эҳтимолий вазиятларни муҳокама қилиш ва уларни ҳал қилишнинг қонуний усулларини келишиб олишни тавсия қиламиз.

3. ЎзР Марказий банки ўзининг юқори профессионал мутахассислари тимсолида ваколатли ва холис рўйхатдан ўтказувчи орган сифатида давлат рўйхатидан ўтказиладиган ҳар бир валюта операциясини эътибор билан ва батафсил кўриб чиқади. Шу сабабли рўйхатдан ўтказишгача операциялар ва ҳужжатларни синчиклаб олдиндан тайёрлашни таъминлаш, шунингдек рўйхатдан ўтказиш жараёнида ва валюта операциялари ижросининг кейинги фаолиятида малакали маслаҳатлашув ёхуд аудиторлик кузатувини олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади.

P.S. Шунга эътибор қаратиш лозимки, берилган саволни тадқиқ қилиш жараёнида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар синчиклаб ўрганилганига қарамай, чоп этилаётган жавоб профессионал маслаҳат ҳисобланмайди. У саволда баён этилган вазиятни ўрганган шахсларнинг фикрини ифодалайди.

Ушбу материалда баён этилган фикр саволни қўшимча ўрганиш ва келгусида муҳокама қилиш учун имконият қолдиради. Ҳар қандай ҳолда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқ қўллаш олдидан, айрим ҳолларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш ва масалага ойдинлик киритиш учун профессионал маслаҳат олиш мақсадга мувофиқдир.

 

111.12.2003 йилдаги 556-II-сон Қонун таҳририда.

2МБ бошқарувининг АВ томонидан 18.03.2005 йилда 1457-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

324.12.2012 йилдаги ЎРҚ-342-сон Қонун таҳририда.

Гўзал ИСЛОМОВА,

«Baker Tilly Tashkent» МЧЖ бошқаруви раиси.

Олег ДАМИНОВ, адвокат.

(Материалнинг тўлиқ матнини norma.uz сайтида ўқинг.)

Прочитано: 2983 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика