МЧЖ шаклидаги корхонамиз ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланади ва у ҚҚС тўловчилар тоифасига ўтмаган.
Корхонамиз «Атлантика» МЧЖ бош пудратчи буюртмачи корхонаси билан 2012 йилнинг май ойида техник соз, машина ва механизмларни ажратиш ҳамда хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзолаган.
Шартномага асосан буюртмачига 2012 йил давомида 330 млн сўмлик машина ва механизмларга хизмат кўрсатилган ва уларга доир ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилган.
Бундан ташқари, йил давомида ёқилғи маҳсулоти билан узлуксиз таъминланиш мақсадида буюртмачи бизга 160 млн сўмлик автомобиль бензинини ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштирган ҳолда шартнома тузмасдан етказиб берган. Бу ҳисобварақ-фактураларда 6 млн сўмлик қўшимча харажатлар ва 33 млн сўмлик ҚҚС ҳисоблаб ёзилган.
Ушбу операцияларни шартномасиз амалга ошириш орқали биз бирор-бир қонунчиликни бузмаяпмизми?
«Қурувчи» МЧЖ бош бухгалтери.
– Махсус белгиланадиган тартиб бўйича сотиладиган моддий-техника ресурсларининг стратегик турлари рўйхатида (ВМнинг 5.02.2004 йилдаги 57-сон қарори билан тасдиқланган) автомобиль бензини ҳам назарда тутилган. Ушбу Рўйхатда келтирилган, белгиланадиган нархлар бўйича сотиб олинган маҳсулотдан, яъни автомобиль бензинидан фақат ишлаб чиқариш мақсадларида фойдаланилади ва улар қайта сотилмаслиги белгилаб қўйилган.
Мазкур маҳсулотларнинг истеъмолчилар томонидан қайта сотилиши ҳоллари аниқланган тақдирда эса бундан олинган даромад белгиланган тартибда (ВМнинг 28.10.2010 йилдаги 239-сон қарорига биноан) олиб қўйилади. Сизнинг ҳолатингизда бу сумма 6 млн сўмни (қўшимча харажатлар) ташкил қилади.
Бундан ташқари, бундай қонунбузарликка йўл қўйган корхона раҳбарлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка ҳам тортиладилар.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шартнома шартига қўшимча киритиш ва унда ёқилғи билан таъминлаш мажбуриятини буюртмачининг зиммасига юклатиш керак бўлади.
Ушбу ҳолда буюртмачи томонидан автомобиль бензинини ҳисобварақ-фактура асосида эмас, балки хом ашёни топшириш юкхати орқали бериш ва ўз навбатида, хом ашёнинг ишлатилиши тўғрисида ҳисоботни тузиб бориш керак.
Солиқ кодексининг 355-моддасига асосан қурилиш ташкилотларида ишлаётган корхоналар учун товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум деганда ўз кучлари билан бажарилган ишларни реализация қилишдан тушган тушум тушунилади. Бунда, агар юқорида қайд этилган ишларни материаллар билан таъминлаш мажбурияти шартномага биноан буюртмачининг зиммасида бўлса, ушбу материалларга бўлган мулк ҳуқуқи буюртмачининг ўзида сақланиб қолган тақдирда, ўз кучлари билан бажарилган ишларни реализация қилишдан олинадиган тушум бажарилган ҳамда тасдиқланган ишларнинг буюртмачи материалларининг қиймати киритилмаган ҳолдаги қиймати сифатида белгиланиши кўрсатиб ўтилган.
Сизнинг ҳолатингизда буюртмачига тўланган 199 млн сўм (160 млн сўмлик бензин, 6 млн сўмлик қўшимча харажат ва 33 млн сўмлик ҚҚС) хизмат кўрсатувчига қайтарилиши лозим. Буюртмачига кўрсатилган хизматлар учун тақдим қилинган 330 млн сўмлик ишидан 166 сўм (автомобиль бензини қиймати + қўшимча харажатлар) камайтириш керак (агар ушбу сумма корхоналар ўртасида бир бирликни ташиш учун ишлаб чиқилган қиймат ичида назарда тутилган бўлса).
Жавобларни экспертимиз Умидбек САФАРОВ тайёрлади.