Жамиятимиз умумбелгиланган тартибдаги солиқ тўловчи ҳисобланади. Жамият таркибида мустақил балансга ва алоҳида ҳисобрақамига эга бўлган юридик шахс ҳисобланувчи 8 та шуъба корхона мавжуд. Қуйидаги саволларимизга жавоб берсангиз.
1. Шуъба корхоналар йил якуни бўйича жамиятга топширган баланслари йиғилган ҳолда акциядорларнинг умумий йиғилишида олинган соф фойда тақсимланади. Соф фойданинг дивиденд учун йўналтирилган қисми акциядорларга (юридик ва жисмоний шахсларга ) эгалик қилаётган акциясига қараб тақсимланади, тақсимланган дивиденд учун дивиденд солиғи ким томонидан, қандай тартибда тўланади?
2. Қуйидаги қайд этилган кўрсаткичлар молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг (2-сон шаклнинг) қайси сатрларида акс эттирилади:
а) жамиятни сақлаш учун шуъба корхоналаридан келиб тушган тўловлар (даромадлар);
б) шуъба корхоналаримиз томонидан бизнинг ҳисобрақамга ўтказилган дивидендлар;
в) шуъба корхоналаримиз томонидан корхонамиз ҳисобига ўтказиб берилган тўловлар ҳисобидан амалга ошириладиган корхонани бошқариш ва бошқа мақсадлардаги харажатлар.
Ш.Тешаев, «Навоийсувқурилиш» ОАЖ бошқаруви раиси.
Навоий вилояти.
– 1. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 53-моддасига асосан дивиденд фойданинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан, қайта инвестиция амалга оширилганидан сўнг акциядорлик жамияти ихтиёрида қоладиган, акциядорлар ўртасида тақсимланиши керак бўлган қисмидир. Жамият акцияларнинг ҳар бир тури бўйича эълон қилинган дивидендларни тўлаши шарт. Дивидендлар акциядорлар жамиятининг умумий йиғилиши қарорига биноан пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари билан тўланиши лозим.
Дивидендлар жамият тасарруфида қоладиган соф фойдадан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади. Муайян турдаги имтиёзли акциялар бўйича дивидендлар жамиятнинг бунинг учун махсус мўлжалланган фондлари ҳисобидан тўланиши ҳам мумкин. Дивидендлар тўлаш муддати ва тартиби жамият уставида ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши қарори билан белгиланади. Дивидендлар тўлаш муддати шундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан 60 кундан кеч бўлмаслиги лозим (Қонуннинг 56-моддаси).
Солиқ кодекси (СК) билан дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадларга солиқ солишнинг алоҳида тартиби назарда тутилган, яъни уларга тўлов манбаида 10%лик ставка бўйича, ушбу даромадлар кимга – юридик ёхуд жисмоний шахсга тўланишидан қатъи назар, солиқ солинади. Солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш бўйича жавобгарлик даромад тўлайдиган корхона зиммасида бўлади. Бунда у қўллайдиган солиқ солиш тизими (соддалаштирилган ёки умумбелгиланган солиқ солиш) аҳамиятга эга эмас.
Президентнинг 29.12.2008 йилдаги ПҚ-1024-сон қарори билан жисмоний шахсларнинг микрофирма ва кичик корхоналарни таъсис этишдан олинадиган дивиденд тарзидаги даромадлари 5 йил муддатга солиқ солишдан озод қилинган.
Бу имтиёзни қўллаш тартиби Дивиденд тарзидаги даромадларни солиқ солишдан озод этиш тўғрисида низомда* белгилаб қўйилган.
Шу тариқа, дивидендлар ва фоизларга тўлов манбаида солиқ солинади (СКнинг 156-моддаси). СКнинг 165-моддасига мувофиқ тўлов манбаида олинадиган фойда солиғини юридик шахслар тўлаш пайтида ушлаб қолишлари шарт.
2. Маълумки, молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботни (2-сон шакл) тўлдириш тартиби Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидалар (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган) асосида амалга оширилади:
а) жамиятни сақлаш учун шуъба корхоналаридан келиб тушган тўловларни (даромадларни) акс эттириш учун алоҳида сатр мўлжалланган бўлиб, жумладан, бу сатрда «Асосий фаолиятдан бошқа даромадлар» моддасида (090-сатр) асосий фаолиятдан бошқа даромадларни ҳисобга олиш ҳисобварақларида (9300) ҳисоби юритиладиган даромадлар (асосий воситалар ва бошқа активларнинг чиқиб кетишидан фойда, ундирилган жарима ва пенялар, ўтган йиллар фойдаси, қисқа муддатли ижарадан даромадлар, кредиторлик ва депонентлик қарзини ҳисобдан чиқаришдан даромадлар, хизмат кўрсатувчи хўжаликларнинг даромадлари, текин молиявий ёрдам ва бошқа операцион даромадлар) кўрсатилади;
б) шуъба корхоналар томонидан сизнинг ҳисоб рақамингизга келиб тушган дивидендлар учун ҳам алоҳида сатр мўлжалланган бўлиб, унда «Дивидендлар кўринишида даромадлар» моддасида (120-сатр) 9520-«Дивидендлар кўринишида даромадлар» ҳисобварағида ҳисоби юритиладиган дивидендлар (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва ундан ташқарида бошқа корхоналар фаолиятида улушбай иштирок этишдан олинган даромадлар, корхона эгалигида бўлган акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар бўйича) акс эттирилади. «Молиявий фаолиятдан бошқа даромадлар» моддаси бўйича (160-сатр) ҳисоби 9510-«Роялти кўринишида даромадлар», 9560-«Қимматли қоғозларни қайта баҳолашдан даромадлар», 9590-«Молиявий фаолиятдан бошқа даромадлар» ҳисобварақларида ҳисоби юритиладиган даромадлар (қимматли қоғозларни қайта баҳолашларни ўтказишдан даромадлар, роялти кўринишида даромадлар ва молиявий фаолиятдан бошқа даромадлар) кўрсатилади;
в) сиз қайд этган харажатларни акс эттириш бўйича алоҳида сатрлар мўлжалланган бўлиб, жумладан, «Маъмурий харажатлар» моддасида (060-сатр) 9420-«Маъмурий харажатлар» ҳисобварағида ҳисоби юритиладиган харажатлар (корхонани бошқариш харажатлари, бошқарув ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари, умуммаъмурий мақсаддаги асосий воситаларни таъмирлаш харажатлари, умумхўжалик мақсадидаги хоналарнинг ижара ҳақи ва бошқа маъмурий харажатлар) акс эттирилади.
Жумладан, «Бошқа операцион харажатлар» моддаси бўйича (070-сатр) 9430-«Бошқа операцион харажатлар» ҳисобварағида ҳисоби юритиладиган харажатлар (кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш харажатлари, ахборий, аудиторлик ва маслаҳат хизматларига ҳақ тўлаш харажатлари, компенсациялайдиган ва рағбатлантирадиган хусусиятдаги тўловлар, иш ҳақини ҳисоблаб ёзишда ҳисобга олинмайдиган тўловлар ва харажатлар, банк ва депозитарий хизматларига ҳақ, зарарлар, жарималар, пенялар ва операцион фаолият жараёнида юзага келадиган, ишлаб чиқариш жараёни, молиявий фаолият билан боғланмаган ва харажатларнинг фавқулодда моддалари сифатларига эга бўлмаган бошқа харажатлар) акс эттирилади.
Шунингдек, «Келгусида солиқ солинадиган базадан чиқариладиган ҳисобот даври харажатлари» моддаси бўйича (080-сатр) Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 1999 йил 5 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) 2.4-бўлимида келтирилган, келгусида солиқ солинадиган базадан чиқариладиган ҳисобот даври харажатлари акс эттирилади ва 9440-«Келгусида солиқ солинадиган базадан чиқариладиган ҳисобот даври харажатлари» ҳисобварағида умумлаштирилган ҳисоб маълумотлари бўйича тўлдирилади.
*МВ, ДСҚ ва ИВнинг АВ томонидан 2009 йил 10 февралда 1901-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.