«Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг1 4-моддасига мувофиқ инвесторлар инвестицияларни қуйидаги йўллар билан амалга оширишлари мумкин:
юридик шахслар тузиш ёки уларнинг устав жамғармаларида (капиталларида) улушли иштирок этиш, шу жумладан, мол-мулкни ёки акцияларни олиш;
қимматли қоғозларни, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан эмиссия қилинган қарз мажбуриятларини олиш;
концессияларни, шу жумладан, табиий ресурсларни қидириш, ишлаб чиқиш, қазиб олиш ёки улардан фойдаланишга бўлган концессияларни олиш;
мулк ҳуқуқини, шу жумладан, улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари объектларига, турар жойларга мулк ҳуқуқини, шунингдек ерга ҳамда бошқа табиий ресурсларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланиш (шу жумладан, ижара асосида фойдаланиш) ҳуқуқини қонун ҳужжатларига мувофиқ олиш.
Инвесторлар инвестицияларни қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда ҳам амалга оширишлари мумкин.
«Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасига мувофиқ реинвестициялар – инвесторнинг фаолияти натижасида олинган фойдани (даромадни) муомалага киритишдир.
Кўрсатилган Қонуннинг 8, 23-моддаларига мувофиқ инвестор инвестиция объектларига ва уларнинг натижаларига эгалик қилиш, улардан фойдаланиш, уларни тасарруф этиш, шунингдек реинвестиция қилиш ҳуқуқига эга. Инвестиция фаолияти натижасида олинган фойда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангач, унинг хоҳишига кўра реинвестиция қилиниши ёки бошқа ҳар қандай усулда ишлатилиши мумкин.
«Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг2 3-моддасига мувофиқ чет эллик инвесторлар асосан даромад (фойда) олиш мақсадида тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига қўшадиган барча турдаги моддий ва номоддий бойликлар ва уларга доир ҳуқуқлар, шу жумладан, интеллектуал мулкка доир ҳуқуқлар, шунингдек чет эл инвестицияларидан олинган ҳар қандай даромад Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл инвестициялари деб эътироф этилади.
Тадбиркорлик фаолияти ва бошқа турдаги фаолият объектларига чет эллик инвесторлар томонидан реинвестиция тариқасида қўшиладиган даромад деганда Ўзбекистонда инвестициялашдан олинган ҳар қандай маблағ, шу жумладан фойда, фоизлар, дивидендлар, роялти, лицензия ва комиссион мукофотлар, техникавий ёрдам, техник хизмат кўрсатиш учун тўловлар ва бошқа шаклдаги мукофот пуллари тушунилади.
Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилувчи корхоналар учун солиқ имтиёзларини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг3 5-бандига кўра солиқ имтиёзлари уларнинг қўлланилиши муддати давомида имтиёзлардан олинган даромадни корхонани янада ривожлантириш мақсадида қайта инвестициялашга йўналтириш шарти билан қўлланади. Мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилишича, хорижий инвестор томонидан имтиёзларнинг амал қилиш муддати мобайнида фойдани репатриация қилиш ва капитални олиб чиқиб кетиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, у фақат унинг амал қилиш даврида имтиёз туфайли «тежалган» солиқлар суммаси бюджетга қопланганидан кейингина бажарилиши мумкин.
Қонун ҳужжатларида Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини амалга оширишдан олинган даромадни чиқариш ва уни кейин республиканинг инвестиция фаолияти объектларига йўналтириш бўйича тўғридан-тўғри тақиқ мавжуд эмас. Бироқ хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий инвесторларга бериладиган солиқ имтиёзлари ва преференциялар қўлланган тақдирда даромадни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш назорат қилувчи органлар томонидан фойданинг репатриация қилиниши деб баҳоланиши мумкин ва, эҳтимол шундай баҳоланади ҳам. Бу эса берилган имтиёз ва преференцияларни улар берилган санадан бошлаб бекор қилишга ҳамда улар бўйича имтиёзлар берилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларининг бюджетга ундирилишига олиб келади. Бунинг тескарисини исботлаш вазифаси тадбиркорлик субъекти зиммасига юкланади, у идентификациялашнинг аниқ тартиби мавжуд бўлмаганида фойдани хориждан қайтариш операцияларига доир ҳужжатлар ва шарҳлар ёрдамида қайта инвестициялашни асослашга мажбур бўлади.
Хатарларни пасайтириш мақсадида, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ва хорижий инвесторларга солиқ имтиёзлари ҳамда преференциялар берилишини тартибга соладиган ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қоидаларни ҳисобга олган ҳолда, қўйиладиган даромадни қайта инвестициялаш деб эътироф этиш учун олинган даромад суммасини Ўзбекистондан ташқарига чиқармаслик тавсия қилинади.
P.S. Гарчи берилган саволни тадқиқ қилиш жараёнида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар чуқур ўрганилган бўлса-да, чоп этилаётган жавоб профессионал маслаҳат ҳисобланмайди. Жавобда ушбу вазиятни ўрганган шахсларнинг фикрлари ифодаланган холос.
Ушбу материалда баён этилган фикр масалани қўшимча ўрганиш ва келгусида муҳокама қилиш учун имконият қолдиради. Ҳар қандай ҳолда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқ тарзда қўллашдан аввал, айрим ҳолларнинг ўз хусусиятларини ҳисобга олиш ва муайян вазият учун мақбул қарор қабул қилиш учун профессионал маслаҳатга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.
124.12.1998 йилдаги 719-I-сон.
230.04.1998 йилдаги 609-I-сон.
3МВ, ДСҚ ва ИВнинг АВ томонидан 11.01.2012 йилда 2312-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Олег ДАМИНОВ, аудитор.
Андрей ЛУБЕНЕЦ, адвокат.