Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 5 / Устуворликлар

Ўзбекистон Республикаси марказий банкининг ахбороти

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хорижий ва миллий тажрибани чуқур таҳлил этиб, 2013 йилнинг 1 февралидан бошлаб республика аҳолисига чет эл валютасини сотишнинг такомиллаштирилган тартиби жорий қилинаётганини хабар қилади.

Ушбу тартиб халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган, шунингдек, мамлакатимизда ҳам ўз ижобий жиҳатларини кўрсатган жисмоний шахсларга чет эл валютасини халқаро тўлов карточкасидан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда сотиш усулини қўллашни кенгайтиришни назарда тутади.

Ўзбекистонда бундай операциялар 1994 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг йигирмадан ортиқ ваколатли тижорат банки томонидан халқаро тўлов карточкалари муомалага чиқарилмоқда ҳамда улардан 233 мингдан зиёд жисмоний шахслар кенг фойдаланмоқда.

Ўзбекистондаги барча тижорат банклари «VISA International», «MasterCard» ва бошқа нуфузли халқаро тўлов тизимларининг тўлақонли аъзоси ҳисобланиб, улар реал вақт режимидаги банклараро тўловларни амалга ошириш имконини берувчи «СВИФТ» халқаро тизимига уланган.

Халқаро тўлов карточкасидан фойдаланиш дунёнинг исталган мамлакатида товарлар ва хизматлар учун ҳисоб-китобларни ўша давлатда муомалада бўлган валютада амалга ошириш бўйича ўз эгасига унинг банк ҳисобварағидаги маблағларни тасарруф этиш имкониятини яратиши билан анча устунликка эга эканлигини кўрсатмоқда. Бунда мазкур ҳисоб-китобларнинг амалга оширилиши нуфузли, умумэътироф этилган халқаро тўлов марказлари томонидан кафолатланган.

Шу билан бирга, халқаро тўлов карточкаларидан фойдаланиш, нақд валютадан фойдаланишдан фарқли равишда, маблағларнинг хавфсизлиги ва сақланишини кафолатлайди. Хусусан, тўлов карточкаси йўқолган тақдирда ҳам маблағлар банк ҳисобварағида сақланаверади ҳамда ундан фақат эгасининг ўзи фойдаланиши мумкин бўлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, валюта айирбошлаш жараёнини янада соддалаштириш мақсадида, 2013 йилнинг 1 февралидан бошлаб ваколатли банклар томонидан Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган барча жисмоний шахсларга чет эл валютасини нақдсиз шаклда, уларнинг шахсий банк пластик карточкасидаги миллий валютани чет эл валютасидаги халқаро тўлов карточкасига ўтказиб бериш йўли билан сотиш механизмини жорий этиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Чет эл валютасининг жисмоний шахсларга нақд пулсиз шаклда сотилиши билан боғлиқ барча операциялар ваколатли банкларнинг вилоят, шаҳар ва туман филиалларида очилган ҳамда аҳолига тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатиш бўйича барча зарур техник ускуналар билан таъминланган махсус конверсион операциялар бўлимлари орқали амалга оширилади.

Жисмоний шахслар чет эл валютасини сотиб олиш учун ваколатли банкларнинг конверсион операциялар бўлимига фақат қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари зарур:

– шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, яшаш гувоҳномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хизматчилари учун ҳарбий билет);

– чет эл валютасини сотиб олиш учун белгиланган шаклдаги ариза;

– валюта айирбошлаш операциясини амалга ошириш учун банк ҳисобида етарли миқдордаги миллий валюта мавжуд бўлган шахсий банк пластик карточкаси.

Банкнинг масъул ходимлари тез ва қисқа муддатда ариза берувчи-жисмоний шахснинг хорижда барча ҳисоб-китобларни чекланмаган ҳолда амалга ошириш имконини берувчи халқаро тўлов карточкасига чет эл валютасини ўтказиб бериш орқали валюта айирбошлаш операциясини амалга оширишга мажбур.

Мамлакатимиз аҳолиси ва чет эл фуқароларидан чет эл валютасини сотиб олишнинг амалдаги тартиби ўзгармасдан қолади. Яъни ваколатли банклар аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ваколатли банклар ва уларнинг филиаллари биноларида, аэропортларда, темир йўл вокзаллари, меҳмонхоналар, божхона постларида ҳамда бошқа жамоат жойларидаги айирбошлаш шохобчалари орқали чет эл валютасини чекланмаган миқдорда сотиб оладилар.

2013 йилнинг 1 февралидан жорий этилаётган чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиш тартиби фақат жисмоний шахслар томонидан амалга оширилаётган валюта айирбошлаш операцияларига татбиқ этилиб, юридик шахслар учун жорий халқаро операцияларни амалга оширишда чет эл валютасини сотиб олишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Қўшимча маълумотлар олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига қуйидаги «ишонч телефонлари» орқали мурожаат этиш мумкин:

(8 800) 200-00-44,

(8 371) 212-60-18.

Прочитано: 2797 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика