Олий ҳарбий божхона институтида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Республика Маънавият тарғибот маркази Шайхонтоҳур туман бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда ОҲБИ шахсий таркиби, ҳокимият вакиллари, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли санъаткорлар иштирок этди.
Тантанали маросимда сўзга чиққан ОҲБИ бошлиғининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари Р.Содиқов «Ўзбекистонда Қуролли Кучларнинг ташкил этилиши ва профессионал тайёрланган миллий армиямизнинг бугунги салоҳияти» мавзусида маъруза қилди.
Ўзбекистон халқ артисти, Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Теша Мўминов ҳамда шоира Минаввара Усмоновалар ватанпарварлик туйғулари билан йўғрилган монолог ва шеърлари билан байрам тадбирига ўзгача шукуҳ бахш этишди.
Тадбирда хизматда эришган алоҳида ютуқлари туфайли ОҲБИнинг бир гуруҳ ходимлари ДБҚ ва институт номидан тақдирланиб, уларга мукофотлар топширилди.
ОҲБИ тингловчиларидан ташкил топган «Божхона бургутлари» жамоаси ўзининг ҳарбийлашган, саф тайёргарлиги ва қўл жанги асослари бўйича саҳна кўринишларини намойиш этди. Байрам тадбири сўнгида институт ҳарбий оркестри ижросидаги куй ва қўшиқлар, санъаткорларнинг Ватанни мадҳ этувчи наволари янгради.
Нурбек САЛОМОВ.