Агар қонун бўйича импорт маҳсулотининг мувофиқлиги декларациялаш шаклида тасдиқланиши керак бўлса, уни ким тасдиқлайди?
– Агар Ўзбекистон Республикасига мувофиқлиги декларациялаш шаклида тасдиқланиши шарт бўлган маҳсулотлар олиб кирилаётган бўлса, энг аввало, ушбу маҳсулотлар учун техник регламентда айнан қандай декларациялаш схемаси белгиланганлигини ҳисобга олиш керак. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг (27.02.2023 й. ЎРҚ-819-сон) 26-моддасига мувофиқ, мувофиқликни декларациялаш икки схемадан бири бўйича амалга оширилади: ариза берувчининг ўз далиллари асосида ёки ўз далиллари ҳамда мувофиқликни баҳолаш органи ва (ёки) аккредитациядан ўтган синов лабораторияси, яъни учинчи тараф иштирокида олинган далиллар асосида.
Бошқача айтганда, декларациялашда учинчи тарафнинг иштироки ҳар қандай импорт маҳсулоти учун универсал қоида ҳисобланмайди. Бундай схема тегишли техник регламентда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳолларда у талаб қилинади. Қонуннинг ўзида учинчи тараф иштирокидаги мувофиқликни декларациялаш схемаси, агар учинчи тарафнинг йўқлиги мувофиқликни тасдиқлаш мақсадларига эришиш имконини бермаса, техник регламент билан белгиланиши алоҳида қайд этилган.
Мувофиқлик тўғрисидаги декларацияни қабул қилувчи шахслар сифатида қонун ишлаб чиқарувчини, ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакилини, сотувчини ёки импорт қилувчини белгилайди. Бинобарин, товарни олиб киришда декларацияни импорт қилувчи ҳам қабул қилиши мумкин, лекин муайян маҳсулот учун белгиланган мувофиқликни тасдиқлаш схемаси доирасида. Декларация расмийлаштирилгандан кейин аккредитация соҳаси маҳсулотнинг ушбу турини ўз ичига олган мувофиқликни баҳолаш органи томонидан мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик тўғрисидаги декларациялар реестрида рўйхатдан ўтказилиши лозим. Шу пайтдан бошлаб декларация ҳақиқий ҳисобланади. Масалан, агар импорт қилувчи техник регламентда учинчи тараф иштирокида декларациялаш назарда тутилган маҳсулотни олиб кирса, у товарнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисида фақат ўз аризаси билан чекланиб қололмайди. Бу ҳолда далиллар таркибига мувофиқликни баҳолаш органи ва (ёки) аккредитация қилинган синов лабораторияси иштирокида олинган материаллар ҳам кириши керак. Агар техник регламент фақат ўз далиллари асосида декларациялашга йўл қўйса, учинчи тарафнинг иштироки талаб этилмайди.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.
