Norma.uz
СБХ / 2026 йил / № 27 / Уй-жой-коммунал хўжалиги

«Экофаол фуқаро», «экоҳамкор» ва «меценат» мақомлари жорий этилмоқда

 

Ўзбекистонда ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда фаол иштирок этган фуқаролар ва тадбиркорлар учун рағбатлантириш чоралари жорий этилмоқда. Бу Президентнинг «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (25.03.2026 й. ПФ-47-сон) Фармонида назарда тутилган. Ҳужжатда «Яшил макон» лойиҳасини амалга оширишда иштирок этаётган экологик фаолларни рағбатлантиришнинг кенг чора-тадбирлари белгиланган.

 

Жумладан:

камида 100 та дарахт кўчатларини эккан шахсга ёки дарахт экиш учун «Яшил хайрия жамғармаси» платформасига камида 10 миллион сўм ҳадя қилган шахсга «Экофаол фуқаро» мақоми берилади;

камида 1 000 туп дарахт кўчатлари экилишини ташкил қилган ёки камида 100 млн сўм ҳадя қилган тадбиркорларга «Экоҳамкор» мақоми берилади. Улар ушбу мақомдан рекламада фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар;

50 мингдан кам бўлмаган дарахт кўчатлари экилишини таъминлаган ёки камида 5 млрд сўм ҳадя қилган шахсларга «Меценат» мақоми берилади;

камида бешта «яшил боғ» ва жамоат парклари барпо қилган шахслар «Келажак бунёдкори» давлат мукофоти билан тақдирланади.

ПФ-47-сон Фармонга мувофиқ ботаника ва дендрология боғлари, шу жумладан спортчи, санъаткор, тадбиркор ва бошқа ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан ташкил этилиши мумкин. Иштирокчиларнинг номлари битилган лавҳа ўрнатилади, молиявий ва амалий ёрдам кўрсатган шахсларга «Меценат» мақоми берилади.

«Яшил макон» лойиҳасини амалга оширишга ҳисса қўшаётган шахсларни рағбатлантириш ваколати Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига юклатилган.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг «Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «Яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги Фармонида (30.01.2025 й. ПФ-16-сон) экологик тамойилларни кундалик ҳаётга татбиқ этишда юқори кўрсаткичларга эришган шахсларга «Экофаол фуқаро» мақомини бериш назарда тутилган эди.

«Экофаол фуқаролар» учун ҳужжатда давлат хизматларидан фойдаланишда 10%лик чегирма, шунингдек давлат улуши 50%дан юқори бўлган банкларда истеъмол кредитлари бўйича чегирмалар тақдим этиш назарда тутилган.

Шунингдек, ПФ-16-сон Фармонда барча вояга етган аъзолари «Экофаол фуқаролар» бўлган оилаларга «Яшил оила» мақомини бериш ва ҳар йили очиқ танлов орқали 14 та электромобиль бериш белгиланди.

Аҳолисининг ярми «Яшил оила» мақомини олган маҳаллаларда «Энг тоза маҳалла» ва «Энг яшил маҳалла» танловларини ўтказиш назарда тутилган. Аҳолининг таклифларини ўрганган ҳолда, маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш тадбирларини молиялаштиришга ғолиб маҳаллалар жамғармасига 500 миллион сўм ўтказилиши белгиланди.

Хусусан, йўлларни таъмирлаш, энергия тежамкор ёритиш ускуналарини ўрнатиш, болалар майдончаларини қуриш, боғлар барпо этиш, ўриндиқлар ўрнатиш, чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш ва бошқалар.

 

«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 57 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика