Кўп қаватли уйларимизда тадбиркорлар ертўлаларни фаол ўзлаштирмоқда. Бирида кафе, иккинчисида тикувчилик цехи, учинчисида озиқ-овқат дўкони ташкил этилмоқда. Уларни жойлаштириш учун аҳолининг розилигини ҳеч ким сўрамаяпти. Цех ишчилари кечаю кундуз тикув машинасида ишлашади. Қаҳвахона мижозлари ҳам шовқин-сурон кўтариб, аҳолининг тинчини бузмоқда. Озиқ-овқат дўкони ташкил қилинган ертўлада уйнинг умумий коммуникациялари мавжуд. Фавқулодда вазиятларда уларга киришда муаммолар юзага келиши мумкин. Бугунги кунда бизнесни ривожлантириш учун «яшил чироқ» ёқилган, бироқ бу кўпинча аҳоли турмушининг қулайлигига путур етказмоқда. Кўп квартирали уйларда ертўлалар жой мулкдорларининг умумий мол-мулки ҳисобланади. Бошқарув органи ертўлаларни фойдаланишга беришни аҳоли билан келишиб олиши керакми?
– Кўп квартирали уйда ертўладан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг «Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (15.10.2021 й. 648-сон ВМҚ) билан белгиланган. Ертўлалар ККУдаги жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши қарорига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга фойдаланишга берилади.
Уларни бериш регламенти Кўп квартирали уйнинг ертўласидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомда (648-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – Низом) назарда тутилган.
Фойдаланилаётган умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар Давлат реестрида ушбу жойларнинг мулкдорлари номига рўйхатдан ўтказилиши керак. ККУ бошқарув органи фойдаланувчи билан тузилган ертўладаги жойларни ижарага олиш ёки улардан бепул фойдаланиш шартномалари солиқ органларининг электрон тизимларида рўйхатдан ўтказилишини таъминлайди (Низом 3-б.).
Ертўладан фойдаланиш учун ариза
Юридик ва жисмоний шахслар ертўлани фойдаланишга олиш учун ККУ бошқарув органига ёзма равишда ариза беришлари керак (Низом 4-б.).
Аризага қуйидаги ҳужжатлар ва маълумотлар илова қилинади:
• юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси. Жисмоний шахс бўлган тақдирда – унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;
• режалаштирилаётган фаолият тури, ертўладан фойдаланиш мақсадлари, шунингдек талаб этиладиган майдон тўғрисида тўлиқ маълумот (Низом 5-б.).
Умумий йиғилиш ўтказишга тайёргарлик
Ертўлани ижарага олиш тўғрисида ёзма аризани қабул қилган ККУ бошқарув органи 3 кундан кечиктирмасдан ушбу масалани муҳокама қилиш тўғрисида жойлар мулкдорларининг умумий йиғилишини чақириш тўғрисида хабардор қилиши шарт. У эълонни йиғилиш ўтказилиш кунидан камида ўн кун олдин ҳар бир кириш йўлагига осиб қўйиши шарт. Мулкдорларга эълонни имзо қўйдириб топшириш ёки сўровнома ўтказиш орқали қарор қабул қилиш учун умумий йиғилиш қарорининг лойиҳасини ҳар бирига юбориш мумкин.
Хабарномада йиғилиш жойи, санаси, вақти, ташаббускори ва умумий йиғилиш кун тартиби тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак. Агар қарор сўровнома ўтказиш орқали қабул қилинса, унда овоз бериш муддати беш кундан кам бўлмаслиги кўрсатилиши керак (Низом 6-б.).
Қарор қабул қилиш
Умумий йиғилишда ККУдаги ертўладан жой ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш учун барча жойлар мулкдорларининг ёки уларнинг вакилларининг 50%идан кўпроғи ҳозир бўлиши керак. Уларнинг 50%идан кўпроғи ёқлаб овоз берса, қарор қабул қилинган ҳисобланади.
Кворум мавжуд бўлмаганда ёки қарор қабул қилиш учун овозлар сони етарли бўлмаган тақдирда, ертўлани фойдаланишга бериш масаласи рад этилади (Низом 7-б.).
«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
