Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 16 июндаги видеоселектор йиғилишида Тошкент ва вилоятлар ҳокимларининг қурилиш учун берилаётган яшил зоналар ва жамоат майдонларини йўқ қилиш ҳаракатларини қаттиқ танқид қилди.
Ҳокимларнинг яшил муҳит яратиш учун бўш участкаларни аниқлаш билан қизиқмаслиги таъкидланди. Бунинг ўрнига тадбиркорларга уйлар орасидаги мавжуд яшил зоналарни беришмоқда. Бу аҳолининг дам олиш жойлари бўлиб, у ерда шийпонлар, болалар ва спорт майдончалари жойлашган. Аҳолида бу норозилик уйғотмоқда ва ҳокимларнинг бундай қарорлари қайта кўриб чиқилади. Президент қурувчиларга участкаларни ноқонуний бериш ҳолларини аниқлаш ва уларни ўз жойига қайтаришни топширди.
Шунингдек, кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарувчи компанияларга уларга туташ ер участкаларини бириктириш топширилганлиги айтилди. Бироқ Тошкент ҳокимининг қарори билан пойтахтда кадастрларга фақат кўп квартирали уйлар остидаги участкалар киритилган.
«Мақсад битта – қолган ерларни тадбиркорларга қурилиш учун сотиш! Топшириқларни бажариш устидан назорат қаерда қолмоқда? Қонун кучи қаерда?» – деб айтди давлат раҳбари.
Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, шунингдек бошқа идораларга яшил зоналар, спорт ва болалар майдончалари жойлашган участкаларни хатловдан ўтказиш топшириқлари берилди.
Ҳокимлар томонидан уларни бошқа мақсадларга бериш ҳолларида ўз жойига қайтариш топширилди.
Шунингдек ҳокимларнинг кўп квартирали уйларга туташ ер участкаларини БКларга ажратиш қарорларини ўрганиш ва қонунчиликни бузиш ҳолларини қайта кўриб чиқиш топширилди.