Бошқарувчи ташкилот умумий йиғилишлар ўтказмайди, бизнинг уйларимиздаги умумий мол-мулкни сақлаш ва таъмирлаш бўйича кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот бермайди. Уй аҳли БК фаолияти ҳақида ҳисобот талаб қилишга ҳақлими ва қандай ҳужжатлар асосида?
– Жой эгаси БКдан уйдаги умумий мул-мулкни сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш бўйича кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот талаб қилиш ҳуқуқига эга. Жой эгаларини бу масалалар бўйича хабардор қилиш «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда (07.11.2019 йилдаги ЎРҚ-581-сон, кейинги ўринларда – Қонун) назарда тутилган.
Бошқарув органининг жой эгалари олдида мунтазам ҳисобот бериши ККУни бошқаришнинг тамойилларидан биридир (Қонун 4-м.).
Жой эгаси ККУ бошқарув органи фаолияти ҳақида ҳисобот олиш ҳуқуқига эга (Қонун 18-м.).
Йиллик умумий йиғилиш календарь йил тугаганидан кейин олтмиш кундан кечиктирмай чақирилади (Қонун 20-м.).
БК умумий мул-мулкни сақлаш, эксплуатация қилиш ва таъмирлаш бўйича кўрсатилаётган хизматлар ҳамда бажарилаётган ишлар, уларнинг қиймати ҳақидаги ахборотдан жойлар эгаларининг эркин фойдаланишини таъминлаши шарт (Қонун 27-м.).
Кўп квартирали уйни бошқариш шартномасида бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун ҳисобот бериш тартиби ва муддатлари кўрсатилган бўлиши керак (Қонун 28-м.).
БК жой эгасига бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар ҳақида ҳисоботни қандай тарзда тақдим қилиши мумкин?
– Агар бундай ҳисобот БК сайтида жойлаштирилган бўлса, бошқарув органи ходимлари уй аҳлига ҳисобот билан электрон шаклда ёки компания офисида танишишни таклиф қилиши мумкин.
Уй аҳли БК ҳисоботи билан қачон танишиши мумкин?
– Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ бошқарув органининг йиллик (ҳисобот) умумий йиғилиши календарь йил тугаганидан кейин 60 кундан кечикмасдан чақирилади. БК, одатда, олдинги давр учун ҳисоботларни биринчи чоракда жойлаштиради.
БК ходимларига ҳисобот тузишда тавсиялар:
1. Сақлаш ва таъмирлаш харажатларини бошқариш харажатларидан ажратинг.
2. Сарфланган харажатларни тасдиқланган смета билан солиштиринг.
3. Ҳисоблаш ва ҳисобдан чиқаришлар бўйича тўлиқ маълумот беринг.
4. Дебиторлик қарзи ҳақида маълумотларни акс эттиринг, қарзларни ундириш учун қандай чоралар кўрилганини кўрсатинг.
5. Бошқарув хизматлари бўйича тўлов, ҳисоблаш ва қарз ҳақида маълумотларни киритинг.
6. Бажарилган ишни тушунарли тилда батафсил баён қилинг.
7. Сизнинг олдингизда қандай мақсадлар турганини, улар қандай бажарилганини ва қандай натижаларга эришилганини айтиб беринг.
8. Фақат ижобий жиҳатлар билан эмас, балки муаммолар билан ҳам бўлишинг, вазифаларни ҳал қилиш учун имкон қадар саъй-ҳаракатлар амалга оширилганлигини кўрсатинг.