Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси (Инспекция) Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилади. Бу Президентнинг «Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида давлат назоратини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (14.04.2025 йилдаги ПФ-66-сон) назарда тутилган. Мазкур чора қурилиш ва УЖК соҳасида давлат назоратини кучайтириш, шунингдек манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида қўлланилди. Муҳим жиҳати шундаки, кўп квартирали уйларни бошқариш ва сақлаш қоидаларига риоя қилинишининг давлат назоратини амалга ошириш жараёнида Инспекцияга уларнинг молиялаштириш манбаларидан қатъи назар хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашиш қатъиян тақиқланади. Жорий йил охиригача қурилиш, кўп квартирали уйларни бошқариш, шунингдек ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сувларни чиқариш соҳасида назорат функцияларини тўлиқ рақамлаштириш назарда тутилган.
Президентнинг ПФ-66-сон Фармони билан Инспекция қурилиш ва УЖК соҳасида давлат назорати ва текширувларни амалга ошираётган мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи эканлиги белгиланди. У бевосита Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради. Инспекция бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, унинг ўринбосарлари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланади. Ҳудудий инспекциялар ходимларининг сони назорат остига олинган объектларнинг умумий сони, уларнинг ҳажми ва масофасидан келиб чиқиб белгиланади.
Назорат механизмларини такомиллаштириш
Инспекцияни мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи сифатида шакллантириш 2025 йил 1 июлдан бошлаб унинг ҳудудий бўлинмаларида Қурилиш объектларини онлайн кузатиш марказларини босқичма-босқич яратишни назарда тутади. Тажриба сифатида 2025 йилда Қашқадарё вилоятида давлат бюджети маблағлари ҳисобига янги қурилаётган объектларга видеокамералар ўрнатилади. Қурилиш ва УЖК соҳасида давлат назоратини амалга оширишда кўчма видеокамералар (боди-камералар) ва махсус планшетлардан фойдаланила бошлайди. Улардан олинган маълумотлар бевосита Қурилиш объектларини онлайн кузатиш марказига узатилади.
«E-mamuriy ish» ахборот тизимида шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузган шахсларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилишини кўриб чиқиш тартибини соддалаштириш ҳам режалаштирилган.
2025 йил 1 сентябрга қадар «Қурилишда давлат назорати» электрон платформасига қуйидаги маълумотларни интеграциялаш кўзда тутилади:
• Кадастр агентлигининг «UZKAD» кадастр ва кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизимидаги кўп квартирали уйларнинг умумий фойдаланиш майдони ва унга туташ ер участкалари ҳамда хонадоннинг мулкдори, кадастр рақами ва кадастр чизмаси тўғрисидаги маълумотлар;
• «Ўзсувтаъминот» АЖнинг биллинг тизимидаги истеъмолчиларнинг манзили ва сони, сув ҳисоблагичлари кўрсаткичлари, сарфланган сув миқдори ва қарздорлик, оқова сувларни чиқариш, янги қамраб олинган истеъмолчилар тўғрисида ва бошқа маълумотлар.
Инспекциянинг устувор фаолият йўналишлари
14.04.2025 йилдаги ПФ-66-сон Фармонга 1-илова билан Инспекция фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланган. Улар орасида:
• барча турдаги қурилиш-монтаж ишлари (автомобиль йўллари ва йўл сунъий иншоотлари бундан мустасно) ҳамда қурилиш ишлари тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилишда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш;
• объектларда уларнинг зилзилага бардошлилигига таъсир қилувчи, шунингдек, инсон саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солувчи сифатсиз қурилиш материаллари ва буюмлари қўлланишининг олдини олиш;
• объектларда буюртмачининг техник назорати, лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати тизими ишлаши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
• кўп квартирали уйларни бошқариш, уларга туташ ер участкаларини сақлаш ва улардан фойдаланишда техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилишини назорат қилиш ҳамда мулкдорлар томонидан жойларнинг ўзбошимчалик билан қайта қурилишига ва қайта режалаштирилишига йўл қўймаслик;
• кўп квартирали уйларни бошқариш органлари ва жойлар мулкдорлари томонидан иссиқлик таъминотидан фойдаланишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
• ичимлик суви ишлаб чиқариш, етказиб бериш, реализация қилиш, ичимлик сувидан оқилона фойдаланиш, шунингдек оқова сувларни чиқариб юбориш ва тозалаш бўйича хизмат кўрсатиш соҳасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
• ичимлик сувини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган ерости сувлари қудуқларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланиш шартларига ҳамда қазишнинг (бурғилашнинг) белгиланган қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;
• истеъмолчиларни ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар билан қамраб олиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
• соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, давлат назоратини тўлиқ рақамлаштиришни таъминлаш.
Мазкур иловада назарда тутилган Инспекция фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича давлат назорати соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.