Norma.uz
СБХ / 2024 йил / № 47 / Мутахассислар тушунтиради

Маркетинг акцияларига қандай солиқ солинади

 

ҚҚС тўловчиси бўлган ташкилот ўз брендининг танилишини ошириш, хизматлардан фойдаланувчилар сонини кўпайтириш мақсадида маркетинг акциясини ўтказади. Шу муносабат билан қуйидагилар расмийлаштирилди:

1) маркетинг акциясини ўтказиш жойи ва муддатлари (20 кун), совринлар рўйхати кўрсатилган ҳолда ўтказиш тўғрисидаги буйруқ;

2) акцияни ўтказиш ва унда иштирок этиш шартлари билан очиқ оферта (ташкилот сайтида жойлаштирилган);

3) ғолибларни аниқлаш бўйича танлов комиссияси йиғилишининг баённомаси (акциянинг барча шартларини бажарган иштирокчилар орасидан тасодифий сонлар генератори ёрдамида аниқланади);

4) совғалар бериш шартномалари (ҚҚС билан сотиб олинган маиший техника).

Акция ғолибларига совринларни топширишда қандай солиқ оқибатлари келиб чиқади?

 

ЖШДС

Мижозларнинг товарлар ва хизматларни харид қилишдаги фаоллигини оширишга қаратилган ҳамда тегишли дастурида (СК 369-м. 3-қ. 14-б.) белгиланган асослар бўйича бонуслар ҳисоблаш ёки олишни назарда тутувчи дастурлар иштирокчиларига ҳисобланган пул ёки натура шаклидаги даромадларга ЖШДС солинмайди. Бундай дастурларда бонуслар баллар, мижознинг товарлар ёки хизматларни сотиб олишдаги фаоллигини тавсифловчи бошқа бирликларни инобатга олади.

Даромадлар солиқ тўловчининг жами даромадига қуйидаги ҳолларда киритилади:

● у оммавий оферта шартларида қўшилмаган бонус дастурларида иштирок этади;

● у оммавий оферта акцепт учун 30 кундан кам муддатни ва (ёки) офертани муддатидан олдин қайтариб олиш имкониятини назарда тутувчи бонус дастурларига қўшилган бўлса;

● даромадлар бонус дастурлари бўйича қуйидагилар сифатида тўланади:

– дастур ташкилотчисининг ходимларини лавозим мажбуриятларини бажарганлиги учун мукофотлаш;

– солиқ тўловчи томонидан етказиб берилган товарлар (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловлар;

– моддий ёрдам.

Кўриб чиқилаётган вазиятда акция бор-йўғи 20 кунга мўлжалланган, шунинг учун ғолибларнинг совғалари ЖШДСга тортиладиган моддий наф тарзидаги даромад деб эътироф этилади (СК 376-м. 1-қ. 2-б.). Ташкилот ғолиблардан ушбу даромадларни солиқ ҳисоботида акс эттириш имконини берадиган зарур маълумотларни олиши керак.

Ғолиблар ташкилотга соврин қийматидан солиқ ушлаб қолинмаслиги тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга. Шунда улар солиқни солиқ органига йил якуни бўйича декларация тақдим этган ҳолда мустақил равишда тўлайдилар.

ЖШДСни ташкилотнинг ўзи ҳам тўлаши мумкин. Бунда жисмоний шахс учун тўланган солиқ суммаси ҳам моддий наф тарзидаги даромад деб эътироф этилади.

Шуни ҳам инобатга олиш керакки, соврин ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда топширилган тақдирда, ЖШДС ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда соврин қийматидан ушлаб қолинади.

 

Фойда солиғи

Жисмоний шахсларнинг ташкилот учун моддий наф тарзидаги даромадлари бўйича чегирилмайдиган харажатлар деб эътироф этилади (СК 317-м. 3-б.).

 

ҚҚС

Товарни текинга бериш товарни реализация қилиш бўйича айланмадир, бундан иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган ҳоллар мустасно.

Товарларни текинга бериш қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига амал қилинган тақдирда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган деб эътироф этилади. У:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни бажариш мақсадида амалга оширилган бўлса;

2) бундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб қолиш ёки ривожлантириш учун зарур ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асосланганда;

3) қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиққанда.

Агар маркетинг акцияси тадбиркорлик фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлса ва уни ривожлантиришга қаратилган бўлса, текин бериш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган деб топилиши мумкин. Бундай ҳолда акция иштирокчиларига совғалар бериш товарларни сотиш бўйича айланма деб эътироф этилмайди.

Агар ушбу акция ва ташкилотнинг тадбиркорлик фаолияти ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик бўлмаса, сотиш айланмасига ҚҚСҳисобланади. Бу ҳолда ташкилот ғолибларга берилган совринлар қийматига ҚҚС билан ҳисобварақ-фактура тақдим этиши керак.

У ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам ташкилот СК 266-м. 1-қ. 1-бандига асосан совриндорлар учун товарлар сотиб олишда тўланган ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга.

Биринчи ҳолатда маркетинг акцияси айланмасига ҚҚС солинадиган тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ. Иккинчисида – текин беришнинг ўзи ҚҚС солинадиган айланма деб эътироф этилади.

Прочитано: 19 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика