Norma.uz
СБХ / 2024 йил / № 19 / Мутахассислар тушунтиради

Солиқ аудити такрорий ўтказилиши мумкин

 

Солиқ органлари компаниянинг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас. Аммо ушбу қоидадан истисно мавжуд: янги ҳолатлар аниқланган ҳолларда солиқ аудити такроран ўтказилиши мумкин.

Масалани солиқлар бўйича эксперт Азизбек УЛУҒНАЗАРОВ тушунтиради:

 

– Солиқ аудити – энг батафсил ва давомийлиги узоқ бўлган текширув. Уни ўтказиш тартиби Солиқ кодекси (СК 140–156-моддалари) ва Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом (7.01.2021 йилдаги 1-сон ВМҚга 2-илова) билан тартибга солинган.

Солиқ органлари солиқ тўловчининг айнан битта давр учун айнан бир хил солиқлар бўйича бир мартадан ортиқ солиқ аудитини ўтказишга ҳақли эмас (СК 143-м.). Аммо Солиқ кодексида такрорий солиқ аудити ўтказилиши эҳтимоли бўлган шарт мавжуд: бирламчи солиқ аудитини ўтказиш чоғида солиқ органига маълум бўлмаган «янги ҳолатлар аниқланган» ҳоллар (СК 143-м.).

 

Нималарни «янги ҳолатлар» деб ҳисоблаш мумкин

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари «янги ҳолатлар» нима эканлигини аниқ таърифламайди. Шу боис солиқ органлари ушбу атамани юқори даражада кенг талқин қилишлари мумкин.

Аввал аниқланмаган янги ҳолатларнинг мавжудлиги қуйидаги хулосаларга олиб келиши мумкин. Солиқ тўловчи шунга ўхшаш ҳолатларни қасддан «моҳирона» яширди ва солиқ органи солиқ аудитини сифатсиз ёки ҳатто совуққонлик билан ўтказди. Ёки солиқ тўловчи солиқ органининг текширувни ўтказган мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктирган. Натижада қўшимча солиқлар ҳисобланиши ёки солиқ қарзи ҳосил бўлиши учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган ҳолатлар биринчи солиқ аудити чоғида далолатномада қайд этилмаган.

«Янги ҳолатлар» қонун ҳужжатларининг бошқа соҳаларида қандай талқин қилинишини таҳлил қиламиз.

Фуқаролик процессуал кодекси:

● «суд иш учун аҳамиятга эга бўлган янги ҳолатлар» – бу суд қарори қабул қилинганидан сўнг юзага келган ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар (ФПК 246-м.).

Жиноят-процессуал кодекси бошқа формулировкани беради:

● «янги ҳолатлар аниқланиб, уларни қўшимча тарзда текширмасдан туриб қарор қабул қилишнинг имкони бўлмаса...» (ЖПК ­329-м. 3-қ. 3-б.).

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс:

● «янги очилган ҳолатлар» – суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар (МЖТК ­269-м. 1-қ. 1-б.).

Барча ушбу талқинлар фарққа эга, бироқ янги ҳолатлар аввал қабул қилинган қарорни қайта кўриб чиқиш учун асос ҳисобланиши борасида ўхшаш маънога эга.

Солиқ текширувларига боғлиқ ҳолда – бу солиқ текширувини ўтказиш вақтида солиқ органига маълум бўлмаган, бироқ солиқ тўловчининг солиқ қарзи суммасини ҳисоблаб чиқариш тўғрисида у қабул қилган қарорга таъсир қиладиган ҳолатлар. Янги ҳолатларнинг мавжудлиги солиқ органига такрорий солиқ аудитини ўтказиш ва даъво қилиш муддатини ҳисобга олган ҳолда тўланиши лозим бўлган солиқлар миқдорини қайта кўриб чиқишга асос беради.

 

Нима учун ПҚ-374-сон қарор бўйича такрорий текширувларга нисбатан тақиқ солиқ аудитларига қўлланилмайди

Президентнинг қарори (13.09.2022 йилдаги ­ПҚ-374-сон) барча турдаги такрорий солиқ текширувларига, яъни такрорий камерал, сайёр текширувлари ва солиқ аудитига (13.09.2022 йилдаги ПҚ-374-сон қарор 3-б. «а» к. б. 3-хатбоши) сўзсиз тақиқни назарда тутади (13.09.2022 йилдаги ПҚ-374-сон қарор 3-б. «а» к. б. 3-хатбоши).

Бироқ «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга биноан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади (20.04.2021 йилдаги ЎРҚ-682-сон Қонун ­18-м.). Бу шуни англатадики, солиқчилар янги ҳолатлар аниқланган тақдирда солиқ тўловчиларни такрорий солиқ текширувларидан, бироқ фақат солиқ аудити кўринишида текширувдан ўтказишлари мумкин.

Прочитано: 138 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика