Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 18 / Биз яшайдиган уй

Реновация: пухта ҳуқуқий асос ва жой мулкдорлари фикрларини ҳисобга олиш

 

Пойтахтда кўп квартирали уй-жой фондининг реновацияси ҳақиқатга айланмоқда. Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов яқинда «Ўзбекистон-24» каналига берган интервьюсида шуни маълум қилдики, реновация жараёни 500 гектарга яқин майдондаги эски икки қаватли уйларга тааллуқли бўлади. Пойтахтда замонавий талабларга жавоб бермайдиган икки қаватли вақтинчалик қурилмалар кўп, уларнинг тақдири узоқ йиллардан мавҳумлигича қолмоқда. Хавфсизлик нуқтаи назаридан хатар даражаси юқори. Эндиликда ушбу муаммони ҳал этиш механизми ишлаб чиқилди ва у хусусий сектор учун катта имкониятларни очиб беради.

 

Уй-жой фонди реновацияси масалалари долзарб ҳисобланади ва охирги пайтларда тез-тез кўтарилмоқда. Кўп квартирали уйлар авария ҳолати юзасидан хатловдан ўтказилди, уй-жой фонди, бошқа объектлар реновацияси бўйича дастурлар қабул қилинди. Амалиётнинг кўрсатишича, бошқа мамлакатларда техник тусдаги масалалар ҳамда жой мулкдорларининг ҳуқуқлари кафолатлари ҳисобга олинадиган бундай ишларнинг ҳуқуқий асоси ишлаб чиқилишига жиддий қаралади. Бироқ бизда ҳанузгача ҳуқуқий асос таъминланмаган, «Реновация тўғрисида»ги Қонун қабул қилинмаган. Бу тушунчага аниқ таъриф берилмаган: реновация бу авария ҳолатидаги уй-жойни бузиш ва ундаги яшовчиларни янгисига кўчириш, уй-жой фондини янгилаш ва модернизация қилишми ёки ҳам униси, ҳам бунисими?

Уй-жой реновациясидан мақсад фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш бўлиши керак. Бироқ ушбу масалани тартибга солувчи, аниқ баён этилган ҳуқуқий нормалар мавжуд бўлмаганда уй-жой ҳуқуқларининг кафолатлари борасида саволлар ва хавотирлар юзага келади. Хусусан, реновация дастурида жой мулкдорларидан ташқари кимлар иштирок этиши мумкин? Улардан ташқари яна нотурар жой эгалари, ижарачилар, ёлловчилар ҳам бор – уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига риоя этиладими? Аҳолини кўчириш ишлари қандай амалга оширилади: фуқароларга ўз квартиралари майдонига тенг келадиган квартиралар бериладими; хоҳловчилар тенг қийматли пул шаклидаги қопламаларни олишлари мумкин бўладими; уларга реновацияга тушган уйлари жойлашган тумандан квартира бериладими ёки бошқа туманданми? Агар фуқароларни квартира майдони қониқтирмаса, улар каттароқ квартира танлаб беришлари учун қўшимча тўлов тўлашлари ёки ўзлари танлаб, фақат қўшимча майдон учун ҳақ тўлашлари мумкин бўладими? Нотурар жой эгаларига, ижарачиларга янги уйлардан тенг қийматли майдон бериладими? Фуқароларга вақтинча кўчиш зарурати бўлганда ёрдам кўрсатиладими: фахрийларга, пенсионерларга, кўп болали оилаларга ва бошқа имтиёзга эга шахсларга мебель ва буюмларини эски квартирадан янгисига олиб кетишда бепул ёрдам кафолатланадими? Шаҳар ҳокимияти фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштиришда ёрдам кўрсатадими? Тенг қийматли компенсация берилмаганда ёки таклиф қилинаётган квартира майдони аввалгисига мувофиқ келмаганда, таклиф этилган уйнинг таъмири сифатсиз бўлганда фуқароларда уйдан кўчирилиши ҳақидаги қарорни судда низолашиш имконияти бўладими?

Тарафларнинг эътирозлари ва келишмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида ушбу механизм фуқаролар учун оддий, аниқ ва тушунарли бўлиши лозим. Реновация учун олдиндан аҳоли билан кенг кўламда тушунтириш ишлари олиб борилиши, лойиҳалар жамоатчилик билан муҳокама қилиниши лозим.

Пойтахтда 500 гектар майдондаги реновация дастурига нисбатан Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ўз позициясини билдирди: «Ўзбекистонда реновация дастури фақатгина парламент томонидан реновация тўғрисидаги қонун қабул қилинганидан кейин ўтказилиши лозим. Реновация пухта ҳуқуқий асосга эга бўлиши ва жой мулкдорлари ва кенг жамоатчиликнинг фикрларини инобатга олган ҳолда ўтказилиши керак, деб ҳисоблайди «Миллий тикланиш»дагилар.

2023 йил ноябрь ойида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ҳам пойтахтнинг Чилонзор туманида жойлашган уй-жойлар ва хизмат кўрсатиш объектларининг реновация лойиҳасига қарши чиқдилар. Бунда уй-жойларни кўп қаватли уйларга қайта қуриш ҳамда уларнинг биринчи қаватида янги замонавий хизматлар кўрсатиш объектларини ташкил қилиш ҳақида айтилган эди.

«Уй-жой фонди реновациясининг мустаҳкам ҳуқуқий базаси, шу жумладан қатъий талаблар ва уни амалга ошириш тартиб-таомиллари, жой мулкдорларининг ҳуқуқларига риоя этилиши кафолатлари мавжуд бўлмаганда, у жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларига зарар етказиши мумкин. Қатъий қонунчилик базаси шакллантирилгунга қадар биз реновация доирасидаги қурилиш ишларининг тарафдори эмасмиз», деб таъкидланди партиянинг мурожаатида.

Прочитано: 106 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика