Norma.uz

Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз сақлаб қолди

 

Иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларга фундаментал монетар омиллар таъсири босқичма-босқич камайиб бормоқда. Шу билан бирга, жорий йил 1 майдан айрим тартибга солинадиган тарифларнинг эркинлаштирилиши, умумий инфляцияга бир марталик таъсир кўрсатиши мумкин.  

 

Марказий банк бошқаруви, инфляциянинг янгиланган прогноз коридорининг юқори чегараларига нисбатан ҳам жорий пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий фазада шаклланганлигини инобатга олиб, асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Умумий инфляция йил бошидан пасайишда давом этиб, март ойида йиллик 8 фоизни ташкил этди. Бунда, озиқ-овқат товарлари инфляциясида сезиларли пасайиш кузатилди.

Иқтисодиётда юқори талабнинг сақланиб қолаётгани ҳамда айрим тартибга солинадиган нархлар ва тарифларнинг оширилиши шароитида хизматлар инфляцияси сўнгги ойлар давомида барқарор ўсиб бормоқда.

Базавий инфляция сезиларли секинлашиб, март ойида йиллик 7,6 фоиз ва йил бошидан умумий инфляция даражасидан пастроқ шаклланди.

Асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция прогнози 9–11 фоизгача оширилди.

Прогноз коридорининг нисбатан кенглиги, тарифлар оширилиши муносабати билан аҳолига тақдим этиладиган бир марталик тўловлар, ижтимоий норма ва икки ойлик имтиёзли давр мазкур ўзгаришлар таъсирини юмшатиш имконини бериши ҳамда ҳозирги пайтда ушбу ўзгаришларнинг аҳоли ва тадбиркорлар инфляцион кутилмаларига таъсирини баҳолаш мураккаблиги билан изоҳланади.

Базавий инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясида қолиши бўйича мустаҳкам кутилмалар шаклланиб, йил якунида 7–8 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Ҳукумат томонидан иқтисодиётда ялпи таклифни оширишга ва инфляцияни пасайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, узоқ муддат давомидаги нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг йиғилган таъсирлари инфляцион жараёнларни жиловлашга хизмат қилади.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётнинг ўсиш суръати 6,2 фоизгача тезлашди. Хизмат кўрсатиш, чакана савдо айланмаси ва қурилиш соҳаларидаги юқори ўсиш суръатлари, шунингдек, ишлаб чиқариш ва тоғ-кон саноати соҳаларида инвестицион фаолликнинг ошиши кузатилди.

Меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бироқ, ишчи кучи таклифида маълум сегментация мавжуд бўлиб, юқори малакали соҳаларда талабнинг тўлиқ қондирилмаётганлиги кузатилмоқда. Бу эса, тегишли соҳаларда иш ҳақларининг юқорироқ ўсишига олиб келмоқда.

Сўмнинг реал алмашув курси динамикаси йил бошидан 0,9 фоизга қадрсизланиб, узоқ муддатли тренди доирасида шаклланди. Ташқи савдо ҳамкорлар миллий валюталари курслари ва инфляциялари бўйича прогнозларни инобатга олганда реал алмашув курсига нисбатан босимлар кузатилмаяпти.

Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини амалга оширишда иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратади.

 

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 13 июнга белгиланган.

Прочитано: 226 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика