Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 14 / Кадрлар бўлими

Ходима олти ойдан кам ишлаган тақдирда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланадими

 

Корхонага ҳомиладор ходима ишга кирди. Ҳомиладорлик муддати – 7 ойлик. Ишга жойлашишда у ҳомиладор эканлигини яширди. 

Президентнинг 7.03.2022 йилдаги ПФ-87-сон Фармонида тўлов учун мезон бўлиб «барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажи» саналса, компания ушбу ходимага ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини (таътил тўловлари эмас) тўлашга мажбурми?

 

– Ходималарга ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасидан бошлаб ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари тақдим қилинади (Йўриқнома 27-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.). Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси меҳнатга лаёқатсизлик варақаси асосида тайинланади ва тўланади. Шунингдек, у ҳомиладорликнинг 30-ҳафтасидан бошлаб берилади (Йўриқнома 27-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.). 30 ҳафталик муддат ҳақиқатда ҳомиладорликнинг 7 ойидан камроқни ташкил қилади. Афтидан (саволдан келиб чиқиб) аёлга ҳомиладорликнинг ­30-ҳафтасига келиб у ишламаганлиги ва «касаллик таътилига» ҳақли эмаслиги муносабати билан ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақаси ўз вақтида берилмаган (Йўриқнома 8-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.).

Ҳомиладорлик муддати 7 ой бўлган аёлга, агар у ишга жойлашган бўлса, тиббий муассаса ишловчи сифатида ҳомиладорлик ва туғиш бўйича меҳнатга лаёқатсизлик варақасини беришга мажбур, чунки уни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган даврда пайдо бўлади (Низом 3-б., АВ рўйхат рақами 1136, 8.05.2002 й.). Ҳомиладорликнинг ўттизинчи ҳафтасидан кейин мурожаат қилинган тақдирда ҳам туғишга қадар неча кун қолганидан қатъи назар, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси мурожаат қилган кундан тўлиқ бир юз йигирма олти календарь кунига берилади (Йўриқнома 28-б., АВ рўйхат рақами 2667, 17.04.2015 й.).

Бундай ҳолда иш берувчи ходимага ҳомиладорлик ва туғиш таътилини тақдим қилиши (МК 404-м.) ҳамда унга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаши ва тўлаши шарт. Нафақа миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 75%ини ташкил қилади, чунки ходима (саволдан кўриниб турибди) ташкилотда ҳақиқатда 12 ойдан кам ишлаган (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон, 23-б.).

 

Мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашлари шарт.

Ушбу мажбуриятдан бўйин товлаш айбдор мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида қоидабузарлик такроран содир этилган тақдирда, жарима БҲМнинг 15–30 бараваригача оширилади (МЖТК 49-3-м.).

 

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб охирги 6 ой давомида юридик шахсларда узлуксиз иш стажига эга бўлган аёллар (бюджет ташкилотларидан ташқари) минимал истеъмол харажатлари (бундан буён матнда – нафақанинг давлат қисми) миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳомиладорлик ва туғиш нафаақасини олишга ҳақли (7.03.2022 йилдаги ПФ-87-сон, 25.07.2022 йилдаги ПФ-175-сон).

Нафақанинг давлат қисми 4 ой давомида бир вақтнинг ўзида тўланадиган минимал истеъмол харажатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади. Нафақанинг қолган қисмини иш берувчи Меҳнат кодексига мувофиқ ўз ҳисобидан тўлайди.

Шундай қилиб, ходимада нафақа олиш ҳуқуқи кучга киргунга қадар узлуксиз иш стажи 6 ойдан кам бўлган тақдирда, ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг давлат қисми тўланмайди.

Агар ходимада нафақанинг давлат қисмини тайинлаш учун талаб қилинадиган стаж бўлса, иш берувчининг ходима олдидаги мажбурияти Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланган ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳажмида камайтирилади (7.03.2022 йилдаги ПФ-87-сон, 2-б.). Яъни, ходима нафақанинг МИХнинг 4 бараварига тенг қисмини (621 000 сўм х 4 = 2 484 000 сўм) давлат бюджетидан олади. Қолган қисми (аёлнинг иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисобланган нафақа, давлат бюджетидан тўланган суммани олиб ташлаган ҳолда) ташкилот томонидан тўланади. Агар нафақанинг давлат қисми тўлиқ нафақа миқдоридан ошса, ташкилот нафақани тўламайди.

Агар нафақанинг давлат қисмини олиш учун иш стажи етарли бўлмаса, у ҳолда иш берувчи ходимага унинг ташкилотдаги иш стажидан келиб чиқиб нафақани тўлиқ ҳажмда тўлаши шарт.

Президентнинг 7.03.2022 йилдаги ПФ-87-сон Фармонида иш берувчининг ўзини ходимага ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш мажбуриятидан озод қилиш ҳақида эмас, шу мезонлар ҳақида гап борган.

 

Аёлнинг ҳомиладорлик ва туғиш бўйича касаллик таътилини яшираётганини текшириш мумкинми?

Жорий йилдан бошлаб меҳнатга лаёқатсизлик варақалари бўйича маълумотлар тиббиёт муассасалари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида «Электрон ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали ЯММТга бирлаштирилади. Эндиликда иш берувчи аёлнинг ҳомиладорлик ва туғиш бўйича касаллик таътилини яшираётган ёки яширмаётганлигини мустақил равишда текшириш имкониятига эга. Маълумотлар базасида бундай касаллик таътилининг мавжудлиги иш берувчига унга ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, нафақа расмийлаштириш ҳамда унинг ишлашига йўл қўймаслик ҳуқуқини беради.

 

kadrovik.uz

Прочитано: 73 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика