Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 14 / Расмий ҳужжатлар

«Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида» (Кўчирма)

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 27 декабрдаги ПҚ-410-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2023 йил 27 декабрдаги ПҚ-410-сон қарорига мувофиқ 2024 йил 1 мартдан бошлаб:

ҳар олти ойда бир маротаба ижтимоий хизматлар сифати ҳамда индивидуал ижтимоий хизматлар режаси натижалари «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ходими, ижтимоий ходим, туман тиббиёт бирлашмасининг махсус мониторинг гуруҳи вакили ҳамда фуқаролар йиғини раиси томонидан мониторингдан ўтказилиши;

ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг оддий ва мураккаб ҳаракатларни амалга ошириш имконияти баҳолаб борилиши;

индивидуал ижтимоий хизматлар режасида белгиланган хизматларнинг масъул ходим томонидан кўрсатилган муддати, натижаси, сифати, самарадорлиги, бехатарлиги баҳоланиши ва мониторинг маълумотлари «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига киритиб борилиши;

ижтимоий хизматдан фойдаланувчи томонидан хизматдан қониқиш ҳосил қилганлиги даражаси баҳоланиб борилиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни эътироф этиш, индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режасини тасдиқлаш ва мониторинг қилишнинг маъмурий регламенти 1-иловага*** мувофиқ;

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматларни кўрсатиш тартиби тўғрисидаги регламент 2-иловага*** мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар (кейинги ўринларда – ўзгалар парваришига муҳтож шахс) ҳамда уларни кузатувчи шахсларга давлат спорт тадбирларига, театрларга ва музейларга кириш бепул этиб белгиланади;

ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз ёки ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази (кейинги ўринларда – «Инсон» маркази) йўлланмаларига асосан давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида ташкил этилган спорт тўгаракларида бепул шуғулланади;

ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг яшаш жойида дезинфекция ва дезинсекция тадбирлари туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари томонидан бепул амалга оширилади;

ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уларнинг уйида маиший хизмат кўрсатувчи ижтимоий ходим ассистентларига бюджет маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йўл ҳақи учун компенсация тўланади;

ижтимоий ходим ассистентларига ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кўрсатилган ҳамроҳлик хизматлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида қўшимча компенсация тўланади;

оилавий шифокорнинг ўзгалар парваришига муҳтож шахсларнинг муҳтожлик даражаси ва яшаш шароитларини баҳоловчи ишчи гуруҳ таркибидаги ҳамда туман тиббиёт бирлашмаси ходимининг мультидисциплинар гуруҳдаги фаолияти уларнинг иш юкламасига киритилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) 2024 йил 1 майдан бошлаб эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш жараёнига тадбиркорлик субъектларини аутсорсинг асосида жалб этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

5. Белгилансинки, эксперимент доирасида:

тадбиркорлик субъектлари энг яхши таклифларни танлаш орқали жалб этилади;

хизматларнинг нархи Тошкент шаҳрининг бошқа туманларида ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга кўрсатилаётган хизматлар учун белгиланган харажатлар сметасидан келиб чиқиб шакллантирилади;

аутсорсинг шартномаси Агентликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва тадбиркорлик субъекти ўртасида тузилади;

аутсорсинг асосида кўрсатилаётган хизматлар мазкур хизматлар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Агентликнинг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;

ўзгалар парваришига муҳтож шахслар рўйхати амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тегишли туман «Инсон» маркази томонидан шакллантирилади;

ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатишга доир талаблар аутсорсинг шартномасига илова қилинади;

тадбиркорлик субъектлари томонидан аутсорсинг шартномаси талабларига риоя этилиши Агентлик ҳузуридаги Ижтимоий инспекция томонидан назорат қилинади.

6. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси «Инсон» маркази сўровномасига асосан шахсларнинг ўзгалар парваришига муҳтожлигини баҳолаш, мониторинг қилиш ва қайта баҳолашда ишчи ва мультидисциплинар гуруҳлар таркибидаги масъул ходимларнинг иштирокини таъминлаш чораларини кўрсин.

7. Спорт вазирлиги «Инсон» маркази йўлланмаларига асосан ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахслар учун давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларидаги спорт тўгаракларида бепул шуғулланиш имкониятини яратсин.

8. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлардаги ҳудудий бўлинмалари ҳудуддаги спорт секциялари, спорт иншоотлари ҳамда уларнинг манзиллари тўғрисидаги маълумотлар доимий равишда «Инсон» марказига юборилишини таъминласин.

9. Агентлик:

ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш турлари ҳақидаги маълумотларни расмий веб-сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида жойлаштирсин ва мунтазам янгилаб борсин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган регламентларга мувофиқ хизматлар кўрсатиш жараёнида иштирок этувчи ходимларнинг малакасини ошириш чораларини кўрсин;

2025 йил 1 майга қадар эксперимент натижаси бўйича ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга уйда маиший хизмат кўрсатишни барча ҳудудларда аутсорсинг асосида жорий этиш бўйича таклиф киритсин.

10. Рақамли технологиялар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Агентлик билан биргаликда 2024 йил 1 апрелга қадар «Электрон соғлиқни сақлаш» ахборот тизимини «Рақамли ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига интеграция қилиш чораларини кўрсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага*** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 4-иловага*** мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

13. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Ж.А.Қўчқоров зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 11 март

123-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.03.2024 йилдан кучга кирди.

**Ушбу қарор «Норма маслаҳатчи»да кўчирмада берилмоқда. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

***Ушбу қарорга 1–4-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 69 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика