Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 12 / Меҳнат муносабатлари

Қонунчиликка зид

 

Ходим касаллик таътилида эди, у бу ҳақда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олиб келди. Аммо раҳбарият касаллик таътилида бўлган кунларни ишлаб беришни талаб қилмоқда. Бу талаб қонунийми? Агар ходим бу соатларни ишдан кейин ёки дам олиш кунларида ишлаб берса, бу кунлар учун ҳақ тўланадими? Иш берувчи вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлашни рад этишга ҳақлими? 

 

Нима учун иш берувчи касаллик таътилини ишлаб беришни талаб қилиб, қонунни бузаётганини «Нормa» эксперти, юрист Ленара Хикматова тушунтирди:

 

– Компания раҳбариятининг талаби қонунга зиддир. На Меҳнат кодексида, на бошқа қонун ҳужжатларида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик таътиллари) даврига тўғри келадиган кунларнинг кейинчалик ишлаб берилиши назарда тутилмаган. Меҳнат кодексининг 202-моддасига мувофиқ ходимни меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этиш даврлари меҳнатга лаёқатсизлик даври ҳисобланади.

Касаллик таътилидан чиққандан кейин ходим томонидан бажариладиган иш белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартларига мувофиқ умумий асосда тўланади (МК 246-м.).

 

Ходим иш вақтидан ташқари қолиб ишласа

Ходим директорнинг буйруғи билан ишдан кейин қолса ва қўшимча, яъни унга белгиланган иш вақти давомийлигидан ортиқча ишласа, бу ишдан ташқари иш деб ҳисобланади. Бундай ҳолда Меҳнат кодексининг 189-моддасида тасвирланган тартибга риоя қилиш ҳамда иш вақтидан ташқари иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўлаш ёки ходимнинг хоҳишига кўра қўшимча дам олиш вақтини бериш билан компенсация қилиш керак (МК 262-м.).

Ходимни иш вақтидан ташқари ишга қонуний жалб этиш учун унинг ёзма розилигини олиш талаб қилинади (МК 189-м. 8-қ.). Ходимни ишдан кейин қолишга мажбурлаш тақиқланади.

Ходимнинг розилигисиз «ишдан ташқари иш»га фақат учта истисно ҳолатда ва фақат унинг меҳнат функцияси доирасида жалб қилиш мумкин:

1) табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда бажарилган ишлар амалга оширилганда;

2) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилганда;

3) агар ишда танаффусга йўл қўйилмаса, смена алмашаётган ходим келмай қолганда ишни давом эттириш учун. Бундай ҳолда иш берувчи зудлик билан сменачини бошқа ходим билан алмаштириш чораларини кўриши шарт.

 

Ходим дам олиш кунларида ишласа

Умумий қоидага кўра дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида ишлаш тақиқланади (МК 209-м. 1-қ.). Ходимни кутилмаган ишларни олдиндан бажариш учун унинг долзарблиги бутун ташкилотнинг ёки унинг таркибий бўлинмаларининг нормал ишлашига боғлиқ бўлган ҳолатда дам олиш кунида ишга чақириш мумкин. Аммо бунга фақат ходимнинг ёзма розилиги билан йўл қўйилади. Ходимнинг розилигисиз уни дам олиш кунида ишга жалб қилишга фақат тўртта истисно ҳолатда йўл қўйилади:

1) табиий ёки техноген хусусиятга эга ҳалокатларнинг, ишлаб чиқаришдаги аварияларнинг, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг, шунингдек ёнғинларнинг, тошқинларнинг, зилзилаларнинг, эпидемияларнинг ёки эпизоотияларнинг олдини олиш ёки оқибатларини бартараф этиш ҳамда аҳолининг ёхуд унинг бир қисмининг ҳаётига ёки нормал яшаш шароитларига таҳдид соладиган бошқа алоҳида ҳолларда бажариладиган ишлар амалга оширилиши учун;

2) бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун;

3) марказлаштирилган иссиқ сув таъминоти, совуқ сув таъминоти ва (ёки) сув чиқариш тизимларининг, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, алоқа тизимларининг нормал ишлашини бузадиган кутилмаган ҳолатларни бартараф этишга доир ижтимоий жиҳатдан зарур ишлар амалга оширилиши учун;

4) иш берувчининг мулкини нобуд қилиш ёки унга зарар етказишнинг олдини олиш учун.

Дам олиш кунларидаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади ёки ходимнинг хоҳишига кўра бошқа дам олиш кунини бериш билан компенсация қилинади (МК 263-м.).

Шундай қилиб, агар иш берувчи қонуний асосларсиз ва расмийлаштиришсиз, шунингдек тегишли тўлов ёки компенсациясиз ходимни ишдан ташқари ёки дам олиш кунлари ишлашга мажбур қилса, бу меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади. Бунинг учун иш берувчининг айбдор мансабдор шахси МЖТКнинг 49-моддасига кўра маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Касаллик варақаси хусусида

Ходим тегишли тартибда расмийлаштирилган касаллик варақасини олиб келса, иш берувчи уни қабул қилиши ҳамда ходимга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлаши шарт. Бу Меҳнат кодексининг 281-моддасида назарда тутилган кафолат бўлиб, ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, барча иш берувчилар унга риоя қилишлари шарт. Тўлов Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида низомга (8.05.2002 й., АВ рўйхат рақами 1136) мувофиқ амалга оширилади.

 

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини тўлашдан бўйин товлаш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил ичида такроран содир этилган худди шу ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараварини ташкил қилади.

Прочитано: 261 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика