Президентнинг 27.12.2023 йилдаги «Ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-410-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан ушбу йўналишда ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгилаб қўйилди:
• ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни аниқлаш тартиб-таомилларини оптималлаштириш ва рақамлаштириш;
• ижтимоий хизматларни маҳалла даражасида ташкил этиш;
• ўзгалар парваришига муҳтож бўлган шахсларнинг саломатлиги ва турмуш сифатини яхшилаш орқали уларнинг ижтимоийлашувини таъминлаш;
• ижтимоий ҳимоя тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;
• ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий аҳволидан келиб чиқиб табақалаштирилган ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини жорий этиш.
Муҳтожларни аниқлаш
«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестри юритилади.
Марказ шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтожлик даражасини баҳолайди, индивидуал тартибдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиш режасини тузади.
Ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг йўқотилган биометрик паспортлари (идентификация ID-карталари) «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази буюртмаси асосида давлат божи ундирилмаган ҳолда алмаштириб берилади.
Ижтимоий хизматлар қандай кўрсатилади
2024 йил 1 февралдан бошлаб реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдам ижтимоий хизмат кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатилмоқда.
2024 йил 1 мартдан бошлаб ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ходимлар ассистентларининг «соатбай» асосда ҳафтанинг барча кунлари хизмат кўрсатиши учун мослашувчан иш тартиби жорий этилган.
Васийликдаги шахснинг мол-мулкини тақсимлаш ва унинг тақдирини ҳал этишга қаратилган бошқа битимлар нотариал тасдиқлашдан аввал «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари билан келишилади.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимдаги тиббий-ижтимоий муассасаларда шартнома асосида пуллик хизмат кўрсатиш тартиби жорий этилади.
Реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган ва уларни кузатувчи шахсга бир йилда бир маротаба темир йўл ёки шаҳарлараро автобус учун бепул чипталар (бориш ва қайтиш учун) ажратилади.
Ижтимоий хизматларнинг ишини баҳолай бошлашади
2024 йил 1 мартдан бошлаб ҳар ойда бир маротаба ижтимоий ходим ассистентларининг фаолияти ёлғиз кексаларнинг ўзлари, маҳалладаги ижтимоий ходимлар ва махсус дастур томонидан баҳоланмоқда. Баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий ходим ассистентларини рағбатлантиради.
Ҳар олти ойда бир маротаба ижтимоий хизматлар сифати ҳамда индивидуал ижтимоий хизматлар режаси натижалари «Инсон» маркази ходими, ижтимоий ходим, туман тиббиёт бирлашмасининг махсус мониторинг гуруҳи вакили ҳамда фуқаролар йиғини раиси томонидан мониторингдан ўтказилади. Бунда:
• ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг оддий ва мураккаб ҳаракатларни амалга ошириш имконияти баҳолаб борилади;
• индивидуал ижтимоий хизматлар режасида белгиланган хизматларнинг масъул ходим томонидан кўрсатилган муддати, натижаси, сифати, самарадорлиги, бехатарлиги баҳоланади. Мониторинг маълумотлари «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимига киритиб борилади;
• ижтимоий хизматдан фойдаланувчи томонидан хизматдан қониқиш ҳосил қилганлиги даражаси баҳоланади.
Ташкилий ўзгаришлар
Агентликнинг «Саховат» кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатини Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази сифатида қайта номланмоқда.
Марказларда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ижтимоий-меҳнат реабилитация хоналари ташкил этилади. Истиқомат қилувчи ҳар 100 кишига бир нафардан ижтимоий ходим, реабилитолог ва меҳнат йўриқчиси штат бирликлари жорий этилади. Марказда истиқомат қилувчилар меҳнат фаолияти билан шуғулланишлари мумкин.
2024 йил 1 апрелдан бошлаб Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказларида эксперимент тариқасида:
• уларда жойлаштирилган шахсларга уларнинг эҳтиёжи ҳамда хоҳишига кўра қисқа ва узоқ муддат қолиш ҳамда интернат уйидан бутунлай чиқиш имконияти яратилади;
• улар томонидан мобиль, кундузги қатнов шаклидаги, қисқа ва узоқ муддатли ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилади. Бунда мазкур хизматлардан:
• «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТга киритилган оилаларнинг ўзгалар парваришига муҳтож кексалари ва ногиронлиги бўлган шахслари бир йилда бир марта бепул;
• Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари жойлашган ҳудуддаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар шартнома асосида фойдаланади.
2024 йил 1 майдан бошлаб реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун ҳар ойда қўшимча пул тўловлари ўрнига ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам тўланади.
Ҳужжат билан ижтимоий ҳимояга муҳтож кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) давлат тилида эълон қилинган ва 29.12.2023 йилдан кучга кирган.
Лола Абдуазимова.