Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 06 / Расмий ҳужжатлар

«Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» (Кўчирма).

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

(Кўчирма)**

Сўнгги йилларда мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётини кенг кўламли ислоҳ қилиш, шунингдек, амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, дунёнинг илғор демократик давлатларида суд ҳужжатларини ижро этиш соҳасида шаклланган тажриба ва амалиёт таҳлили соҳада узоқ муддатли тизимли ислоҳотлар амалга ошириш эҳтиёжи мавжудлигини кўрсатди.

Мажбурий ижро бюросининг тузилма ва вазифалари мажбурий ижро тизими ривожланишининг замонавий талаблари ва жаҳон тенденцияларига тўлиқ жавоб бермайди.

Суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олишга, шунингдек, фуқароларнинг минимал турмуш даражасини таъминлаш учун зарур бўлган пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини тизимлаштириш ва янада такомиллаштириш зарур.

«Ўзбекистон–2030» Стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш орқали одил судлов самарадорлигини таъминлаш мақсадида:

1. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2024 йил 1 майдан бошлаб:

а) суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилсин. Бунда:

иқтисодий ишлар бўйича суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини фақат электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилади (Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ижро этилиши лозим бўлган ижро ҳужжатлари бундан мустасно);

фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича суд ва маъмурий суднинг ҳужжатлари асосида бериладиган ижро ҳужжатлари, қоида тариқасида, электрон шаклда, ижро ҳужжати Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ижро этилиши лозим бўлган тақдирда ёки тарафларнинг илтимосномасига кўра эса – суднинг муҳри билан тасдиқланган ҳолда қоғоз шаклда берилиши (юборилиши, тақдим этилиши) мумкин;

суд ҳужжатлари асосида бериладиган ижро ҳужжатлари QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган ҳолда электрон рақамли имзо билан расмийлаштирилади;

юридик шахслар томонидан суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатлари ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатлар уларнинг солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали олинади ва тақдим этилади;

жисмоний шахслар учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки интерактив хизматларни кўрсатадиган терминаллар орқали суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатларини ва ижро иши юритиши доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатларни олиш ва тақдим этиш имконияти яратилади;

б) фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгилансин. Бунда:

даромадларнинг кафолатланган энг кам миқдори фуқароларнинг қарздорликлари бўйича пул маблағларини ундиришда қўлланилади ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмига мос келади;

фуқаронинг банк ҳисобварақларидан, жумладан банк карталаридан ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорлик бўйича пул маблағларини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмидаги маблағлар ҳисобидан ушлаб қолиш (ҳисобдан чиқариш) тақиқланади;

в) ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби почта харажатлари бўйича қарздорликни ундиришга ҳам татбиқ этилсин.

2. Белгилансинки, 2024 йил 1 декабрдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи «Мажбуриятлар реестри» (кейинги ўринларда – Реестр) институти жорий этилади. Бунда:

Реестр Мажбурий ижро бюроси томонидан юритилади;

қарздор мол-мулки йўқлиги сабабли ундирув амалга ошириш имконияти бўлмаганда, у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда Реестрга киритилади;

қарздор ҳақида маълумот Реестрга киритилгандан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланилган барча чекловлар сақлаб қолинади;

Реестрга киритилган қарздорнинг мол-мулки ва пул маблағлари аниқланганда мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилади;

қарздор ижро ҳужжати бўйича мажбуриятини бажарганда, у вафот этганда, ижро ҳужжатини беришга асос бўлган суд ҳужжати ёки бошқа органнинг ҳужжати бекор қилинганда ёхуд ижро ҳужжати бўлган ҳужжат бекор қилинганда ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қарздорнинг 10 йил давомида мол-мулки ёки пул маблағлари ҳақида маълумот аниқланмаганда ёки қарздор банкрот деб топилганда, ундирувчининг аризасига кўра, у ҳақидаги маълумотлар Реестрдан чиқарилади.

Бош прокуратура (Н.Т.Йўлдошев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2024 йил 1 августга қадар «Мажбуриятлар реестри» институтини амалиётга жорий этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда киритсин.

3. Белгилансинки, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш бўйича савдо дўконларини танлаб олишда мол-мулкни Интернет-дўконлар орқали сотишни амалга оширувчи савдо ташкилотларига устунлик берилади.

Бош прокуратура (Н.Т.Йўлдошев) 2024 йил 1 мартга қадар ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкни шартнома-воситачилик шартлари асосида реализация қилиш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин.

4. Мажбурий ижро бюросига юклатилган вазифаларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш мақсадида:

а) Мажбурий ижро бюросига асосий фаолияти вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасидан молиялаштириладиган қўшимча 230 та давлат ижрочиси штат бирлиги ажратилсин;

б) марказий аппаратнинг Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси таркибида мавжуд штат бирликлари доирасида Мониторинг маркази ташкил этилсин ва унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Мажбурий ижро бюросининг дастурий таъминот ва ахборот тизимларидан олинган маълумотлар асосида суд ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси ҳолати билан боғлиқ вазиятни онлайн таҳлил қилиш;

ахборот-коммуникация ва рақамли технологиялар асосида ундирилган пул маблағлари ҳисобини ва бошқа ҳисоботларни юритиш;

ижро иши юритишнинг процессуал тартиби ва муддатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

маълумотларни таҳлил қилиш орқали вужудга келиши мумкин бўлган ҳолатларни баҳолаш ва прогноз қилиш ҳамда уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан таклифлар киритиш;

в) марказий аппаратда Активларнинг ҳисобини юритиш ва бошқариш бўлими, Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида Активларнинг ҳисобини юритиш ва бошқариш шуъбаси мавжуд штат бирликлари доирасида ташкил этилсин.

5. Мажбурий ижро бюроси директори М.Э.Эгамбердиев:

давлат ижрочиси лавозимига олий маълумотга эга бўлган шахсларни қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратсин;

амалдаги ўрта махсус маълумотга эга давлат ижрочиларини Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида босқичма-босқич ўқитиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин.

6. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага*** мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т.Йўлдошев, масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари чора-тадбирлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши учун шахсан масъул этиб белгилансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага*** мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

8. Бош прокуратура Адлия вазирлиги, Олий суд ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

9. Мазкур Фармоннинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т.Йўлдошев белгилансин.

Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Д.Б.Кадиров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2024 йил 3 январь

ПФ-1-сон.

*Ушбу Фармон Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 04.01.2024 йилдан кучга кирди.

**Ушбу Фармон «Норма маслаҳатчи»да кўчирмада берилмоқда. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

***Ушбу Фармонга 1–2-иловалар «Норма маслаҳатчи»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.


Прочитано: 154 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика