Norma.uz
Норма маслахатчи / 2024 йил / № 06 / Фактлар ва рақамлар

Марказий банк асосий ставка даражасини ўзгаришсиз қолдирди

 

Марказий банк бошқарувининг 2024 йил 25 январдаги йиғилишида асосий ставка йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

 

Иқтисодиётдаги юқори талаб динамикаси таъсирида шаклланаётган кутилмаларни инобатга олиб асосий ставка даражаси ўзгаришсиз қолдирилди. Прогнозларга кўра, инфляция йил якунида 8–9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Шакллантирилаётган пул-кредит шароитлари инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасигача барқарор пасайиш траекториясини таъминлашга қаратилган.

Умумий инфляция сўнгги ойларда 8,8 фоиз даражасида сақланиб қолди. Истеъмол саватидаги товарлар гуруҳида инфляциянинг пасайишига қарамасдан, хизматлар инфляцияси охирги чоракда бироз тезлашди. Бу эса, келгусида талаб томонидан умумий инфляцияга оширувчи босимларнинг кучайиш эҳтимоли мавжудлигини кўрсатади.

2023 йилда иқтисодий ўсишнинг 6 фоизгача тезлашишига, асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг юқори суръатда ўсиши муҳим аҳамият касб этди. Иқтисодиётга ажратилган кредитларнинг ижобий динамикаси, фискал рағбатлантиришларнинг юқори бўлганлиги ва пул ўтказмалари иқтисодий ўсиш суръатларини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлди.

Жаҳон иқтисодиётидаги қатъий молиявий шароитлар, меҳнат бозорларининг мувозанатлашиши ва хом ашё товарлари нархларининг пасаювчи динамикаси таъсирида глобал инфляциянинг жорий йилда ҳам секинлашишда давом этиши кутилмоқда.

Банк тизимида ликвидликдаги таркибий профицитнинг қисқариб бориши билан бир қаторда, пул бозорида операцияларнинг фаоллашуви кузатилмоқда. Пул бозоридаги қисқа муддатли фоиз ставкаларининг жорий йил давомида ҳам монетар операцияларни фаол қўллаган ҳолда фоиз коридори доирасида шаклланиши учун шароит яратиб борилади.

Янгиланган прогнозларга кўра, асосий сценарий бўйича 2024 йилда умумий инфляция 8–9 фоиз, базавий инфляция даражаси эса 7–8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

Жорий йилда макроиқтисодий ривожланишнинг қайси сценарий шартлари асосида кечиши ташқи иқтисодий омиллар билан бирга мақроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг ички омиллари, яъни таркибий ислоҳотлар суръатлари, фискал интизом ва пул-кредит сиёсати таъсирчанлигига боғлиқ бўлади.

Айни пайтда, айрим тартибга солинадиган нархларда кутилаётган ўзгаришлар, акциз ва қўшилган қиймат солиғи бўйича киритилган сўнгги ўзгартиришлар ҳисобига кейинги ойларда ички нархларга бир марталик таъсир эҳтимолларини пасайтириш чоралари кўрилмоқда.

Асосий ташқи хатарлар, глобал фрагментациянинг кучайиши ва юқори глобал инфляцион жараёнларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолиши билан боғлиқ бўлади.

Ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,5–6 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бир томондан, истеъмол талаби бўлса, иккинчи томондан, таркибий ислоҳотлар таъсирида тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар ҳажмининг ошиши бўлади.

 

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 14 мартга белгиланган.

Прочитано: 152 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика