Ҳозирги кунда солиқчилар тадбиркорлик субъектларининг юридик манзилини текшираётган экан. Юридик шахснинг ўз биноси йўқ, ижарада туради, лекин юридик манзил таъсисчининг уй манзили ҳисобланади.
Юридик шахснинг ижара манзили ўзгарганда, ҳар сафар уставдаги манзилни ўзгартириши керакми ёки шундай ҳолатда қолса бўладими?
– Жамият у билан алоқа амалга ошириладиган почта манзилига эга бўлиши лозим ва юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органни ўзининг почта манзили ўзгаргани тўғрисида хабардор қилиши шарт (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 6-м. 7-қ.).
Жамиятнинг почта манзили тўғрисидаги маълумотлар жамият уставида кўрсатилиши керак (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 13-м.).
Тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар жойлашган жойининг (почта манзилининг) ўзгариши қайта рўйхатдан ўтказилади. Бунда юридик шахснинг 300 БҲМдан ортиқ солиқ қарзи мавжуд бўлмаса, почта манзилини ўзгартириш – ўзгарган пайтдан бошлаб 10 кун мобайнида рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилиш тартибида амалга оширилади (ВМнинг 9.02.2017 йилдаги 66-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 21-б., 7-иловаси).
Таъкидлаш жоизки, почта манзили ва ижара манзили (амалда жойлашган манзил) турли тушунчалардир. Рўйхатдан ўтказувчи орган фақат почта манзили ўзгарганда хабардор қилинади.
Шу билан бирга, давлат хизматлари марказлари юридик шахсларни давлат кадастр маълумотлари базасидан – ариза берувчига кўчмас мулк тегишлилиги, шунингдек, солиқ органлари маълумотлар базасидан – ижара шартномаси ёки текин фойдаланиш шартномаси мавжуд бўлган ҳолдагина қайта рўйхатдан ўтказишга йўл қўйилади. Ариза берувчи Интернет орқали ЯИДХПда тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан қайта ўтказишда, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жойини кўрсатишда солиқ ва кадастр маълумотлар базаларидан қатъий фойдаланади (ВМнинг 22.09.2021 йилдаги 595-сон қарори 4-б.).