Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 35 / Мутахассислар тушунтиради

Автокамерал назорат натижалари бўйича хат олган бўлсангиз...

 

Текширувдан олдинги таҳлил нима ва солиқ органларининг «автомати» айнан нимани таҳлил қилади

Текширувдан олдинги таҳлил («автокамерал») – бу солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини ва унинг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотни автоматлаштирилган таҳлилидир (СК 138-м.).

Таҳлил солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, солиқ тўловчининг иштирокисиз ўтказилади.

Солиқ органларининг автоматлаштирилган тизими солиқ тўловчи тўғрисидаги мавжуд бутун маълумотни таҳлил қилади. Бу солиқ тўловчини идентификация қилиш, Солиқ кодексига мувофиқ тўланиши лозим бўлган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва натижани солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳисоб-китоблар билан солиштириш имконини берадиган маълумотлардир.

Хусусан, ЭҲФ (масалан, МХИК), БЮД, инвойслар, ТСОЯЭАТ, таҳлика-таҳлил тизими, кадастр ва E-ijara тизимларидаги маълумотлар, my.soliq.uz тизимидаги онлайн-НКМ чекларидаги маълумотлар ва солиқ органларида мавжуд бўлган бошқа маълумотлар таҳлил қилинади. Ушбу маълумотлар солиқ тўловчи томонидан муайян ҳисобот даврлари учун солиқ ҳисоботида акс эттирилган кўрсаткичлар билан солиштирилади.

 

Кўпроқ солиқ тўловчи хато қилганда, «автокамерал» маълумотлари бўйича вазиятларга мисоллар

Хат-хабарномага жавоб беришдан олдин, ДСҚнинг автомат тизими томонидан текширувдан олдинги таҳлил ўтказилиши чоғида аниқланган бир нечта намунавий вазиятлар билан танишинг.

1. Солиқ тўловчилар ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг 011-сатридаги маълумотлар йил бошидан ўсиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилиши кераклигини эътибордан четда қолдирадилар.

Ечими: қуйидагиларни кўрсатинг:

Ҳисоб-китобнинг 011-сатрида – ўсиб борувчи якун билан ҳисоблаб чиқарилган, йил бошидан маълумотлар;

Ҳисоб-китобнинг 0110-сатрида – ҳисобот ойи учун ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар.

2. Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот ва ҚҚС ҳисоб-китобида акс эттирилган товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган соф тушум кўрсаткичлари ўртасида тафовутлар аниқланди.

Ечими: молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларга мувофиқ молиявий ҳисоботда ўлчов бирлиги – минг сўм, ҚҚС бўйича ҳисоботда эса – сўм қўлланилади.

 

Молиявий ҳисоботни тайёрлашда қийматни бутун суммагача эмас, балки яхлитлаш қоидаларини ҳисобга олган ҳолда, вергулдан кейин иккита белгигача яхлитланг.

 

3. ҚҚС бўйича ҳисоботда акциз тўланадиган товарларни реализация қилиш бўйича айланмалар нотўғри акс эттирилади.

Ечими: ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илованинг ­0101-сатрида ЭҲФ маълумотлари асосида товарларни реализация қилиш бўйича айланмалар акциз солиғини ҳисобга олган ҳолда акс эттирилиши керак.

4. Онлайн-НКТ чекларида ҚҚС суммалари акс эттирилмайди.

Ечими: аҳоли билан пуллик ҳисоб-китобларни амалга оширишда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал касса тизимини қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг 7-бандига мувофиқ товар бўйича тўланган ва бутун чек бўйича ҚҚС тўғрисидаги маълумот онлайн-НКТ чекларида акс эттирилиши мажбурийдир. Агар сиз расмийлаштирилган чекларда ҚҚСни кўрсатишни унутган бўлсангиз, солиқ тўловчининг шахсий кабинетида «Онлайн-НКМ ва виртуал кассаларга оид ахборот» интерактив хизматининг «Чекка тузатиш киритиш» иловаси функционали ёрдамида уларга тузатиш киритинг. Сўнгра хатога йўл қўйилган давр учун ҚҚС бўйича ҳисоботни қайта топширинг.

Чекларда ҳар бир товар ва чекнинг умумий қиймати бўйича ҚҚС акс эттирилиши учун ўз касса аппаратингизни қайта созланг.

5. Акциз солиғи ҳисоб-китобида аниқ товарларга нисбатан солиқ ставкалари нотўғри кўрсатилган.

Ечими: акциз тўланадиган товарларга нисбатан Солиқ кодексининг 289-289-3-моддаларида белгиланган ставкаларни қўлланг.

6. Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида курсдаги салбий фарқдан ошадиган валюта ҳисобварақлари бўйича курсдаги ижобий фарқ суммаси нотўғри кўрсатилган.

Ечими: айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида курсдаги салбий фарқдан ошадиган валюта ҳисобварақлари бўйича курсдаги ижобий фарқ суммасини Айланмадан олинадиган солиқ ҳисоб-китобига 1-илованинг 0404-сатрида акс эттириш лозим.

7. Солиқ агентлари томонидан тўланиши лозим бўлган Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китобида дивидендлар ва фоизларнинг тўлиқ бўлмаган суммаси акс эттирилган.

Ечими: солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ундириладиган Дивидендлар ва фоизлар тарзида тўланадиган даромадлардан олинадиган солиқ ҳисоб-китобининг 020 ва 090-сатрларида тўланган дивидендлар ва фоизлар суммалари солиқни ҳисобга олган ҳолда акс эттирилиши керак.

8. Фойда солиғи ҳисоб-китобида меҳнатга ҳақ тўлаш ва ижтимоий солиқ тўлаш харажатлари суммалари нотўғри кўрсатилган.

Ечими: ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг 011-сатри 3-устунида акс эттирилган меҳнатга ҳақ тўлаш билан боғлиқ даромадлар суммасини, шунингдек Ҳисоб-китобнинг 060-сатри 4-устунида ҳисоблаб чиқарилган ижтимоий солиқ суммасини Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг ­0105-сатрида тўғри акс эттиринг.

Агар сизнинг вазиятингиз ушбу рўйхатда мавжуд бўлмаса, у ҳолда:

«автокамерал» бўйича хат-хабарнома билан диққат билан танишиб чиқинг;

сиз жавоб беришингиз керак бўлган муддатга эътибор беринг;

четлашиш формуласини ўрганиб чиқинг ва жавобни тайёрлашга киришинг.

 

Агар «автокамерал» натижалари бўйича хат олган бўлсангиз, қандай ҳаракат қилишингиз керак

Ҳар қандай ҳолда ҳам хабарномага у олинган кундан эътиборан 10-кунлик муддатда жавоб бериш лозим. Агар сиз солиқчиларнинг хулосасига рози бўлсангиз, қайта ҳисоб-китобларни топширинг ва қўшимча солиқларни тўланг. Агар рози бўлмасангиз – асослантирилган жавобни йўлланг.

 

Маълумот учун! Шахсий кабинетда солиқ органларидан янги хабарномалар мавжудлигини ҳар куни текширинг. Шунда сизда уларга асослантирилган жавоб тайёрлаш учун етарли вақт бўлади.

 

Агар хат-хабарномага 10 кун давомида муносабат билдирмасангиз, солиқ органлари учун бу камерал солиқ текширувини тайинлаш учун асос бўлади.

 

Қоидага кўра, қуйидаги ҳолларда солиқ органларидан хат-хабарномалар келади:

агар сиз ҳисоб-китобларни қайта топширган ва қўшимча солиқлар тўлаган бўлсангиз;

агар сизга талабномалар юборилган бўлиб, солиқ органи билан мулоқот натижасида улар қайта кўриб чиқилган бўлса;

агар қонун ҳужжатлари ўзгарган бўлса;

агар ташкилот молиявий ҳисоботни чораклик асосда топширса.

Барча ушбу ҳолларда вазиятни батафсил ўрганинг ва кейин солиқ органларининг талабига рози бўлиш ёки рози бўлмаслик тўғрисида қарор қабул қилинг.

Агар сиз хабарномани такроран олган бўлсангиз, уни эътиборсиз қолдирманг. Унга ҳам ўз вақтида муносабат билдириш керак.

Агар мазкур масала бўйича позициянгиз ўзгармаган бўлса, сиз илгари берилган жавобни такрорлашингиз ёки анча батафсил асос билан янги хат тайёрлашингиз мумкин.

Агар сизнинг позициянгиз ўзгарган бўлса ва сиз солиқ органларининг далилларига рози бўлсангиз, аниқлаштирилган ҳисоб-китоб тақдим этинг ва унга зарурий тушунтиришлар билан хатни илова қилган ҳолда юборинг.

 

Четлашишлар формуласини қаерда ва қандай кўриш мумкин

Солиқ органларига жавоб тайёрлашдан олдин, қўшимча солиқлар ҳисоблаш формуласини диққат билан ўрганиб чиқинг.

Формуласиз ўз позициянгизнинг аниқ асосини тайёрлашнинг имкони йўқ. Формуладаги камчиликларни кўрсатиб, ўз далилларингизни қонуннинг меъёрлари билан мустаҳкамласангиз, солиқчилар, қоидага кўра, сизнинг позициянгизга қўшиладилар ва талабни қайта кўриб чиқадилар. Кўпинча бундай муҳокамалар солиқ тўловчининг фойдасига ҳал қилинган ҳолда якунланади.

Бунинг учун хат-хабарномада «Тафовутларни ҳисоблаб чиқариш тартиби (формуласи)» фаол тугма-ҳаволаси мавжуд. Сиз уни босган ҳолда ДСҚнинг my3.soliq.uz сайтига – «автокамерал» формуласи билан хат-хабарнома йўлланган солиқ тўловчининг кабинетига тушасиз.

Пастроққа тушсангиз, солиқлар турлари рўйхати ва «Аниқланмаган сумма» устуни билан жадвални кўрасиз.

Масалан:

Т/р

 

Солиқ тури

 

Аниқланмаган сумма

 

1

 

Жами

 

197 280

 

2

 

Қўшилган қиймат солиғи

 

0

 

3

 

Даромад солиғи

 

98 640

 

4

 

Ижтимоий солиқ

 

98 640

 

 

 

Жадвалда «автокамерал» тизими воситалари орқали аниқланган солиқлар турлари бўйича аниқланмаган суммалар акс эттирилади. Бу ерда:

солиқ турини танланг ва унга босинг ва у бўйича эҳтимолий хатолар аниқланган ойлар учун суммалар автоматик тарзда шакллантирилади;

ойни танлаганда экранда «автокамерал» тизимида мавжуд муайян мезонлар асосида тизим томонидан автоматик тарзда шакллантириладиган формуланинг ҳисоб-китоб суммалари автоматик тарзда акс эттирилади.

«Ахборот» тугмасига босганда қўшимча солиқларни ҳисоблаш ҳисоб-китоб формуласи ва унинг таърифи акс эттирилади.

Масалан:

 

 

Маълумотлар бир кунда бир марта автоматик тарзда янгиланади. Маълумотлар сервиси ёрдамида солиқ ҳисоботидаги нотўғри ва тўлиқ бўлмаган маълумотларни тузатиш ва солиқ органига тегишли қайта ҳисоб-китобни тақдим этиш мумкин.

 

Гулнора ЭРГАШЕВА, солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 243 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика