Norma.uz
СБХ / 2023 йил / № 35 / Мутахассислар тушунтиради

Резидентлик сертификати қандай қўлланилади

 

Чет эл фуқароси ўз мамлакатида ишлаган ҳолда ФҲХ шартнома бўйича Ўзбекистон компаниясига хизматлар кўрсатади. Ишларнинг бажарилганлиги ҳар ойда бажарилган ишлар далолатномаси билан тасдиқланади ва унга ҳақ тўланади. Далолатномаларга ойнинг охиридаги сана қўйилади, тўлов кейинги ойнинг бошида амалга оширилади. 

Резидентлик қайси санада тасдиқланган бўлиши керак – далолатнома санасидами ёки даромад тўлаш санасидами?

 

Саволга Солиқ қўмитасининг Солиқ солиш услубияти департаментининг халқаро солиқ солиш бўлими бошлиғи Раъно АЛИШАЕВА ва «Assistance In Tax» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб беради:

 

– Ўзбекистоннинг норезиденти бўлган жисмоний шахсга даромадни тўлаш тўлов манбаида солиқни ушлаб қолмасдан ёки иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги Ўзбекистоннинг халқаро шартномаси қоидаларига мувофиқ пасайтирилган ставкани қўллаган ҳолда амалга оширилади (СК 400-м. 3-қ.).

Мисол сифатида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида даромаддан ва мулкдан олинадиган солиқларнинг иккиёқлама қўлланилишига йўл қўймаслик тўғрисида Битимнинг (Москва, 1994 йил 2 март, ЎзР учун 1995 йил 27 июлдан кучга кирган) қўлланилиши кўриб чиқамиз.

Чет эл фуқароси ишларни ФҲХ шартнома асосида бажариши боис, унинг Ўзбекистонда олинган даромадларига солиқ солиш Битимнинг 14-«Мустақил шахсий хизматлаp» моддаси билан тартибга солинади.

Мустақил шахсий хизматлаp кўрсатишдан олинган даромадларга, агар чет эл фуқароси резидентлик сертификатини тақдим этса, Ўзбекистонда ЖШДС солинмайди. Ушбу қоида фуқаро бизнинг мамлакатимизда ўз фаолиятини амалга ошириш мақсади учун доимий базага эга бўлмаган тақдирда қўлланилади. Доимий база деганда чет эл фуқароси мустақил шахсий хизматлаpни бажариши учун мунтазам кириш имконияти бўлган доимий жой тушунилади.

«Мустақил шахсий хизматлаp» атамаси мустақил илмий, адабий, аpтистлик, маъpифий ёки ўқитувчилик фаолиятлаpини, шунингдек вpачлаp, юpистлаp, муҳандислаp, меъмоpлаp, стоматологлаp ва ҳисобчилаpнинг мустақил шахсий фаолиятини ўз ичига олади.

Чет элликнинг даромади ЖШДС ҳисоблаб чиқариш мақсадларида тўлов санасида эътироф этилади. Бу жисмоний шахсларнинг чет эл валютасида ифодаланган даромадлари, ҳақиқатда даромадлар олинган санадаги Марказий банкнинг курси бўйича сўмга қайта ҳисоб-китоб қилинишидан келиб чиқади (СК 366-м. 3-қ.). Пул шаклида даромад олинган сана – бу у тўланган, шу жумладан даромадни жисмоний шахснинг банкдаги ҳисобрақамига ёки унинг топшириғига кўра учинчи шахсларнинг ҳисобрақамларига ўтказилган сана (СК 367-м.).

Солиқ кодекси жисмоний шахсга даромад тўлашда қачон резидентлик тасдиқланиши керак деган саволга тўғридан-тўғри жавоб бермайди. СКнинг 357-моддаси 3-қисми нормасини норезидент бўлган юридик шахсларга қўллаш ўринли, деб ҳисоблаймиз, унга асосан Ўзбекистоннинг халқаро шартномаси қоидалари даромад олувчи томонидан солиқ агентига солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжат даромадни тўлаш санасидан кечиктирмай тақдим этилган тақдирда қўлланилади.

Шу боис, даромад анча эрта даврда ишлаб топилганлигига қарамай, сертификат чет элликнинг резидентлигини даромадни тўлаш санасида тасдиқлаши керак.

 

МИСОЛ. Норезидентга 2022 йилда бажарилган иш учун 2023 йилда даромад тўланди

Чет эллик – иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисида битим тузилган мамлакатнинг резиденти. Битим асосида у Ўзбекистонда ЖШДСни ушлаб қолмасдан даромад олиши мумкин.

2022 йилнинг декабрь ойида бажарилган иш учун 2023 йилнинг январь ойида даромад тўланди.

I вариант. Чет эллик томонидан резидентлик даври – 2022 йил этиб кўрсатилган сертификат тақдим этилди. Даромад 2023 йилда тўланиши ва шу йилнинг ўзида солиқ солиш мақсадларида эътироф этилиши боис, 2022 йил учун резидентлик сертификати ҳисобга олиниши мумкин эмас. Шу боис, даромад тўлашда 12% ставка бўйича ЖШДС ушлаб қолинади. Бунда норезидент тўланган солиқни қайтариш ҳуқуқига эга (СК 401-м., СК 12-боб).

II вариант. Чет эллик томонидан 2023 йилда олинган сертификат тақдим этилди, унда резидентлик даври кўрсатилмаган. Агар сертификатда резидентлик даври кўрсатилмаган бўлса, у олинган бутун йил мобайнида амал қилади (СК 358-м. 5-қ.). Сертификат 2023 йилда олинганлиги боис, ушбу йилда чет элликка даромадни ЖШДСни ушлаб қолмасдан тўлаш мумкин.

 

МИСОЛ. Норезидентга 2023 йилда резидентлик сертификатисиз даромад тўланди

Чет эллик резидентлигининг ҳужжатли тасдиғи бўлмаса, даромад ЖШДСни ушлаб қолган ҳолда тўланади. Бунда норезидент тўланган солиқни қайтариш ҳуқуқига эга (СК 401-м., СК 12-боб).

Прочитано: 383 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика