Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 50 / Биз яшайдиган уй

Тажриба турлича – мақсад битта: термомодернизация ва унда мулкдорларнинг иштироки

 

«Фуқароларнинг кўп квартирали уйларни энергия самарадор модернизацияда иштирок этиши дастаклари ва рақамлаштириш» – бу мавзу турли давлатлардан ташриф буюрган мутахассисларни Минск шаҳрида аралаш форматда ўтказилган халқаро анжуманга бирлаштирди. Унда Беларуссия, Германия, Латвия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия, Украина, Эстониядан бўлган мулкдорлар бирлашмалари уюшмалари ва ташкилотлар, вазирликлар ва идораларнинг бошқарувчилари, энергетик модернизациялаш бўйича экспертлар иштирок этишди.  

 

Анжуман ташкилотчилари – Кўчмас мулк менежменти халқаро уюшмаси (КММХУ), «Шарқий Европада уй-жой хўжалиги» ташаббуси (ИВО, Германия) – белгиланган мавзуни турли жиҳатлардан туриб муҳокама қилиш учун онлайн-майдончани тақдим этишди. Муҳокама мавзулари орасида – мукаммал таъмирлаш ва термомодернизацияни ташкил этишни тартибга солувчи қонунчиликни таҳлил қилиш; бу жараёнларда мулкдорлар ва профессионал бошқарувчиларнинг ўрни; умумий мол-мулкни бошқариш усуллари ва энг мақбул моделлар; янги қурилишларда профессионал бошқарувни ташкил этиш бўйича таклифлар; мулкдорларга уй-жой соҳасида таълим бериш ва ҳоказолар бор.

 

Ташкилотчи, назоратчи, модератор, воситачи

Нима учун охирги вақтларда ККУнинг термомодернизациясига бу қадар эътибор қаратиляпти? МДҲ мамлакатларида 60–90-йилларда бино этилган кўп квартирали уй-жой фондида аҳолининг 70 фоиздан ортиғи яшайди. Бу уйлар мукаммал таъмирловни, модернизация қилинишни талаб қилади, энергия сарфи иқтисод қилинишига эҳтиёж бор. Энергиянинг умумий истеъмолида кўп қаватли уйлар улушига 30–40 фоиз истеъмол тўғри келади. Ўртача олганда мазкур мамлакатлардаги ККУда иссиқлик қувватининг истеъмоли европалик уйларникидан 2–3 марта кўпдир. Биноларни энергетик модернизациялаш – бу турар жой мулкдорлари ва бошқарувчиларининг қаршисида турган катта замонавий қадамдир, дея ҳисоблашади экспертлар. Бу нафақат қулай яшаш шароитларини таъминлайди, балки иситиш тўловларини кескин тарзда пасайтиришга имкон беради. Лекин мулкдорлар бундай қадамни ташлаш учун нега шошилмаяптилар?

Кўчмас мулк менежменти халқаро уюшмаси бошқарувининг раиси Вернер Меркель энергомодернизацияни тайёрлаш жараёнида бошқарувчининг ролини алоҳида таъкидлади. «Кўчмас мулк бошқарувчиси мулкдорлар бирлашмаларининг қарорларини амалга оширади ҳамда молиявий талабларнинг риоя этилиши учун жавоб беради. Бошқарувчи мулкдорларни зарур чоралар ҳақида хабардор қилади, иш ҳажми, қиймати, жалб этилган мутахассислар ва қурилиш компаниялари тўғрисидаги қарорларни қабул қилади. Уйга ҳамкорликда эгалик қилувчиларнинг ҳар бир аъзоси бошқарувчининг малакасига, унинг модернизациялаш, мукаммал таъмирлаш масалаларида етарлича билим соҳиби эканлигига ишончи комил бўлиши керак. У умумий йиғилиш томонидан қарорларни тайёрлаш ва қабул қилишда модератор ва воситачидир. Бошқарувчи молиялаштириш имкониятларини аниқлаштириши ва ҳар бир модернизация варианти бўйича қарорларни шакллантириши, унга бўлган салбий муносабатни бартараф этиши мумкин. У умумий натижага эришишда молиявий жиҳатдан ожизроқ бўлганларни хотиржам қилади ва қўллаб-қувватлайди. Бошқарувчи мулкдорлар бирлашмасининг ташкилотчиси, назоратчиси ва холис ҳамроҳидир. Унинг модернизациялаш соҳасида махсус билимларга эга бўлиш шарт қилинмайди. Муҳими – у одамларни бирлаштира олсин ва алоҳида тадбирларни бошқарсин».

 

Термомодернизация ғояси нима учун уйда яшовчилар орасида оммалашмаган?

Беларусь Республикасининг Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бошқармасининг бошлиғи Андрей Ромашко нима учун мулкдорлар ўз уйларининг термомодернизация қилиниши ғоясини қўллаб-қувватламаётганларини айтиб ўтди. «2020 йилга қадар Беларусда бошқарувни алоҳида хизмат сифатида тан олишмас эди. Собиқ иттифоқнинг бошқа давлатларида бўлгани каби асосийси уй-жой фондини сақлаш ва унга хизмат кўрсатиш бўлган. Бугунги кунда бошқарув – бу биринчи навбатдаги, энг муҳим хизмат эканлиги қонун ҳужжатларида белгиланган бўлиб, унинг асосида ККУдан фойдаланишни ташкил этиш, коммунал хизматларни тақдим этиш йўлга қўйилади. Ҳозирда тушунчалар трансформация қилинмоқда, мутахассислар соҳага ўз қарашларини ўзгартиришмоқда. Бунинг учун қайта ўқиш, малакани ошириш, уларнинг онгини, ҳуқуқий муносабатлар ва уй-жойдан фойдаланиш тизимида ролини ўзгартириш зарур бўлади. Беларусда иссиқлик тизимини модернизация қилиш бўйича ишлар мулкдорларнинг ажратмалари ҳамда 50 х 50 нисбатида фоизсиз давлат субсидиялари ҳисобидан амалга оширилади. Ишларнинг қиймати дарҳол бюджет маблағлари ҳисобидан қопланади, мулкдорлар эса ўз улушларини 10 йил давомида бўлиб-бўлиб ҳар ойлик тўловлар билан сўндирадилар. Ҳатто мана шундай имконият берилганда ҳам улар термомодернизацияга сусткашлик билан қарашмоқда. Амалиётнинг кўрсатишича, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш уларнинг бу соҳадаги фаоллигини оширгани йўқ. Ҳозирда улар иситиш қувватининг бор-йўғи 20 фоизини тўлашаётир. Ўзларининг хусусий мулклари учун жавобгарликни улар зиммасига фаолроқ топширишни бошлаш керак. Яна бошқа иқтисодий рағбатлантиришлар, хусусан, турлича иситиш таъминотига эга бўлган турар жойлар учун табақалаштирилган тарифларни жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу мулкдорларнинг нафақат термомодернизация зарурати муҳимлигини тушунишига олиб келиши, балки иқтисодий дастак ҳам бўлиб қолиши мумкин».

 

Бошқарув тизимларининг таҳлили: қайси модель яхшироқ?

КММХУнинг ижрочи директори Геннадий Калёнов ККУда уйга ҳамкорликда эгалик қилаётганда самарали бошқарув тизимини қандай қуриш мумкинлигига эътиборни қаратди. Турлича моделларнинг таҳлили улар ҳар бирининг ижобий ва салбий жиҳатларини намойиш этди, ўзини ўзи бошқаришдан профессионал бошқарувга ўтишнинг оқилона вариантларини кўрсатиб берди. Уларнинг қайси бирини, хусусан, муайян муносабатлар шаклланиб бўлган иккиламчи бозорда қўллаш афзал, қайси бирини янги қурилаётган ҳудудларда қўллаш афзал эканлиги қайд этилди. Биз кўпинча ККУни бошқариш, энергия самарадор модернизациялашда муваффақиятларга эришган Европа мамлакатларидан андоза оламиз. Бу тажрибани МДҲ давлатларида янада фаолроқ қўллашда бизга нима халақит беряпти? Беларусда УКХ учун кадрлар тайёрлаш тизими шаклланган, лекин у бирмунча мураккаб тизим. Европа тажрибасидан фойдаланган ҳолда КММХУ ҳамкорликда уйга эгалик қилишни бошқариш бўйича мутахассисларни тайёрлаш режасини ишлаб чиқди.

Латвия Бошқарувчилар уюшмаси бошқарувининг аъзоси Юрис Виджис ККУни бошқариш тизимига фаол равишда рақамлаштириш кириб келаётганини таъкидлади. Бошқарувчилар ахборот технологияларидан нафақат ўзлари фойдаланишлари, балки мулкдорларни ҳам унга ўргатишлари лозим бўлади. Латвияда 2010 йилда «Дело дома» («Уй юмуши») тизими ишга тушган бўлиб, унинг бугунги кунда 15 000 нафар мижози бор. Бу тизим фақатгина мулкдорлар томонидан қарорлар қабул қилиш, умумий йиғилишларни ўтказишга мўлжалланган эмас. Бу ерда мижозлар фойдалана оладиган ККУ тўғрисидаги барча юридик, техник, молиявий ахборот жамланган. Бу бошқарув органи ишини осонлаштиради, тарафларнинг ишончини таъминлайди. Ўзбекистонда ишга туширилаётган «Менинг уйим» ахборот тизими коммунал хизматларнинг онлайн-тўлови, етказиб берувчилар билан муносабатлар, бошқарув органи ҳақидаги ахборот ва ҳоказоларни таъминлайди.

 

Мутахассислиги – кўчмас турар жой бошқарувчиси

Ўзбекистон Уй-жой фондининг профессионал бошқарувчилари ва хизмат кўрсатувчилари ташкилотлари уюшмасининг ижрочи директори Раҳима Ортиқова УКХ ислоҳотларининг ўзига хосликлари ва профессионал бошқарувчиларнинг ўрни ҳақида гапириб берди. 2019 йилда мамлакатимизда «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун қабул қилиниб, у уй-жой фондини бошқаришни профессионаллаштиришга қаратилди. Бу йўлда қандай ютуқ ва муаммолар учраётгани, мукаммал таъмирлаш, модернизациялар, бошқарувчиларни ўқитиш билан боғлиқ масалалар қандай ҳал этилаётгани таъкидлаб ўтилди. Европа иттифоқининг молиявий кўмагида (Уюшма лойиҳанинг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси сифатида иштирок этмоқда) «Шарқий Европада уй-жой хўжалиги» ташаббуси (ИВО, Германия) томонидан амалга оширилаётган Promhouse лойиҳаси доирасида кўчмас турар жой бошқарувчисининг профессионал стандарти ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бир вақтда коллежлар учун «кўчмас турар жой бошқарувчиси» мутахассислиги бўйича профессионал тизимни жорий этишга оид таълим дастури, ўқув режалари устида иш олиб борилмоқда. Келгуси йилда пилот лойиҳаларда мазкур йўналишда илк ўқувчиларни қабул қилиш режалаштирилган.

Фикрлар, мулоҳазалар, нуқтаи назарлар, позицияларнинг ранг-баранглиги ҳар бир мамлакат бу борада ўз йўлидан бораётганини, бошқаларнинг тажриба ва амалиётини ўрганиб, ўз ҳаётига татбиқ этишга ҳаракат қилаётганини кўрсатади. Халқаро анжуман иштирокчиларининг мунозаралари ва чиқишларидан айрим бўлакларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 330 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика