Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 50 / Биз яшайдиган уй

Яна ўша «эски қўшиқ»: кўп қаватли уй эгаларига нотўғри ахборот берилмоқдами?

 

Ижтимоий тармоқларда кўп қаватли уй эгаларига барча УМШлар ёпилиб, уйларни бошқарувчи ташкилотларга топшириш ҳақидаги нотўғри маълумотлар етказилаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлиб турибди. Бу якка ҳолда учраб турадиган ҳолатми ёки «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун қабул қилингунга қадар бўлгани каби яна одамларни чалғитишга қаратилган янги тўлқинми? Бундай ҳаракатлар зарардан бошқа нарса келтирмайди. Нотўғри хабар-муждалар уй мулкдорларида умуман профессионал бошқарув ва, шу жумладан, БКга нисбатан салбий муносабатларни юзага келтиради, уй-жой хизматларининг истеъмолчилари сифатида мулкдорларнинг ҳуқуқларини бузади. 

 

Бу яна ўша «эски қўшиқ» такрорланаётган ҳолни эслатади – яқин ўтмишда ҳаммамиз бу ишларнинг гувоҳи бўлган эдик. Ваҳоланки, Қонун барча масалаларга ечим берган эди: мулкдорлар умумий мол-мулкни бошқаришнинг исталган уч усулидан бирини, яъни бошқарувчи компания, бошқарувчи (жисмоний шахс), УМШ ёки УМШни ташкил этмаган ҳолда мулкдорлар жамоаси (бевосита бошқарув) томонидан бошқарилишни танлаш ҳуқуқига эга бўлдилар. Бундан бошқа барчаси – ҳуқуқ доирасидан ташқаридаги ҳаракатлардир.

Шунга қарамасдан, олдинги сафар бўлгани каби бу гал ҳам ташвиқот ишларини айрим БК вакиллари ва қўллаб-қувватлаш гуруҳлари олиб боришмоқда – улар ягона бошқарув усули мустаҳкам ўрин тутишидан манфаатдордирлар. Бундай хатти-ҳаракатлар эса, амалиётнинг кўрсатишича, зарарли ҳисобланади. Бу орқали Қонун билан белгиланган мулкдорларнинг энг мақбул бошқарув усулини эркин танлаш ҳуқуқига қалин чизиқ тортилмоқда. Уйда яшовчилар умумий йиғилишларни ўтказмаган ҳолда БК билан шартномалар тузишга мажбур қилинаётгани, имзо чекилган варақаларни тарқатишаётгани, УМШларга муҳрлар, ҳужжатлар ва ҳоказоларни топшириш ҳақида талабномалар қўйилаётганини айтишади. Бошқарув органи ишларига аралашишнинг энг оғриқли манзараси шу бўлса ажаб эмас.

 

Уй-жой соҳасида ёппасига саводхонликни оширишнинг мавриди келди чамаси…

Қонун барча масалаларнинг ечимини бериб бўлган бир паллада мазкур «эски янгиликлар»ни жорий этишга уринаётганлар нималарга таянишмоқда? Уларнинг баъзилари ҳокимларнинг қарор ва кўрсатмаларига ҳавола қилишмоқда, ваҳоланки бу талабларни бажаришга мулкдорлар мажбур эмас ва ҳуқуқий жиҳатдан олганда Қонуннинг мақоми юқори туради. Бошқалар эса уйда яшовчиларни алдаган ҳолда ККУда ягона бошқарув бу БК эканлиги ҳамда УМШлар гўёки ёпилаётгани ҳақида қонун бор деб хабарлар тарқатишган. Рўкач қилинган қонуннинг ўзини эса кўрсата олишмайди, чунки бундай ҳужжатнинг ўзи мавжуд эмас. Яна бошқа «шоввозлар» эса ВМнинг «Тошкент шаҳрининг уй-жой коммунал инфратузилмасини бошқаришни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида (4.01.2019 йилдаги 5-сон) гап 2019 йилда (!) пойтахтнинг Юнусобод ва Чилонзор туманларида ККУни бошқарув компаниялари томонидан бошқариш бўйича тажриба ўтказиш тўғрисида боради. Бу тажриба аллақачон тугаган, у қандай натижаларни кўрсатгани ҳақида биз «Норма маслаҳатчи»нинг бир қатор сонларида ёритиб борганмиз. Яна бошқа бир томон борки, улар ККУда жойлашган уйларни бошқарувчи ташкилотларга бириктириш бўйича тажрибани амалга оширишни назарда тутувчи Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорини (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) асос қилиб кўрсатадилар. Лекин ҳужжатга мувофиқ Тошкентда бундай тажриба Юнусобод туманининг фақат иккита кварталида (13 ва 14-кварталларда) ўтказилмоқда. Бу ўринда пойтахтнинг бошқа уй-жой фондининг нима алоқаси бор? Бундан қандай хулоса чиқмоқда? Ислоҳотларнинг бошида турган янги бошқарувчилар қонунларни ўқиб-тушунишга келганда оқсамоқдаларми? Ёки бу ишларни биргина ўзларининг манфаатлари йўлида амалга оширишяптими? Бу сингари ташвиқот ишлари онгли равишда ўтказилаётган бўлса, унда тегишли чораларни кўриш керак. Шу жумладан прокуратура органлари ва Адлия вазирлигига шикоятлар бериш ҳуқуқидан фойдаланиш керак. Мабодо бу оммавий ҳуқуқий саводсизлик бўлса, унда ёппасига ўқитишни бошлайлик – акс ҳолда уй-жой фондини бошқариш соҳасини қўлдан бой бериб қўямиз-ку! Бу каби бошқарувчилар ислоҳотларнинг ҳам илдизига болта уради, чунки ташвиқот ишларини қандай саводсизларча олиб боришаётган бўлса, уйларни бошқариш ҳам шу даражада бўлади: ишлар қонунларга биноан эмас, айрим шахсларнинг тушунчаларига биноан олиб борилади, истаклар имкониятлардан устунлик қила бошлайди.

Кўп қаватли уйларни бошқариш билан бирга БК раҳбарлари аслида мулкдорларни уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари борасида хабардор қилиб бориши, ўз хизматларини омилкорлик билан таклиф этишлари лозим бўлади. Бунинг учун эса аввало уларнинг ўзлари билим, малака ва кўникмаларга эга бўлишлари керак. Масъулиятли бошқарувчилар мана шунга интиладилар. Малакасиз ва виждонсиз бошқарувчилар эса бундай фазилатларни ўзлари учун ортиқча деб биладилар – чунки улар саводхон мижозларнинг бўлишидан манфаатдор эмаслар. Бундай ташвиқотчи-бошқарувчиларнинг ишлари мулкдорларнинг манфаати йўлида эмас, балки уларнинг зарарига хизмат қилади. Бу худди йўл қоидаларини билмаган одамнинг рулга биринчи бор ўтиришига ўхшайди. Бунинг оқибати нималарга олиб келиши мумкинлигини айтмаса ҳам бўлаверади.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 428 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика