Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 42 / Меҳнат муносабатлари

Бухгалтер Covid-19 билан касалланган тақдирда…

 

Бош бухгалтер – ҳар қандай корхона учун аҳамиятли шахс, унинг вазифаларига бухгалтерия, солиқ, бошқарув ҳужжатлари, барча турдаги ҳужжатлар, ҳисобот ва ҳоказоларни юритиш киради. Бош бухгалтер узоқ вақт мобайнида бўлмаганда ҳужжатларни расмийлаштириш, ЭҲФни жўнатишда, ДСИ билан алоқаларда муаммолар юзага келади. Агар бош бухгалтер жиддий ва узоқ муддатга «касаллик таътили»га чиқса, нима қилиш керак?

 

Аввало шуни қайд этиш керакки, агар бош бухгалтерда – Covid-19 бўлса, «касаллик варақалари»ни расмийлаштириш ва тўлов тўлаш Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 26-28-бандларига мувофиқ умумий қоидалар бўйича амалга оширилади (АВ рўйхат рақами 1136, 8.05.2002 й.).

 

Бош бухгалтер функциялари кимга берилади

Энг содда вариант – бош бухгалтернинг ўринбосари бўлса ва унинг лавозим функцияларига у ишда бўлмаганида раҳбарнинг ўрнини босиш функциялари (шу жумладан – имзо қўйиш ҳуқуқи) киритилган бўлса. Агар ўринбосарлар бир неча нафар бўлса, аниқ шахсни тайинлаш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Ўринбосар зиммасига бош бухгалтер вазифаларини юклаш тўғрисида қўшимча буйруқ чиқариш шарт эмас, агар:

• ўринбосарнинг лавозим вазифалари бош бухгалтер ҳозир бўлмаган вақтда (таътил, «касаллик таътили», хизмат сафари ва ҳ.к.) у томондан унинг вазифаларининг бажарилишини назарда тутса;

• корхонанинг локал ҳужжати билан ўринбосарга иккинчи имзо ваколати берилган бўлса ва унинг имзоси намунаси хизмат кўрсатувчи банкда мавжуд бўлса.

Акс ҳолда буйруқ чиқаришни, унда бош бухгалтернинг бетоблиги даврида вазифалари кимнинг зиммасига ва қандай шартларда юкланишини кўрсатишни тавсия қиламиз. Шунингдек, ушбу буйруқ ходимга қўшимча ҳақ тўлашга, агар у назарда тутилган бўлса, ва хизмат кўрсатувчи банкда имзо намунасини расмийлаштириш учун асос бўлади.

Мисол учун, бюджет ташкилотларида, агар бир неча лавозимда ишлаш асосий иш бўйича меҳнат вазифаларига кирса, бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тўланмайди (Низом 25-б., 18.10.2012 й. 297-сон ВМҚга илова).

Буйруқ ва қабул қилиш ва топшириш далолатномаси асосида ўринбосарга ЭРИ, муҳрлар, штамплар ва бошқаларни топшириш мумкин.

 

Ўринбосарлар бўлмаса

Агар бухгалтерия ҳужжатларининг ҳажми унча катта бўлмаса ва ўринбосар мавжуд бўлмаса, бош бухгалтер вазифаларини бажариш учун ташкилотнинг бошқа ходимлари жумласидан шахс тайинланиши мумкин. Иш берувчи вақтинча ҳозир бўлмаган ходимни қуйидаги бешта усул орқали алмаштиришга ҳақли:

1-усул. Амалдаги ходимлардан бирини асосий ишдан бўшатган ҳолда вақтинча бош бухгалтер лавозимига ўтказинг. Вақтинча ўтказиш муддати тугагач, иш берувчи ходимни аввалги ишига қайтариши шарт.

 

Ходимни фақат унинг розилиги билан ўтказиш мумкин (ташкилотнинг Жамоа шартномасида белгиланган ишлаб чиқариш зарурати билан боғлиқ ҳоллардан ташқари) (МК 95-м.).

 

Ўтказишни унинг муддатини кўрсатган ҳолда буйруқ билан расмийлаштиринг (МК 96-м.). Меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги келишув қилманг, сабаби унда вақтинча ўтказиш акс эттирилмайди. Шунингдек, вақтинча ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар ҳам меҳнат дафтарчасига киритилмайди.

Ўтказилган ходимнинг меҳнатига бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланг (МК 95-м.).

 

2-усул. Ташкилотнинг амалдаги ходимларидан бирига унинг ёзма равишдаги розилиги билан бир неча лавозимда ишлаш йўли билан бош бухгалтер вазифаларини юкланг.

Ходим томонидан меҳнат шартномасида кўрсатилган ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда асосий касб ва лавозим бўйича бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш бир неча касбда ва лавозимда ишлаш ҳисобланади ­(297-сон Низомнинг 20-б.).

Ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг, унинг асосида эса бир неча лавозимда ишлаш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Қўшимча келишувда қуйидагиларни ёзинг:

• топширилаётган ишнинг ҳажми ва мазмуни;

• ходим уни бажарадиган муддат;

• қўшимча ҳақ миқдори (томонлар келишувига биноан).

3-усул. Ташкилотнинг амалдаги ходимларидан бири билан унинг розилиги билан ўриндошлик асосида муддатли меҳнат шартномаси тузинг.

Ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида бошқа ишни бажариши ўриндошлик деб эътироф этилади ­(297-сон Низомнинг 5-б.).

Ходим билан ички ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида меҳнат шартномасини тузинг. Унда қуйидагиларни кўрсатинг:

• лавозим вазифалари;

• иш вақти режими.

 

Ўриндошлик асосида ишлашда бу ишнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин. Иш вақтини жамланган ҳолда ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади (Низомнинг 7-б.).

 

 

Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлашда меҳнатга Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомга мувофиқ ҳақ тўланг.

 

4-усул. Бош бухгалтер узоқ муддат бўлмаганда ушбу даврга ишга четдан бошқа мутахассисни қабул қилинг. У билан асосий ходим чиққунга қадар муддатли меҳнат шартномаси тузинг.

 

5-усул. Ишончли аутсорсинг ташкилоти билан шартнома тузинг.

 

Виктория Безгина.

Прочитано: 226 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика