Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 42 / Истеъмолчи бурчаги

Хавфсизлик лаборатор текширувларга боғлиқ

 

• Уч асосий тамойил – ҳалоллик, шаффофлик ва очиқлик

• Мутахассисларнинг малакаси етарли даражада эмас

 

Маиший техникалар бугунги кунда энг яқин ёрдамчиларимиз ва ҳар биримизнинг хонадонимизда уларнинг турли русумлари мавжуд. Аммо биз ҳар доим ҳам уларни ишлатиш жараёнида айрим хавф-хатарларга олиб келувчи омилларни билавермаймиз. Масалан, электр манбаига уланиш қисмларидаги қолдиқ кучланишлар, сирқиш токлари, маҳсулотларнинг қизиб кетиши каби омиллар ўрнатилган меъёрий талабларга жавоб бермаса, инсон ҳаёти, соғлиги ва мол-мулкига жиддий зиён етиши мумкин.

Маиший техникаларни харид қилишда, аввало, уларнинг сифати ва хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Республикамизда ишлаб чиқарилаётган ва импорт сифатида кириб келаётган бу каби маҳсулотлар, албатта, лаборатория текширувидан ўтказилиши ва сертификатлаштирилиши зарур. Хўш, бу жараённи амалга оширувчи лабораториялар синовларни қандай ўтказмоқда? Мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан стандарт талабларининг жорий этилиши ҳолати қандай? Шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида ЎзА мухбири «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДК лабораторияларни аккредитация қилиш ва инспекция назорати бўлими бош мутахассиси Шаҳноз ШОИСЛОМОВА билан суҳбатлашди.  

 

– Шаҳноз Ҳабибуллаевна, сўнгги уч ой давомида қайси йўналишдаги лабораторияларнинг баҳолаш жараёнларини ўтказдингиз ва мувофиқликни баҳолаш органларининг ҳолати қандай? 

– Сўнгги уч ой давомида машинасозлик ва электротехника йўналиши бўйича ўндан ортиқ лабораторияда дастлабки ва қайта аккредитация баҳолашини ўтказдик. Аслида аккредитациядан ўтиш жиддий жараён бўлиб, одатда 2 ойдан 6 ойгача давом этади. Шу вақт оралиғида талабгор томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилади ва экспертиза ўтказилади, жойига чиққан ҳолда ўрганиш, энг асосийси, кадрлар малакасини баҳолаш ишлари олиб борилади. Бу фаолиятда учта асосий тамойил – ҳалоллик, шаффофлик ва очиқлик бош мезондир.

Баҳолаш жараёни давомида кўпинча O’zDSt ISO/IEC 17025:2019 стандарт талабларига жавоб бермаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Аксарият лабораториялар ҳатто зарур ресурслар билан таъминланмаган. Ҳозирги кунда ўрганишларимиз натижаси шуни кўрсатмоқдаки, синов лабораторияларининг айримларида малакали мутахассислар етишмайди, синов хоналари, атроф-муҳит шароити белгиланган талабларга жавоб бермайди, техник синов воситалари билан етарли даражада таъминланмаган. Лабораториялар синов услублари акс эттирилган стандартлар – верификация, валидация қилиш жараёнларини ўз фаолиятига тўлиқ татбиқ этмаганлиги натижасида эса усуллар етарлича ўзлаштирилмаган.

Масалан, ҳозирги кунда маиший техникалар ўз юртимизда ва бутун жаҳонда халқаро стандартлар талабларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқарилади ва лаборатор текширувдан ўтказилади. Бу туркумдаги стандартларда кўрсатилган услубларни лабораториялар ўзлаштириши эса катта масъулият талаб қилади.

Айтайлик, синов жараёнида хонанинг ҳарорати ёки босим нотўғри таъминланди. Ҳатто, мана шу омилларнинг ўзи ҳам текширув натижалари нотўғри чиқишига олиб келади. Бу каби қатор омилларни эса фақат ва фақат малакали мутахассис таъминлай олади. Ушбу талабларнинг барчаси стандартларда келтирилган. Қисқача айтганда, ҳар бир лаборатория, албатта, малакали мутахассис, метрологияси таъминланган жиҳозларга эга бўлиши, зарур атроф-муҳит шароити, олинган натижаларда ноаниқликни баҳолаш ва қарор қабул қилиш қоидаларини тўғри қўллаш жараёнлари каби фаолиятни йўлга қўймаса, стандарт талаблари бажарилмаган ҳисобланади. Бунинг натижасида эса истеъмолчининг қўлига сифатсиз маҳсулот етиб бориши мумкин.

 

– Лаборатор синовларни ўтказишда атроф-муҳит бўйича қандай талаблар бор?

– Атроф-муҳит шароити лабораториялар томонидан олинадиган натижаларнинг ҳаққонийлигини таъминлашда асосий омиллардан биридир. Бу борадаги талаблар O’zDSt ISO/IEC 17025:2019 стандартининг 6.3-бандида кўрсатиб ўтилган, шу жумладан, лабораториялар томонидан ушбу талабларнинг қай тартибда бажарилиши кераклиги ҳам айтиб ўтилган. Масалан, синов ўтказиладиган хонанинг ҳарорати ва нисбий намлик даражаси каби. Афсуски, лабораториялар бу талабларни тўлақонли бажармаяптилар ва аккредитация жараёнида ушбу камчиликлар кўриниб қоляпти.

 

– Баҳолаш жараёнида аниқланган номувофиқликлар лабораториялар томонидан тўғри қабул қилинаяптими?

– Биз халқаро стандартларни жорий қилган ҳолда баҳолаш ишларини бошлаганимиздан сўнг, лабораторияларда техникалар, ходимлар малакасига эътибор сустлиги ҳолатлари юзага чиқиб қоляпти. Табиийки, бу тарзда биз лабораторияларни аккредитациядан ўтказа олмаймиз. Бунинг сабабини таҳлил қиладиган бўлсак, кўпинча ташкилот ёки корхоналарнинг аккредитациядан ўтишини ходимларнинг малакаси белгиламоқда. Синовдан ўта олмаётган объектларнинг аксариятида ходимларнинг малакаси етишмаслиги кузатилмоқда.

Тўғри қабул қилиш ёки қилмасликдан ҳам кўра, мамлакат иқтисодиёти, давлат томонидан экспорт ҳажмини орттиришга бўлаётган ҳаракатларни инобатга оладиган бўлсак, лабораториялар ўз фаолиятларини стандарт талаблари асосида олиб боришга мажбурлар.

 

– Электротехника бўйича лабораториялар қандай маҳсулотларни аккредитация соҳасига киритганлар?

– Улар асосан маиший техника – чанг ютгич, музлатгич, дазмол, кондиционер, кабель, электр ўтказгичлар, юқори ва паст кучланишли аппаратуралар, изолятор, трансформатор каби маҳсулотларни аккредитация соҳасига киритганлар. Лабораторияда амалга ошириладиган синов услубларидан фойдаланиб, шу маҳсулотларнинг стандарт талабларига қай даражада тўғри келиш ё келмаслиги аниқланади. Ҳозирги кунда лабораторияларга шундай талаб қўйилганки, агар улар ўзларининг ҳисоботларида «маҳсулот стандарт талабига жавоб беради» деган хулосани берсалар, лаборатория томонидан «қарор қабул қилиш тартиби» амалга оширилиши лозим. Бунинг учун ҳам лабораториялар малакали мутахассисларга эга бўлиши керак. Афсуски, бу борада ҳам лабораториялар томонидан етарлича ишлар қилинмаган. Мутахассисларни танлаш ва тайёрлаш жараёнларига ҳам тўғри ёндашилмаганлиги ҳолатлари кузатилмоқда. Бундан ташқари, «ўлчашлар ноаниқлигини баҳолаш» бўйича ҳам кўп ҳолларда мутахассисларнинг лаёқати етарли даражада, деб тасдиқланмаяпти. O’zDSt ISO/IEC 17025:2019 стандартининг айрим жараёнларига лабораториялар томонидан тўғри ёндашилмаган. Шунингдек, сифат тизимлари жорий қилинганлиги тасдиғи ҳам намойиш қилинмаяпти.

 

– Дейлик, маиший техникаларнинг қайсидир синови нотўғри бажарилса, бозорга шу ҳолатда чиқиб кетса, истеъмолчи қандай зарар кўриши мумкин?

– Электротехника маҳсулотлари асосан электр хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича текширилади. Агар бу кўрсаткичлар синови тўғри олиб борилмаган бўлса, шу маҳсулотни ишлатиш жараёнида электр токи билан муаммолар келиб чиқиши мумкин. Бу эса, табиийки, инсон саломатлиги ва хавфсизлигига салбий таъсир қилади. Масалан, ҳимоя қобиқларининг сифатсизлиги оқибатида қисқа туташув токлари юзага келиб, ёнғин чиқиши мумкин.

 

– Лабораториялар аккредитация жараёнидан муваффақиятли ўтиши учун нималарга аҳамият қаратишини маслаҳат берган бўлар эдингиз?

– Ҳар бир лаборатория фаолият юритиш учун анчагина маблағ сарф қилади: жиҳозлар сотиб олади, хоналарни тайёрлайди, ходимлар маошини тўлайди. Аммо аккредитациядан ўтиш учун бунинг ўзи етарли эмас. Синовдан ўта олмаётганларнинг кўпида, юқорида айтиб ўтганимдай, мутахассислар малакаси етишмаслиги муаммоси бор. Атроф-муҳит, хона шароитлари ёки техник воситаларнинг мавжудлиги масаласи ҳал қилиниши мумкин. Минг афсуски, шу йўналишдаги ходимларнинг малакаси қониқарли аҳволда бўлмаса, ҳаммаси бекор.

Бизнинг мақсадимиз – республикамиздаги барча лабораторияларнинг халқаро даражада фаолият юритишига кўмаклашиш, бозор иқтисодиёти шароитида ўз мавқе ва малака даражаларини кўтариб, жаҳон талабларига асосан синовлар тўғри бажараётганликларини кўрсатиб бериш. Маҳсулотларнинг хавфсизлик ва сифати текширувлари тўғри бажарилиши, энг аъло маҳсулотлар истеъмолчига етиб боришининг тарафдоримиз.

 

ЎзА асосида.

Прочитано: 48 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика