Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 42 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Кимларга уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратилади


Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.2021 йилдаги 637-сон қарори билан «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларнинг якка тартибдаги хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун гаровсиз кредит ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

«Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандларига, шунингдек «Ёшлар дафтари»га киритилган янги турмуш қурган ёшларга (кейинги ўринларда – ёшларнинг алоҳида тоифаси) қўшимча уй-жой қуриш учун 33 млн сўмгача гаровсиз кредит ажратилади. Бу Президентнинг «Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 13 июлдаги ПФ-6260-сон Фармонида назарда тутилган.

Тасдиқланган Низом қуйидагиларни белгилайди:

• ажратиладиган кредит манбаларини шакллантириш тартиби;

• кредитни гаровсиз асосда ажратиш тартиби;

• кредитлар бериш шартлари;

• кредитлардан фойдаланиш ва қайтариш мониторингини олиб бориш.

Низомга асосан кредит банклар томонидан қайтаришлик, тўловлилик, таъминланганлик, муддатлилик ва мақсадлилик шартларида берилади. Кафиллик «Саховат ва кўмак», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» жамғармалари томонидан таъминланади.

Қарз олувчилар қуйидаги мувофиқлик мезонларига мос бўлиши лозим:

• 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган ёшлар;

• ёшларнинг янги турмуш қурганлари (иккала томон янги турмуш қурган бўлишлари лозим);

• илгари арзон уй-жой қуриш дастурлари доирасида имтиёзли ипотека кредитлари олмаган бўлиши.

Кредитлар қуйидаги шартларда берилади:

• бозор ставкасида мижоз хоҳишига кўра 6 ой имтиёзли давр билан;

• 20 йилдан кўп бўлмаган муддатга;

• бошланғич бадали қўшимча қурилаётган уй-жой қийматининг 15%идан кам бўлмаган миқдорда;

• бир қарз олувчига бериладиган кредитлар 33 млн сўмдан ошмайдиган миқдорда.

Банк 3 иш кунида ариза берувчига кредит бериш масаласини кўриб чиқади. Ариза қаноатлантирилган тақдирда кредит шартномаси имзоланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 13.10.2021 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова.

Прочитано: 50 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика