Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 42 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари муомаласини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасидаги бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 23 июлдаги ПФ-6033-сон Фармони ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида» 2020 йил 23 июлдаги ПҚ-4787-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

истеъмол ва техник этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўлчов ускуналарини ҳамда ҳисобга олиш ахборот тизимига ахборот узатувчи бошқа қайд этиш воситаларини ўрнатишни назарда тутувчи Истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ўлчов ускуналарини ҳамда ҳажмини автоматлаштирилган ўлчаш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозлаш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага** мувофиқ;

чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш корхоналарида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш, уларнинг намуналарини синов лабораторияларида экспертизадан ўтказиш ва мазкур харажатларни молиялаштиришни назарда тутувчи Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш ҳамда уларни экспертиза (тест)дан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 11 октябрь

634-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 11 октябрдаги 634-сон қарорига
2-ИЛОВА

АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ НАЗОРАТ ХАРИДИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ҲАМДА УЛАРНИ ЭКСПЕРТИЗА (ТЕСТ)ДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш корхоналарида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг назорат харидини амалга ошириш, уларни ваколатли органлар билан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида экзпертизадан ўтказиш, шунингдек, мазкур харажатларни Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан қоплаш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

назорат хариди – чакана савдо шохобчаларида ва умумий овқатланиш корхоналарида истеъмолчиларга сотиладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларнинг ноқонуний айланмасини аниқлаш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини назорат қилиш орқали «яширин иқтисодиёт»нинг ва сифатсиз маҳсулотларнинг вужудга келиш омилларини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тадбирлар мажмуи;

тестдан ўтказиш – маҳсулотнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ўрганиш мақсадида лаборатория шароитида таҳлил қилиш ва таҳлил натижаларини баҳолаш усули;

экспертиза – техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ маҳсулотнинг хавфсизлигига қўйиладиган мажбурий талабларнинг тўғрилигини баҳолаш ва таҳлил қилиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий ишлар мажмуи.

3. Назорат хариди ва кейинчалик экспертизадан (тестдан) ўтказиш тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ушбу Низомга мувофиқ Агентлик вакиллари томонидан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиб олиш ва аккредитациядан ўтган синов лабораторияларида экспертизадан (тестдан) ўтказиш орқали иловадаги схемага асосан амалга оширилади.

4. Назорат хариди учун қуйидагилардан бири асос бўлиши мумкин:

Агентлик директори томонидан тасдиқланадиган ҳамда Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган назорат харидини ўтказиш режаси;

ваколатли органлар, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан келиб тушган маълумот, оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи манбалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар;

қонунда белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушадиган мурожаатлар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари.

5. Назорат харидини ўтказиш режаси Агентлик томонидан ҳар йили шакллантирилади ва Агентлик директори томонидан тасдиқланади ҳамда ушбу режага Агентлик томонидан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

6. Назорат харидини ўтказиш режасида қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

назорат харидини ўтказиш даври (йил, ой);

тадбирни ўтказиш жойи (вилоят, шаҳар, туман);

назорат харидини ўтказиш давомида амал қилиниши баҳолаб бориладиган мажбурий талаблар;

назорат хариди ўтказиладиган маҳсулотлар номлари.

7. Назорат хариди ва маҳсулотларни экспертизадан (тестдан) ўтказиш Агентлик томонидан қонунийлик, ошкоралик, холислик, адолатлилик, тенглик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили хабардор қилингандан сўнг амалга оширилади.

 

2-БОБ. НАЗОРАТ ХАРИДИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ

8. Назорат харидини амалга ошириш тўғрисида тадбир ўтказилишидан бир кун аввал Агентлик директори томонидан буйруқ қабул қилинади.

9. Буйруқ қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак:

Агентликнинг ваколатли ходими ёки ходимларининг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

назорат хариди ўтказилаётган юридик шахс номи ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек назорат хариди бевосита ўтказилаётган жойнинг почта манзили;

назорат хариди ўтказилаётган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорнинг солиқ тўловчи идентификация рақами, шунингдек, лицензия ва/ёки фаолиятни юритиш учун берилган бошқа ҳужжатларнинг санаси ва рақами;

назорат харидини ўтказишда баҳоланадиган мажбурий талаблар;

назорат харидини амалга ошириш учун асос;

назорат хариди давомида олинадиган маҳсулотлар номи, уларнинг сони, сотиб олиш ва тўловни амалга ошириш тўғрисидаги маълумот;

назорат харидини амалга ошириш муддатлари (йил, ой, кун);

назорат хариди давомида фото ва видеотасвирларнинг зарурлиги тўғрисида маълумот;

алкоголь маҳсулоти бўйича назорат харидини амалга ошириш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар.

10. Назорат хариди уни ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган Агентлик масъул ходимлари томонидан амалга оширилади.

11. Назорат хариди фақатгина касса чеки ва/ёки белгиланган шаклдаги бошқа ҳужжат расмийлаштирилганда амалга оширилган ҳисобланади.

12. Назорат хариди якунлангандан сўнг назорат харидини ўтказишга масъул бўлган Агентлик ходими юридик шахс вакилига ёки якка тартибдаги тадбиркорга ёхуд унинг вакилига назорат хариди ўтказилганлиги тўғрисида маълум қилади, хизмат гувоҳномасини кўрсатади ва назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ нусхасини тақдим қилади.

Юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакили назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан танишиб чиққанлиги ва нусхасини олганлиги тўғрисида назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги далолатномада тегишли қайдни амалга оширади.

Юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакили назорат хариди ўтказилганлиги тўғрисидаги буйруқ билан танишиб чиқишдан ва/ёки нусхасини олишдан бош тортган ҳолларда бу ҳақида далолатномага тегишли маълумотлар киритилади.

13. Юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор томонидан назорат хариди якунлангунга қадар маҳсулотдаги ёки чакана савдони амалга оширишдаги камчиликларни бартараф этишга йўл қўйилмайди.

14. Далолатноманинг намунавий шакли Агентлик томонидан тасдиқланади. Далолатномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

далолатномани тузиш санаси, вақти ва жойи;

назорат харидини ўтказишда қатнашган давлат органи номи (агар бўлса);

назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқнинг санаси ва рақами;

назорат харидини ўтказган мансабдор шахс ёки шахслар фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

юридик шахс номи ёки якка тартибдаги тадбиркор фамилияси, исми, шарифи, юридик шахс жойлашган, якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини амалга оширувчи жой ва (ёки) назорат хариди бевосита ўтказилган якка тартибдаги тадбиркор амалдаги фаолият кўрсатиш манзили;

назорат хариди давомида олинган маҳсулотлар (маҳсулот тури, яроқлилик муддати, қадоқ ҳажми ва намуналар сони), уларни сотиб олиш ва тўловни амалга ошириш тўғрисидаги маълумот;

мажбурий талабларнинг бузилиши билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар ёки уларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотлар;

юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакили томонидан назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан танишиб чиққанлиги ва нусхасини олганлиги ёки назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан танишиб чиқиш ҳамда нусхасини олишдан бош тортганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

назорат харидини ўтказишда қатнашган холислар (қатнашган ҳолларда) ёки фото ва видео ёзувлардан фойдаланилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқда назарда тутилган бошқа маълумотлар;

назорат харидини ўтказган масъул ходим (ходимлар) имзоси ҳамда назорат хариди ўтказишда қатнашган холислар имзолари (қатнашган ҳолларда);

юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакилини имзоси учун жой ёки имзо қўйишдан бош тортганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

экспертизадан (тестдан) ўтказиш зарурлиги тўғрисидаги маълумотлар.

15. Далолатнома юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакилига имзолаш учун холислар иштирокида тақдим этилади.

Холис иштирокчи сифатида манфаатдор бўлмаган, бири-бири ва назорат хариди иштирокчилари билан қариндошлиги, қўл остида ёки назоратида бўлмаган исталган вояга етган лаёқатли жисмоний шахс таклиф этилиши мумкин. Холислар сони икки кишидан кам бўлиши мумкин эмас.

Юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакили томонидан далолатномани имзолашдан бош тортиш ҳолатларида далолатномага имзо қўйишдан бош тортилганлиги тўғрисида маълумот киритилади.

Далолатнома нусхаси назорат хариди ўтказилган юридик шахс вакили ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд унинг вакилига ҳужжат тузилиши билан берилади.

16. Назорат хариди давомида олинган маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш учун юборишда далолатномага ушбу маҳсулотларнинг белги қўйилган рўйхати келтирилган тегишли ёзув киритилади.

Маҳсулотларнинг экспертизадан ўтказиш учун юбориш (транспортда) ва сақлаш техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга асосан, маҳсулотларни ташиш ва сақлаш талабларига мувофиқ амалга оширилади.

17. Далолатномага маҳсулотлар сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, касса ва маҳсулот чеклари илова қилинади.

18. Назорат харидини ўтказишда Агентлик масъул ходими:

маҳсулотни буйруқда келтирилган номи ва сонига кўра мустақил равишда танлайди;

назорат харидини амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатларни имзолайди ҳамда маҳсулот сотиб олиш учун зарур бўлган бошқа ҳаракатларни амалга оширади;

истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, тадбиркорлик субъектининг молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда, тақдим этилиши лозим бўлган товар тўғрисидаги ҳужжатларни ва маълумотларни талаб қилади;

зарурий ҳолларда, фото ва видеотасвирга олиш воситаларидан фойдаланади.

 

3-БОБ. МАҲСУЛОТЛАРНИ ЭКСПЕРТИЗА (ТЕСТ)ДАН ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

19. Назорат харидида олинган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини экспертизадан ўтказиш – жойида, тестдан ўтказиш – аккредитациядан ўтган синов лабораторияларида амалга оширилади.

20. Маҳсулотларни экспертизадан ўтказиш фақатгина маҳсулотларни тестдан ўтказиш учун танлаб олиш мақсадида Агентлик маъсул ходим (ходимлар)и томонидан амалга оширилади.

Бунда қуйидаги талабларга риоя этилганлиги экспертизадан ўтказилади:

савдо шохобчасида маҳсулотларни сақлаш шароитлари;

алкоголь ва тамаки маҳсулотлари маркировкасини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги;

ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган яроқлилик муддатига амал қилиниши.

21. Яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни синов лабораторияларида тестдан ўтказишга йўл қўйилмайди. Улар чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида аниқланган ҳолларда юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган чоралар қўлланилади.

22. Назорат хариди давомида тестдан ўтказиш учун сотиб олинган маҳсулотлар чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари томонидан белгиланган шартларда, уларга зарар етмайдиган тарзда юкланиши ва сақланиши лозим.

23. Маҳсулотларни тестдан ўтказиш зарурати туғилганда, улар синов лабораторияларига назорат хариди якунланадиган кундан кечиктирмасдан етказилиши лозим.

24. Маҳсулотларни тестдан ўтказиш Агентлик томонидан миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган давлат ва нодавлат синов лабораторияларида шартнома асосида амалга оширилади.

25. Назорат хариди давомида олинган маҳсулот намуналари Агентлик масъул ходими томонидан илова қилинган ҳужжат билан савдо номлари олиб ташланган ва тўлиқ беркитилган, бироқ истеъмол қадоғи сақланган ҳолда назорат харидини ўтказиш тўғрисидаги буйруқ билан норматив хужжатларда белгиланган миқдорда синов лабораторияларига юборилади.

26. Илова қилинган ҳужжатда қуйидагилар кўрсатилади:

илова қилинган ҳужжат рақами ва санаси;

маҳсулот намуналарини етказувчи масъул шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими ва имзоси;

маҳсулот намуналарини тестдан ўтказиш учун қабул қиладиган синов лабораторияси масъул ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими ва имзоси;

назорат харидини ўтказиш далолатномасининг рақами ва санаси;

маҳсулот номи, ишлаб чиқариш санаси, маҳсулот ўрами ҳажми, намуналар сони;

маҳсулот намуналарини етказишда сақлаш шартларига амал қилинганлиги тўғрисидаги белгилар.

27. Маҳсулот намуналарини тестдан ўтказиш ушбу маҳсулотларга нисбатан белгиланган техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ, шартномада кўрсатилган муддатларда амалга оширилади.

28. Экспертиза (тест) натижалари Агентлик томонидан синов баённомалари расмийлаштирилган вақтдан уч иш кунидан ошмаган муддатда юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга почта ёки электрон почта орқали юборилади.

29. Экспертиза (тест) натижалари Агентлик расмий веб-сайтида доимий равишда жойлаштирилиб борилади.

30. Экспертиза (тест) натижалари бўйича савдо қоидаларига, маҳсулот техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабига мувофиқ бўлмаган ҳолатлар аниқланганда, Агентлик томонидан тегишли хужжатлар ваколатли органларга тақдим этилади ҳамда улар томонидан айбдор шахсларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ чоралар қўлланилади.

 

4-БОБ. НАЗОРАТ ХАРИДИ БИЛАН БОҒЛИҚ ИШЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

31. Назорат хариди билан боғлиқ ишларни ҳамда маҳсулотларни тестдан ўтказиш бўйича ишларни молиялаштириш Агентликнинг Виночиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

32. Назорат хариди ўтказиш тўғрисидаги Агентлик раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланган ходимларга назорат хариди харажатлари уни тасдиқловчи ҳужжатларга асосан Виночиликни ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилади.

Бунда, назорат хариди ўтказилиши учун маъсул ходимнинг сўровига ва тахминий ҳисоб-китоблари асосида ўзига тегишли бўлган банк пластик картасига олдиндан бўнак (аванс) тўланиши мумкин ҳамда назорат хариди якунлангандан сўнг уч иш кунидан кечиктирмасдан барча асословчи ҳужжатлар илова қилинган ҳисоботда ушбу бўнак (аванс) ҳисобга олинади.

Мазкур харажатлар Агентликнинг харажатлар сметасида алоҳида харажатлар таснифида режалаштирилади.

Назорат хариди нақд пул воситасида амалга оширилганда хариднинг амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (касса чеки ва б.) харидни амалга ошириш бўйича ҳужжатлар йиғмажилдига илова қилинади.

33. Агентликнинг масъул ходими назорат хариди бўйича амалга оширилган назорат харидларининг қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши бўйича жавобгар ҳисобланади.

 

5-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

34. Назорат харидининг натижалари, уни амалга ошириш давомида тўпланган фото ва видеоматериаллар шахсий маълумотлар ҳамда тижорат сирига оид қонунчилик талабларига риоя этилган ҳолда Агентлик расмий веб-сайтида жойлаштирилиши ҳамда ОАВда эълон қилиниши мумкин.

35. Назорат харидини амалга оширишда юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига аралашиш ҳамда текширувлар ўтказиш қатъиян тақиқланади.

36. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

37. Агентликка юклатилган вазифа ва функцияларнинг бажарилишига тўсқинлик қилган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

38. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) назорат харидини ўтказиш ва маҳсулотлар экспертизаси (тестдан ўтказиш) натижалари устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Низомга
ИЛОВА

АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ СОТИБ ОЛИШ ВА
ЭКСПЕРТИЗАДАН (ТЕСТДАН) ЎТКАЗИШ
СХЕМАСИ

Босқичлар



Субъектлар



Тадбирлар



Муддатлар












1-босқич



Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги



1. Назорат харидини ўтказиш режасини шакллантиради ва тасдиқлайди.

2. Назорат харидини ўтказиш режасини расмий веб-сайтга жойлаштиради.


Ҳар йили

январь ойида

















2-босқич



Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директори



1. Тасдиқланган режага кўра, шунингдек, ваколатли органлардан келиб тушган маълумот, ОАВ, Интернет жаҳон ахборот тармоғи манбалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарлар асосида буйруқ қабул қилади.

2. Назорат хариди тадбирларини ўтказиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилади.


Тадбир ўтказилишидан
1 кун аввал





















3-босқич



Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги масъул ходими



1. Буйруқда кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектдан (жойига чиққан ҳолда) тегишли маҳсулотни сотиб олади.

2. Белгиланган тартибда харид қилинган намуналарни синов лабораториясига юборади.


Буйруқда кўрсатилган санада

Назорат хариди ўтказилган санада























4-босқич



Аккредитация қилинган давлат ва нодавлат лабораториялар



Маҳсулот намуналарини тестдан ўтказади ва синов баённомаларини Агентликка юборади.



Техник ҳужжатлар ва шартномада белгиланган муддатда


















5-босқич



Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги



1. Экспертиза (тест) натижаларини юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркорга почта ёки электрон почта орқали юборади.

2. Экспертиза натижасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабига мувофиқ бўлмаган ҳолатлар аниқланганда, тегишли ҳужжатларни ваколатли органларга юборади.


Тест натижалари олинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида


















6-босқич



Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги



Назорат харидининг натижалари, тўпланган фото ва видеоматериалларни қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда расмий веб-сайтига жойлаштиради ҳамда ОАВда эълон қилади.



Назорат хариди натижалари бўйича














 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.10.2021 йилдан кучга кирди.

**Қарорга 1-илова «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 95 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика