Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 42 / Мутахассис тушунтиради

Кредит-нота ва импорт контракти

 

Корхонада импорт контрактлари бўйича жорий муддати кечиктирилмаган қарздорлик мавжуд. Хорижий ҳамкорлар томонидан тузилган шартномалар шартларига мувофиқ кредит-ноталар тақдим этилади. Банк ВМнинг 14.04.2021 йилдаги 216-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 6-бандига асосланиб, кредит-ноталар қабул қилмаяпти. Баён этилганлар юзасидан қуйидаги саволларга тушунтириш беришингизни сўраймиз.

1. Низомнинг 6-банди етказиб берувчи олдида жорий кредиторлик қарздорлик мавжуд бўлган жорий импорт контрактларига татбиқ этиладими?

2. Банк ходимлари амалдаги жорий импорт контрактлари бўйича кредит-ноталар тақдим этилиши учун ҳужжатларни қабул қилишни рад этишга ҳақлими? Банкларга, агар қарздорлик умидсиз деб ҳисобланмаганда ВМнинг 216-сон қарорига асосланиб, хорижий ҳамкорлардан тақдим этилган кредит-ноталарга мувофиқ кредиторлик қарздорлигини ҳисобдан чиқаришни рад қилиш ҳуқуқи берилганми? 

 

 

Саволларга Марказий банк бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи департаменти директори ўринбосари Шавкат РАСУЛЕВ жавоб беради:

– Ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликлар Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида (ТСОЯЭАТ) шакллантирилади ва ҳисобдан чиқарилади (Низомнинг 3-б., ВМнинг 14.04.2021 йилдаги 216-сон қарорига 1-илова).

Қарздорлик кредит-нота асосида чегирма тақдим этилиши ҳисобига юзага келганда умидсиз қарздорлик деб эътироф этилади (216-сон Низомнинг 5-б.).

Кредит-нота – ташқи савдо шартномаларида кўрсатилган томонлардан бирининг иккинчи томонга шартнома суммасининг маълум бир миқдори бўйича чегирма бериш тўғрисидаги ҳисоб ҳужжати (216-сон Низомнинг 2-б.).

Контракт шартларига киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги маълумотлар қўшимча битим билан қайд этилиши керак ҳамда контрактлар билан бўлгани сингари тартибда ТСОЯЭАТга киритилади (Низомнинг 5-б., ВМнинг 14.05.2020 йилдаги 283-сон қарорига 1-илова).

Шунингдек кредит-нота ТСОЯЭАТга маълумотларни киритиш орқали контрактга қўшимча битим билан расмийлаштирилади.

Шартномада кўрсатилган томонлардан бирининг иккинчи томонга шартнома суммасини ­5%гача камайтириш бўйича чегирма бериш тўғрисидаги кредит-нотаси умидсиз қарздорликни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади (216-сон Низомнинг 6-б.).

Қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш тасдиқланган схемага мувофиқ амалга оширилади. Бунда Марказий банк ҳар ойнинг 10-санасига қадар Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат ҳамда ҳудудий комиссияларга ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради (216-сон Низомнинг 7, 8-б.).

Умидсиз қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги якуний қарорни Ҳукумат комиссияси чиқаради ҳамда қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминлаш учун юборади (216-сон Низомнинг 12-б.).

Қарор қабул қилингандан кейин 5 календарь кун давомида ДСҚ қарорни тегишли тижорат банкларига етказади. Тижорат банклари Ҳукумат комиссиясининг қарори келиб тушган кундан бошлаб 1 иш куни давомида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқаради (216-сон Низомнинг 14-б.).

Хулоса

1. 216-сон Низомнинг нормалари умидсиз қарздорлик мавжуд бўлган ташқи савдо контрактларига татбиқ этилади.

2. Хўжалик юритувчи субъект томонидан кредит-ноталар бўйича маълумотлар ТСОЯЭАТга белгиланган тартибда киритилади.

3. Шартнома суммасини 5%гача камайтириш бўйича кредит-нота умидсиз қарздорликни тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

4. Марказий банк ҳар ойда Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат ҳамда ҳудудий комиссияларга ташқи савдо шартномалари бўйича қарздорликлар, шу жумладан кредит-нота асосида тақдим этилган чегирма натижасида юзага келган қарздорлик тўғрисидаги маълумотларни киритиб боради.

5. Ҳудудий комиссиялар ҳар ойда қарздорликлар тўғрисидаги маълумотларни хўжалик юритувчи субъектлар кесимида ўрганиб чиқади, қарздорлик юзага келишининг ҳуқуқий асосларини таҳлил қилади ҳамда натижалар асосида қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқариш юзасидан қабул қилинган хулосаларни ДСҚга тақдим этади.

6. ДСҚ ҳар ойда ТСОЯЭАТдан қарздорликларни ҳисобдан чиқариш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва Ҳукумат комиссиясига тегишли қарор қабул қилиш учун тақдим этади.

7. Ҳукумат комиссияси қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш учун уларни ДСҚга юборади.

8. ДСҚ қабул қилинган қарорларни тижорат банкларига етказади, улар ушбу қарорларга асосан қарздорликларни ТСОЯЭАТдан ҳисобдан чиқаради.

Прочитано: 252 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика