Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 42 / Мутахассис тушунтиради

ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини имтиёз деб ҳисобласа бўладими

 

ҚҚСнинг ноль даражали ставкаси имтиёз ҳисобланадими? Ушбу савол нафақат у ёки бу товарни реализация қилишни ҚҚСдан озод этиш, балки ноль даражали ставкани қўллашда ҳар гал юзага келади. Бунда аксарият ноль даражали ставкага имтиёз сифатида қарайди. Молия вазири ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ ушбу масала бўйича ўз позициясини тушунтирди: 

 

– Бир қарашда ҚҚСнинг 0 фоизли ставкаси ва ҚҚС тўлашдан озод этилиш айнан бир хил оқибатга олиб келадигандек туюлади, яъни товар қўшилган қиймат солиғисиз реализация қилинади. Бироқ бу турли механизмлар орқали қўлланиладиган ва турли оқибатларга эга турли мақсадларда қўлланиладиган турли инструментлардир.

Солиқ кодекси солиқ имтиёзларини солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти сифатида таърифлайди (СК 75-м. 1-қ.).

Озод этиш кўринишида ҚҚС бўйича имтиёзлар бериш ишлаб чиқарувчини (сотувчини) ушбу товарлар қисмида солиқ тўламайдиганга айлантиради.

Айланмаларни ҚҚСдан озод этишда кирувчи солиқ ҳисобга олинмайди, балки харид қилинаётган товар-моддий бойликларнинг қийматига, алоҳида ҳолларда эса – солиқ тўловчининг харажатларига киритилади. Яъни ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (кўрсатилаётган хизмат)нинг таннархини оширади.

ҚҚС бўйича солиқ имтиёзига мисол – дори воситалари, тиббий буюмларни реализация қилиш бўйича айланмани озод этиш.

ҚҚСнинг 0 фоизли ставкаси – бу экспорт ва унга тенглаштирилган операцияларга солиқ солишда, шунингдек бошқа муайян ҳолларда (СК 260, 264-м.) фойдаланиладиган бошқа инструмент. Ноль даражали ставкани қўллайдиган субъект реализация қилинаётган маҳсулот қийматидан ҚҚС тўламайди, бироқ солиқ тўловчининг барча ҳуқуқларини сақлаб қолади ва энг аввало – «кирувчи» ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқини.

Ноль даражали ставка – солиқнинг ва унинг тузилмасининг бир қисми, у экспорт операцияларида таннархни ҚҚСсиз шакллантиришни таъминлашга қаратилган. Гап шундаки, товарларни экспортга жўнатишда ҚҚС импорт қилувчи мамлакатнинг божхона чегарасидан ўтишда ундирилади.

Ноль даражали ставкани қўллаш экспортга жўнатилган товарнинг импорт қилувчининг бозорида рақобатлашишини таъминлашга қаратилган. Экспорт қилиш мамлакатида товарнинг қиймати имтиёздан фарқли ўлароқ ҚҚСсиз шакллантирилади, импорт қилиш мамлакатида – солиқ унда амал қилаётган ставка бўйича ҳисобланади. Агар экспорт қилинаётган товарни солиқдан озод қилиш қўлланилса, қиймат ҚҚСни ўз ичига олади ва тегишинча, товар қимматроқ туради, бу эса импорт қилувчи мамлакат бозорида унинг рақобатбардошлилигига таъсир кўрсатади.

Масалан, 200 млн сўм қийматдаги (ҚҚСсиз) тикув-трикотаж маҳсулотлари Россияга экспорт қилинади. Товарнинг қийматига ҚҚС (15%) киритилган тақдирда импорт қилувчи дастлаб маҳсулот учун 230 млн сўм (200 х 15% = 30 млн сўм), сўнгра Россияда божхонадан ўтказишда 20% ставка бўйича ҚҚС – 46 млн сўм тўлаши керак бўлади. Бундай иккиёқлама солиқ солиш (15% Ўзбекистонда ва 20% Россияда) солиқларни ундириш тамойилларига зид бўлиб, экспорт қилинаётган маҳсулотни ташқи бозорларда рақобатбардошли қилмайди.

ҚҚСнинг ноль даражали ставкасини қўллаш эса нафақат экспорт қилувчига ўз харидоридан (импорт қилувчидан) солиқ ундирмаслик имконияти берилади, балки илгари тўланган «кирувчи» солиқни қоплаш имкониятига эга бўлади. Масалан, агар экспорт қилинган тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун 115 млн сўмлик (жумладан 15 млн сўм ҚҚС) хом ашё, энергия, хизматлар сарфланган бўлса, ушбу 15 млн сўм экспорт қилувчига бюджетдан қайтарилади.

Прочитано: 69 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика