Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 42 / Халқаро ҳамкорлик

Трансчегаравий қонунбузарликларга қарши биргаликда курашиб…

 

Пойтахтимиздаги «International Hotel Tashkent» меҳмонхонасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатлар божхона хизматлари раҳбарлари Кенгаши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар раҳбарлари қўмитасининг (БХРК ҲМТРҚ) 21-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон, Арманистон, Беларус, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон божхона хизматларининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмаларининг 30 нафардан зиёд раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди. 

 

Бунгача Тошкент бир неча кун юқоридаги Қўмитанинг навбатдаги мажлиси ва унинг доирасидаги ишчи учрашувларига мезбонлик қилди. Мажлислар минтақада божхона соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш борасидаги муҳим масалаларга бағишланган эди.

21-мажлисни Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ўткиржон Қодиров очди ва иштирокчиларни мамлакатимизга ташрифи билан қизғин қутлади.

МДҲга аъзо давлатлар БХРК ҲМТРҚнинг амалдаги раиси этиб Россия федерал божхона хизмати раҳбари ўринбосари Олег Губайдулин сайланди.

Таъкидланганидек, сўнгги таҳлилий маълумотларга кўра, МДҲга аъзо давлатлар чегаралари орқали товар ва транспорт воситалари ҳаракати ­йилдан йилга сезиларли тарзда ортиб бормоқда. Шу билан бирга ноқонуний товар-моддий бойликларнинг оқими ҳамда контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари хавфи ҳам сақланиб қолмоқда. Ушбу жараёнга Афғонистондаги мавжуд вазият ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари томонидан катта туркумда афғон наркотикларининг транзит олиб ўтилиши олди олинди.

Шунингдек, сунъий гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқараётган нарколабораториялар фаолияти ҳам фош этилди. Бир сўз билан айтганда, йил бошидан буён Ўзбекистонда божхоначилар салкам 306 кг гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйган.

Бундан ташқари, пандемия даврида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи дориларнинг интернет орқали савдоси кучайиб, уларнинг почта жўнатмалари орқали кириб келиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бундай мураккаб вазиятда МДҲга аъзо давлатлар БХРК ҲМТРҚнинг роли янада ортади. Қўмита йиғилишида иқтисодий жиноятлар, гиёҳванд ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, божхона суриштируви ва кинология соҳасида ҳамкорлик, божхона хизмати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалари ходимлари малакасини ошириш, Жаҳон божхона ташкилотининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш борасидаги минтақавий алоқа тармоғи – «Rilo-Москва» доирасида ахборот алмашинувига доир 15 дан ортиқ масала кўриб чиқилди.

Эслатилганидек, МДҲга аъзо давлатлар БХРК ҲМТРҚ таркибидаги 6 ишчи гуруҳ асосий мажлисга қадар кун тартибидаги масалалар юзасидан ишчи йиғилишлар ўтказиб, музокаралар олиб борди. Якунда эса томонлар Қўмитанинг 2030 йилгача мўлжалланган Стратегиясини амалга ошириш бўйича Тадбирлар режасини ҳамда 2022 йил учун Тадбирлар режасини тасдиқлашди. Иш режани ишлаб чиқишда ўтган йиллар давомида тўпланган тажриба ва амалдаги қонунчилик базаси доирасида божхона соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишдаги фаолиятнинг устувор йўналишлари инобатга олинди.

Режа нафақат ўзаро ҳамкорликнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, божхона соҳасида жиноятчиликнинг олдини олишда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади, балки мазкур мақсадда божхона қонунчилиги бузилишини аниқлаш ва олдини олиш бўйича аниқ ташкилий ва амалий тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Режада томонларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилишга доир маълумотларни ўзаро алмашиши, божхона текшируви ва суриштирув соҳасида ходимларнинг малакасини ошириш, кинология хизматини такомиллаштириш каби масалалар устувор аҳамият касб этади.

Бир сўз билан айтганда, Қўмитанинг навбатдаги 21-мажлиси келгусида божхона соҳасида ўзаро ишончли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса нафақат ҳар бир аъзо давлатда, балки бутун МДҲ бўйлаб божхона қонунчилиги бузилишининг олдини олиш, айниқса, наркотик моддалар савдоси, товарларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва контрабандага чек қўйишда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Йиғилиш якунида тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, МДҲга аъзо давлатлар БХРК ҲМТРҚ контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳаракатларини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, доимий коллегиал орган ҳисобланади ва 2008 йилдан буён фаолият юритиб келади.

Қўмита таркибида гиёҳванд воситаларнинг халқаро савдосига, иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш, божхона текшируви ва суриштирув масалалари, кинология, ходимларнинг малакасини ошириш, ахборот-таҳлилий ҳамкорлик, интернет майдонидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш каби масалалар билан шуғулланувчи 6 та ихтисослашган ишчи гуруҳ иш олиб боради.

 

ДБҚ Ахборот хизмати.

Прочитано: 109 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика