Norma.uz

Пенсия миқдорини белгилаш тартибини ўзгартириш зарур

 

Ўзбекистонда кейинги йилларда пенсионерлар учун бир қатор қулайликлар яратилди. Ишлаётган пенсионерлар иш ҳақини тўлиқ оладиган бўлди. Авваллари катта муаммога айланган масала – пенсияларни нақд пулда бериш йўлга қўйилди. Ҳужжатлар сони ва уни тўплашдаги оворагарчиликлар кескин камайди. Янгиликлар, қулайликлар кўп.

Аммо бу соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳам оз эмас. Уларни бартараф этишга кўмаклашиш – Ўзбекистон ХДП олдида турган муҳим вазифалардан бири.  

Муаммо нимада?


Биринчидан, пенсия тайинлашда унинг миқдорини белгилаш масаласи. Охирги ўн йиллик меҳнат стажи асосида пенсия тайинлаш тизимини қайта кўриб чиқиш бўйича аҳолининг ҳақли эътирозларига ҳалигача ечим топилгани йўқ.

Айниқса, ишлаётган ходимнинг пенсияга чиқишида пенсия миқдорини тайинлаш тартиби бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Хусусан, пенсия миқдорини ҳисоблашда охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) ойлик иш ҳақи олинади.

Бизнингча, бу адолатдан эмас. Ёшга доир пенсия миқдорини белгилашда фуқаро ишлаган давридаги исталган беш йилни ўзи танлаш имконига эга бўлиши керак.

Нима учун? Яхши даромад топиб, узоқ ишлаган киши ёши ўтгандан кейин кам даромадли ишга ўтказилиши ёки соғлиги туфайли кам ҳақ тўланадиган жойда ишлаши мумкин. Нега ёшга доир пенсияни тайинлашда унинг юқори ва ўртача даромад топган пайтини инобатга олмаслик керак? Ахир у инсон ўша пайтда ҳам давлатга белгиланган даромад солиғини тўлаган-ку. Инсон ёшлик даври ўтиб, кучдан қола бошлаган пайтида зўр даромад топа олмаслиги кундек равшан-ку.

Тўғри, раҳбарлик вазифасида ўтирганлар фаолият даврининг охирларида яхши ҳақ олиши мумкин, лекин ҳамма раҳбар бўлишининг иложи йўқ. Шунинг учун фуқароларнинг асосий қисми пенсияга чиқишига кам йиллар қолганида камроқ маош олишига тўғри келади. Пенсия тайинлашда одамнинг кучи ва имкониятлари чекланган давридан беш йилни олиш адолатсизлик, деб ҳисоблаймиз.

Пенсия тайинлашда фуқаро ишлаган даврнинг охирги ўн йилидан беш йилни эмас, у ишлаган даврининг исталган беш йилини олиш адолатли ёндашув бўлади.

Иккинчидан, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан кам пенсия олаётган фуқаролар манфаатлари ҳимоя қилиниши зарур. Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида (собиқ жамоа хўжалиги, давлат хўжалигида) ишлаб, пенсияга чиққан шахслар ўша даврда ишлаган бошқа соҳа вакилларига нисбатан камроқ пенсия олаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, қишлоқ хўжалиги соҳасида (собиқ жамоа, давлат ва ширкат хўжаликларида) меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган аксарият фуқароларга ишланган вақтнинг амалда давом этган давридан келиб чиқиб паст миқдорда пенсия тайинланган.

Шундан келиб чиқиб, минглаб юртдошларимизнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш мақсадида, 2005 йилга қадар собиқ жамоа ва ширкат хўжаликларида ишлаган фуқароларнинг ўша вақтда меъёр ҳисобланган меҳнат стажи тўлиқ йиллик стаж сифатида инобатга олиниши ҳақида ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш зарур.

Учинчидан, қонунчилигимизда тўлиқсиз ёшга доир пенсия белгилашда ҳам айрим муаммолар мавжуд. Ҳозир камида 7 йил иш стажига эга бўлган шахсларга тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 400 минг сўмни ташкил этмоқда. Аёнки, бу пенсионерларнинг энг зарур эҳтиёжларини қаноатлантириш учун етарли эмас.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш масаласи жуда долзарб. Шунингдек, аёлларга пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига боласи 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш таътилларида бўлиш вақти тўлиқ қўшиб ҳисобланиши ҳақидаги меъёрни қонунчилигимизга киритишимиз керак.

Тўртинчидан, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал чегараси, яъни пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори чегарасини ошириш мавзуси ҳам баҳсли масалалардан бири. Президентнинг тегишли Фармони билан 2021 йилнинг 1 июлидан пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори оширилди. Шунингдек, ижтимоий нафақалар учун қўшимча тўловлар жорий этилди. Инфляция ва коронавирус пандемияси даврида нархларнинг ошиб кетганини ҳисобга олсак, бу кўрсаткичлар пенсионернинг оғирини енгиллатмайди.

 

Ҳозир юртимизда 4 млн нафарга яқин пенсионер ва нафақа олувчилар мавжуд бўлиб, уларнинг аҳоли сонидаги улуши 11,5 фоизни ташкил қилади. Шундан 3 млн 493 минг нафари пенсия ва 422 минг нафари ижтимоий нафақа олувчилардир.

Бугунги кунга қадар «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига 5 маротаба ўзгартиш ва қўшимча киритилди, соҳага оид 10 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилган. 

 

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари.

ЎзА асосида

Прочитано: 1100 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика