Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 32 / Паспорт масалалари

Пойтахтда вақтинча рўйхатга олиш

 

Республиканинг кўпгина вилоятларида яшовчилар, чет эллик меҳмонлар ва мутахассислар пойтахтда иш бўйича ёки меҳмонга тез-тез келиб турадилар. Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида вақтинча рўйхатдан ўтиш шартми, бу қандай амалга оширилиши ҳақида «Norma» МЧЖ эксперти Санжар Хўжааҳмедов сўзлаб берди: 

 

– «Вақтинча прописка» тушунчаси бекор қилинган. Ҳозир ички ишлар органлари томонидан вақтинча рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 28.12.2019 йилдаги 1049-сон қарорига 1а-илова) мувофиқ ўтказилади.

Фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида яшаш жойи бўйича фуқаронинг доимий рўйхатини бекор қилмаган ҳолда, мулкдорнинг аризасида ёки солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномасида кўрсатилган, бироқ 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга вақтинча рўйхатга олинади. Доимий рўйхатга олинмаганлик вақтинча рўйхатга олишни рад этиш учун асос ҳисобланмайди (Низомнинг 36-б.).

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча рўйхатдан ўтиш учун фуқаро келган кунидан бошлаб 15 кун муддатда хоҳишига кўра, ўзига қулай манзилдаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига (МваФРБ) ёки давлат хизматлари марказларига мурожаат қилади. Бундан ташқари, фуқаро ЯИДХП орқали мустақил равишда ҳисобга туриши мумкин (Низомнинг 38-б.).

Вақтинча рўйхатдан ўтиш учун Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинган ҳолларда, турар жой эгаси номидан давлат хизматлари маркази ходими томонидан, ЯИДХП орқали мурожаат этган тақдирда эса, мустақил равишда сўровнома электрон шаклда тўлдирилади. Сўровнома қуйидаги ҳужжатларга асосан тўлдирилади:

• мулкдор ва доимий рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки ID-картаси;

• 16 ёшга тўлмаган шахслар учун – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

• Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг контракт бўйича ҳарбий хизматчисининг шахсий гувоҳномаси (казармалар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);

• ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари.

ЯИДХП орқали хизмат кўрсатилганда, ваколатли орган томонидан лозим бўлган маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олинади.

Солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда, мулкдорнинг розилиги талаб этилмайди ва сўровнома вақтинча рўйхатдан ўтувчи фуқаро томонидан тўлдирилиши мумкин (Низомнинг 39-б.).

Мулкдор номидан нотариал тасдиқланган ишончнома орқали ҳаракатланаётган шахслар фуқарони вақтинча рўйхатга олиш учун МваФРБга мурожаат қилади (Низомнинг 40-б.).

Зарур маълумотлар сўровномага киритилгандан сўнг аризачи уни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди. ЭРИ бўлмаган ҳолларда, шахсий имзо ёки идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин (Низомнинг 41-б.).

Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилиши (кадастр рақами, паспорт маълумотлари, нотариал тасдиқланган розилик хати), шунингдек, вақтинча рўйхатга олиш учун давлат божини тўламаслик вақтинча рўйхатга олишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Бошқа ҳар қандай ҳолат вақтинча рўйхатга олишни рад этишга асос бўлмайди (Низомнинг 42-б.).

Давлат хизматлари марказларида сўровнома тўлдирилгач, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига (кейинги ўринларда — ваколатли орган) электрон тизим орқали юборилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда эса сўровнома автоматик тарзда ваколатли органга юборилади (Низомнинг 43-б.).

Сўровнома ваколатли органнинг электрон тизимига ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига келиб тушган вақтдан бошлаб, онлайн тарзда кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри базасидан уй-жой ва фуқаро ҳақидаги маълумотлар текширилади. Давлат реестри базасидан уй-жой ва фуқаро ҳақидаги маълумотлар аниқланмаган ҳолларда, мазкур маълумотлар Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан бир кун ичида идоралараро маълумот алмашинув орқали тақдим этилади.

Текшириш натижаларига кўра, Низомга 10-иловага биноан Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида вақтинча рўйхатга олиш тўғрисида фуқаронинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатга QR-code билан ҳимояланган қайд варағи тегишли Давлат хизматлари марказига (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ариза берувчига (электрон шаклда мурожаат этган тақдирда) ЯИДХП орқали электрон шаклда юборилади (Низомнинг 44-б.).

Қўшимча текшириш талаб этилган тақдирда, ариза берувчи тегишли маълумотнома билан ЯИДХП орқали хабардор қилинади. Бунда қўшимча текшириш муддати 3 кундан ошмаслиги лозим (Низомнинг 45-б.).

Давлат хизматлари маркази вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи келиб тушгандан сўнг уни фуқаронинг электрон манзилига юборади ва бу ҳақда уни ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади. Фуқаронинг сўровига кўра, унга вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи қоғоз шаклда мурожаат қилинган Давлат хизматлари марказининг муҳри билан тасдиқланган ҳолда тақдим этилиши мумкин.

Давлат хизматлари марказлари ва ваколатли орган ўртасидаги ахборот алмашинуви ЭРИни мажбурий тартибда қўллаш орқали фақат ҳимояланган идоралараро электрон ўзаро боғланиш ёрдамида амалга оширилади (Низомнинг 46-б.).

Вақтинча рўйхатдан ўтиш учун МваФРБга мурожаат қилган фуқаролар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

• мулкдор ва доимий рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки ID-картаси;

• 16 ёшга тўлмаган шахслар учун - туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

• Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг контракт бўйича ҳарбий хизматчисининг шахсий гувоҳномаси (казармалар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун);

• ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари;

• мулкдорнинг турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса.

Солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда, мулкдорнинг турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) талаб этилмайди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига республиканинг бошқа ҳудудларидан мавсумий иш билан шуғулланишга (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқалар) келган фуқаролар учун мавсумий иш ҳақида шартнома ёки мавсумий иш берувчининг аризаси бўлса, ушбу банднинг олтинчи хатбошисидаги ҳужжатлар талаб этилмайди.

Мулкдор томонидан турар жой майдони бериш тўғрисидаги ариза (розилиги) билан бирга ҳисобга туриши лозим бўлган фуқароларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари тақдим қилинганда, ушбу фуқароларнинг шахсан ўзлари келиши талаб этилмайди (Низомнинг 47-б.).

Тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилгандан кейин МваФРБ инспектори тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, шу куннинг ўзида аризачига вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағини беради. Вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи фуқаронинг турган жойида вақтинча рўйхатга олинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади ва паспорт ёки ID-карта, ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома (16 ёшга тўлмаган шахслар учун) тақдим этилган тақдирда, унда кўрсатилган муддат мобайнида ҳақиқийдир. МваФРБ инспектори вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағини расмийлаштириб беришда фуқарога қайта вақтинча рўйхатга олиш тартибини ва ариза топшириш муддатини тушунтиради (Низомнинг 48-б.).

16 ёшга тўлмаган шахсни вақтинча рўйхатга олишни расмийлаштиришда унинг шахсини тасдиқлаганлик учун жавобгарлик ижарага олинган уй-жойда биргаликда яшайдиган вояга етган шахс зиммасига юкланади (Низомнинг 49-б.).

Рўйхатга олинаётган фуқаронинг паспорти ёки ID-картасига вақтинча рўйхатга олиш тўғрисида белги қўйилмайди (Низомнинг 50-б.).

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ҳисобга қўйилган фуқаро вақтинча рўйхатга олиш жойида яшаши керак (Низомнинг 51-б.).

Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган фуқаролар турар жойи (уй-жой майдони) бўйича вақтинча рўйхатга олинади. Бунда таълим муассасаси томонидан фуқаронинг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқдан кўчирма, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатдан нусха (16 ёшга тўлмаган шахслар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, 35х45 мм ўлчамли иккита фотосурат) ва таълим муассасаси томонидан турар жой билан таъминланганлиги тўғрисида маълумотнома ҳудудий МваФРБга тақдим этилади (Низомнинг 52-б.).

Фуқаро таълим муассасасининг турар жойидан бошқа турар жойда яшаш истагини билдирганда, фуқаро танлаган жойдаги МваФРБ томонидан вақтинча рўйхатга олинади (Низомнинг 53-б.).

Вақтинча рўйхатга олиш умумий асосда қайта расмийлаштирилади.

Ҳужжатларда нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги вақтинча рўйхатга олишни расмийлаштиришни рад этиш учун асос бўлади.

Фуқароларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинча рўйхатга олиниши рад этилган тақдирда, МваФРБ инспектори томонидан хулоса тузилади. Ушбу хулоса МваФРБ бошлиғи томонидан тасдиқланади, унда рад этишнинг аниқ асослари кўрсатилган бўлиши керак. Вақтинча рўйхатга олишни рад этилиши юзасидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин (Низомнинг 54-б.).

Вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи йўқолган ёки бузилган тақдирда, фуқаро тегишли МваФРБга ўз шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатни тақдим этган ҳолда, вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағи йўқолиши ёки бузилиши ҳолатларини кўрсатиб, вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағининг дубликатини расмийлаштириш ҳақидаги аризани тақдим этади. МваФРБ инспектори аризада кўрсатилган жойда ушбу фуқаронинг вақтинча рўйхатга олиниши тўғрисидаги маълумотлар мавжудлигини текширади. Улар тасдиқланган тақдирда, ариза берувчига шу куннинг ўзида вақтинча рўйхатга олиш тўғрисидаги қайд варағининг дубликатини расмийлаштиради. Қайд варағининг дубликати фуқаро томонидан ЯИДХП орқали электрон шаклда ҳам олиниши мумкин (Низомнинг 55-б.).

Вақтинча рўйхатга олиш таълим муассасаси раҳбарияти ва иш берувчининг билдиришномаси, мулкдор ёки фуқаронинг ташаббуси билан бекор қилинади. МваФРБ мулкдорнинг аризаси ёки таълим муассасасининг билдиришномаси асосида фуқаронинг вақтинча рўйхатга олинганлигини бекор қилади (Низомнинг 56, 57-б.).

Ўқиш Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан ташқарида жойлашган бошқа таълим муассасасига кўчирилган, фуқаро академик таътил олган ёки таълим муассасасидан ўқишдан четлатилган тақдирда, ушбу муассасалар раҳбарияти тегишли қарор қабул қилинган кунда бу ҳақда фуқаро турар жойи бўйича вақтинча рўйхатга олинган ҳудуддаги МваФРБни хабардор қилиши шарт.

Иш берувчи мавсумий ишчилар билан шартнома бекор қилинган кунда бу ҳақда фуқаро турар жойи бўйича ҳисобга қўйилган ҳудуддаги МваФРБни хабардор қилиши шарт (Низомнинг 58-б.).

ИИО таянч пунктининг профилактика инспекторлари ўзлари хизмат кўрсатадиган ҳудудда паспорт режими қоидаларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади (Низомнинг 59-б.).

Прочитано: 974 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика