Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 27 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Стратегик ташкилотларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва уларда қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Табиий газ етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланган стратегик ташкилотларга етказиб берилаётган табиий газ учун ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш ҳамда уларнинг молиявий аҳволини барқарор сақлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ўзкимёсаноат» АЖнинг табиий газ етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланган стратегик ташкилотларга «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан шартномадаги ҳажмлардан ортиқча етказиб берилган табиий газ қийматига 1,4 коэффицент билан оширилган тўлов ундирилиши тартибини бекор қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. «Ўзтрансгаз» АЖ ушбу қарор қабул қилингунига қадар «Иссиқлик электр станциялари» АЖ ва «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимидаги ташкилотларга шартномадаги ҳажмлардан ортиқча етказиб берилган табиий газ қийматини 1,4 коэффицент қўлланмаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқсин.

3. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган Табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 105-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"105. Истеъмолчи томонидан табиий газ етказиб бериш учун тузилган шартномада белгиланганидан кўп ҳажмда ва газ таъминоти ташкилоти билан олдиндан келишилмасдан газ олинган тақдирда, истеъмолчидан (ушбу қоидаларга иловада кўрсатилган табиий газ етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотлар бундан мустасно) шартномадаги ҳажмлардан ортиқча олинган табиий газ қийматига нисбатан 1,4 коэффициент билан оширилган тўлов ундирилади. Вужудга келган қарздорлик учун тўлов ўз вақтида амалга оширилмаган тақдирда:

ушбу қоидаларга иловада кўрсатилган табиий газ етказиб беришнинг алоҳида тартиби белгиланадиган стратегик ташкилотлар газ таъминоти ташкилотига тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун тўлов муддати ўтган сумманинг 0,1 фоизи миқдорида, лекин муддати ўтган суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда;

қолган истеъмолчилар газ таъминоти ташкилотига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда пеня тўлайди».

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – Геология, энергетика, саноат ва унинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи ва Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири А.С.Султанов заммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 1 июль

412-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.07.2021 йилдан кучга кирди.

Прочитано: 101 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика